Саудия Арабистонида қатллар сони икки карра ортдими?

Claim by Emily Thornberry, shadow UK foreign secretary: "The rate of executions has doubled in the last six months in Saudi Arabia."

Иддао: Сўнгги олти ой ичида Саудия Арабистонидаги қатллар сони икки мартага ортган.

Би-Би-Си Ҳақиқат Текшируви: Юқоридаги иддаони тилга олган Британия Мухолифат ташқи ишлар вазири Эмили Торнберрининг идораси Би-Би-Сига, аслида, сўнгги саккиз ойдаги ҳолат назарда тутилганини маълум қилди. Саудия Арабистони мамлакатда амалга оширилаётган қатллар борасида расмий рақамларни ошкор қилмайди. Шундай бўлсада, обрўли инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Торнберри хонимнинг сўзлари ҳақиқатга яқин.

Британия Мухолифат ташқи ишлар вазири Эмили Торнберри ўтган ҳафта Саудия ворис шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон уч кунлик ташрифи давомида Буюк Британия ҳукумати томонидан «ортиқча иззат ила» кутиб олинганлиги борасида ўз норозилигини билдирар экан, BBC Radio 4 билан суҳбатда юқоридаги сўзларни тилга олди.

Шундан сўнг Би-Би-Си Ҳақиқат Текшируви (BBC Reality Check) Торнберри хонимнинг офиси билан боғланиб, у тилга олган фактнинг манбасини билишга уриниб кўрди. Сўровга жавобан Торнберри хоним «олти ой ичида,» деб бироз адашганлиги, аслида 2017 йил июль ойидан буён ўтган 8 ойлик ҳолатни назарда тутганлиги айтилди.

Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўтган йилнинг июнь ойида тахт вориси, деб эълон қилинган эди.

Қатллар сони

Саудия ҳукумати ўзи амалга оширадиган қатллар сони ҳақида расмий рақамларни эълон қилмайди, лекин мамлакат матбуоти қатллар ҳақида тез-тез хабарлар тарқатади.

Торнберри хоним тилга олган рақамлар манбаси «Reprieve» номли инсон ҳуқуқлари ташкилотидир. Ташкилот келтирган мазкур рақамлар Саудия Арабистони матбуоти томонидан тарқатилган очиқ маълумотларга асосланган. Би-Би-Си Ҳақиқат Текшируви ташкилотнинг манбасини ўрганиб кўрди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

«Reprieve»га кўра, Саудия Арабистонида 2017 йил июль ойи ва 2018 йил февраль ойи оралиғида 133 қатл амалга оширилган. Бу рақам 2016 йил октябр ойи ва 2017 йил май ойи орасида ўтган саккиз ой ичида амалга оширилган 67 қатлдан деярли икки баробарга кўпдир.

Мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ўтган йили июнь ойига тўғри келгани сабабли ташкилот 2017 йил июнида амалга оширилган қатллар борасида бирор маълумот топмаган.

«Reprieve» келтирган рақамлар мустақил равишда Саудия матбуотини таҳлил қилган Human Rights Watch ташкилоти рақамларига деярли мутаносибдир.

Human Rights Watch 2017 йил июли ва 2018 йил февраль ойи оралиғидаги қатллар сони 138 та, ундан олдинги саккиз ойлик муддат ичида амалга оширилганлари эса 68 та, демоқда.

Халқаро қиёслов

Дунё бўйлаб амалга ошириладиган қатллар борасидаги рақамлар шаффоф эмас - улар ҳақида, асосан, «Reprieve» ва Amnesty International аби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига таянилади. Ҳар икки ташкилотнинг мазкур масаланинг 2016 йилги ҳолати ҳақида келтирган рақамлари деярли бир хил.

Рақамларга қараганда, Саудия Арабистони қатллар сони бўйича дунёда, Хитой ва Эрондан кейин, учинчи ўринда туради.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Хитой қатллар сони бўйича дунёда пешқадам, дейди. Бироқ бу масала борасидаги рақамлар Хитой ҳукумати томонидан давлат сири сифатида муҳофазаланади. Ташкилотларнинг ишонишича, Хитой матбуотида эълон қилинадиган қатллар ҳақидаги хабарлар асл вазиятни тўлиқ акс эттирмайди ва бу борадаги очиқ рақамлар «денгиздан томчи»дир.

Image caption Дунё бўйлаб қатллар сони, 2016 йил

Эрон бўйича ҳам ҳар икки ташкилот келтирадиган рақамлар деярли ўхшаш: «Reprieve» ўтган йили Эрон ҳукумати 534 нафар маҳбусни қатл қилган, деса, Amnesty International бу рақам 567 га тенг, дейди. «Reprieve»нинг қўшимча қилишича, асл рақам ҳукумат амалга оширадиган махфий қатллар ҳисобига бундан зиёд бўлиши мумкин.

Яқинда эълон қилинган баёнотида «Reprieve»нинг таъкидлашича, қатллар сони кўпайгани шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг тахт вориси этиб тайинланиши ортидан қиролликда бошланган ислоҳотларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Райс университети қошидаги Бейкер Ижтимоий Сиёсат институтидан доктор Кристиан Котес Улриксен Би-Би-Си билан суҳбатда Саудиядаги қатллар сони 2015 йилдан кескин ошиб кетганини маълум қилди.

«Менинг кузатишимча, мазкур ҳолат Саудия расмийлари қирол Абдуллоҳ бошқаруви даврида ҳукм қилинган, лекин амалга оширилмаган қатлларни ҳозирга келиб амалга оширишга қарор қилганликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин,» дейди.

«Охирги саккиз ой ичида қатллар сони нега бунчалик ортиб кетганлигини ягона сабаб билан изоҳлаб бериш мушкул,» қўшимча қилади доктор Улриксен.

Human Rights Watch'да фаолият юритувчи тадқиқотчилардан бири Саудия ҳукумати барча фаолиятини ношаффоф тутишга ҳаракат қилгани туфайли мазкур масала борасида «калаванинг учини топиш қийин».

Саудия Арабистонининг доимий инсон ҳуқуқларини поймол қилишда айбланиши туфайли, ворис шаҳзоданинг ўтган ҳафта мамлакатга ташрифи давомида, мухолифат раҳбари Жереми Корбин бош вазир Тереза Мейга босим ўтказишга уриниб кўрди.

Мей хоним эса шаҳзода билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари масаласини ўртага қўйишини маълум қилди.

Би-Би-Си Ҳақиқат Текшируви мазкур масала бўйича Саудия Арабистонининг Лондондаги элчихонасига изоҳ сўраб мурожаат қилди, лекин мақола нашрга тайёрланаётган пайтгача ҳеч қандай жавоб олинмади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар