Британия Россиянинг 23 дипломатини чиқариб юбормоқда

Британия Россия ҳарбий жосуслик хизмати (ГРУ)нинг собиқ зобити Сергей Скрипалнинг заҳарланишига жавобан 23 нафар рус дипломатини Британиядан чиқариб юборади.

Бу ҳақда Бош вазир Тереза Мэй британ парламентидаги чиқишида эълон қилди.

Унинг айтишича, ушбу қарор Москва Лондоннинг 24 соат давомида ҳодиса юзасидан расмий изоҳ бериш талабига жавоб бермагани ортидан қабул қилинган.

Британия ҳукумати қандай қилиб Россияда ишлаб чиқарилган заҳарли модда Британияга келиб қолди, деган саволга жавоб беришни талаб қилганди.

Мэйнинг сўзларига кўра, Москва Лондоннинг талабига истеҳзо ва нафрат билан жавоб берган.

"Скрипаль ва қизига суиқасд ортида Россия давлати турибди, дегандан бошқа хулоса йўқ", - деб айтган британ бош вазири.

Мэйнинг аниқлик киритишича, Россия дипломатларига нарсаларини йиғиштириш учун бир ҳафта муҳлат берилмоқда.

Британия бу дипломатларни жосуслик хизмати ходимлари деб ҳисоблайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Лавров Лондонни жаҳон жамоатчилигини чалғитишга уринишда айблаган.

Бу икки давлат ўртасида охирги 30 йилдаги энг йирик дипломатик можародир.

Британия шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирининг Лондонга сафарини бекор қилган ва британ ҳукумати ҳамда Қироллик оиласи аъзолари Россияда ёзда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига бормаслигини эълон қилган.

Бундан ташқари, Лондон россияликларга тегишли хусусий самолётлар устидан назорат ва божхона назоратини кучайтиради.

Айни пайтда Мэй Россия билан алоқаларни буткул узиш Британия манфаатларига тўғри келмаслигини айтган.

"Бизнинг Россия халқи билан келишмовчилигимиз йўқ. Президент Путиннинг бундай йўлни танлаши жуда ачинарли", - деб айтган Мэй.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чоршанба куни эрталаб Москва Лондонга жавоб беришга тайёрлигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MOSCOW DISTRICT MILITARY COURT/TASS
Image caption Сергей Скрипаль ва қизи Юлия ўтган якшанба Солисбури шаҳарчасидаги ўриндиқда ҳушсиз ҳолда топилган.

Унинг сўзларига кўра, Москва расмий сўров келиб тушганидан кейин 10 кун ичида жавоб қайтаради.

Айни пайтда Лавровга кўра, аниқ фактларни тақдим этмасдан туриб, "Лондон жаҳон жамоатчилигини қўпол равишда чалғитишга очиқча урингани учун жавоб бериши керак бўлади".

Душанба куни Тереза Мэй россиялик жосус Сергей Скрипаль ва қизи Россияда ишлаб чиқарилган марказий нерв системасини фалаж қилувчи модда билан заҳарланганликларини маълум қилган эди.

Унга кўра, "Новичок" исмли заҳарли модда кимёвий қуролларнинг янги авлодига мансуб.

"Новичок" совет даврида Ўзбекистон ғарбидаги кимёвий қуроллар лабораториясида ишлаб чиқарилган.

Орол денгизининг жануби-ғарбидаги "Возрождения" оролида жойлашган махфий лаборатория 1990-йиллар охирида АҚШлик экспертлар кўмагида зарарсизлантирилган.

АҚШ Конгресси айни мақсад учун 6 миллион доллар маблағ ажратган.

Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган россиялик Сергей Скрипал ўтган якшанба Солисбури шаҳарчасидаги савдо маркази ўриндиғида 33 ёшли қизи Юлия Скрипаль билан биргаликда ҳушсиз ҳолда топилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар