Президент Путин Кемеровога борди

Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи Alexei Druzhinin/TASS

Россия Президенти Владимир Путин 60 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган ёнғин рўй берган Кемерово шаҳрига борган.

Россия расмийларига кўра, 25 март кунидаги ёнғин қурбонларининг аксари болалар бўлганлар.

Россиядаги савдо марказида чиққан ёнғинда қурбонлар сони ортмоқда

Ёнғин "Қишки олча" деб номланган савдо-кўнгилочар маркази биносида рўй берган.

Фалокатдан бир ярим кун ўтиб Кемеровога борган Президент Путин бино олдидаги хотира бурчагига атиргул қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Айкин Данил/ТАСС

Бу ерга одамлар гуллар, юмшоқ ўйинчоқлар, ёнғинда ҳалок бўлган инсонларнинг фотосуратларини қўймоқдалар.

Сўнг Президент Путин ёниб кетган бино атрофини кўздан кечирган.

Сўнг Россия раҳбари Кемерово ўлкаси раҳбарлари ва терговчилар иштирокида мажлис ўтказган.

Ёнғин сабабини Президент Путин жиноий совуққонлик деб атаган.

"Бизда нималар бўлаяпти? Ахир бу ерда жанговор ҳаракатлар бўлаётгани йўқ, шахтада метан гази портламаган бўлса. Одамлар, болалар ҳордиқ чиқаришга келишганди. Биз демография ҳақида гапирамиз ва шунча одамни йўқотмоқдамиз, нима туфайли? Жиноий масъулиятсизлик туфайли, пала-партишлик туфайли", деб айтган Россия раҳбари.

Айни пайтда Кемерово шаҳар ҳокимлиги биноси олдида ғазабланган инсонлар рухсат берилмаган митинг ташкил қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Айкин Данил/ТАСС
Image caption Одамлар ёнғин рўй берган жойга гуллар, шамлар, иконалар ва болалар ўйинчоқлари олиб келиб қўйганлар

Одамлар расман эълон қилинган 64 қурбон ҳақидаги хабарга ишонмасликларини айтганлар, ёнғинда ҳалок бўлганлар ҳақида ҳақиқатни ошкор этишни талаб қилганлар.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 64 инсоннинг исм-шарифини эълон қилган.

Уларнинг 41 нафари бола бўлган.

Ғазабнок митингчилар олдига Кемерово шаҳри мэри Илья Сердюк чиққан.

Ҳоким митинг иштирокчиларидан бир текширув гуруҳини ташкил қилишни, морг ва ёниб кетган савдо маркази биносини кўздан кечириш таклифини илгари сурган.

"Агар расмий рақамларга ишонмаётган бўлсангиз, келинг бир гуруҳ тузамиз ва моргга борамиз. Агар бинонинг ичини бориб кўрмоқчи бўлсангиз, келинг гуруҳ тузамиз", деб айтган Кемерово шаҳри мэри Илья Сердюк.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Биз моргни бориб кўрдик, рўйхатда ҳалок бўлганларнинг сони 64 та. Биз жасадларни кўрдик, у ерда 20 га яқин катта одам, қолганлари болаларники. Жасадларни яширишгани йўқ - биз ҳар бир хонани, ертўла, том ва гаражларни кўриб чиқдик. Айрим жасадлар қутига солинган", деб айтган шаҳар ҳокимлиги биноси олдида тўпланган одамлар қаршисида гапирган ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири.

Айрим хабарларга кўра, ташаббус гуруҳи аъзолари билан Россия Президенти Владимир Путин учрашган, у социал тармоқлардаги гапларга ишонмасликка чақирган.

Россия Тергов қўмитаси ёнғин юзасидан жиноий иш қўзғаган.

У эҳтиётсизлик, ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ва талаб қилинган меъёрга жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш бандлари бўйича деб номланади.

Ушбу иш юзасидан беш киши ҳибсга олинган.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ