Исроил журналист орқали Ёсир Арофатни йўқ қилмоқчи бўлганми?

Image caption Ури Авнери Арофат билан учрашган илк исроиллик эди

Ливан пойтахти Бейрутда - ёзнинг айни саратонида машиналарнинг узун карвони устига тиканли симлар тортилган бетон деворлар остидан илондек ўрмалаб ўтар эди.

1982 йилдаги Исроил-Ливан уруши вақтида эълон қилинган бир кунлик оташкесимдан фойдаланиб қолишга уринаётган одамлар шаҳарни ғарб ва шарққа ажратиб турган блокпостларни кесиб ўтишга интилар эди.

Улар орасида Ури Авнери исмли кумушсоч журнал муҳаррири ҳам бор эди. Авнерига Бейрут музейи ёнида жойлашган Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ)нинг блокпостига бориш тайинланган эди.

'Шарқий Қуддус Фаластин пойтахти бўлиши керак'

Нуқтаи назар: "Мусулмонлар Қуддус атрофида бирлашган, аммо..."

Жаноб Авнери бир неча соатдан сўнг ФОТ етакчиси Ёсир Арофат билан расман учрашган биринчи исроилликка айланиш арафасида эди.

У ватанининг очиқ душмани билан учрашиш учун босган йўлини «бироз хавфли эди» деб таърифлайди. Блокпостда жаноб Авнерини зирхланган Мерседес машинасига ўтқазиб, чалғитиш учун илон изи йўллар қилиб, Бейрут жанубидан ФОТ қароргоҳи томонидан элтадилар.

«Биз, албатта, тинчлик ҳақида суҳбатлашдик. Фаластин ва Исроил ўртасидаги тинчлик ҳақида,» дейди у.

Бироқ бу учрашув тафсилотлари жаноб Авнерининг журналида эълон қилинган мақола билан якунланмайди.

Орадан 30 йил ўтиб, унинг янги тафсилотлари юзага чиқади - Исроил тезкор ҳужумчи гуруҳ раҳбарларидан бири асл мақсад Авнери орқали ФОТ раҳбари қароргоҳини топиб, уни йўқ қилиш бўлганини иддао қилади.

Махсус жанговар бўлинма

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исроил Ливанга 1982 йил бостириб кирган эди

Исроиллик жоурналист Ронен Бергман яқинда чоп этилган китобида Исроил томонидан ФОТ етакчисига нисбатан уюштирилган суиқасдлар тафсилоти ҳақида ёзади.

Жаноб Бергман ушбу ҳаракатларда иштирок этган ёки бевосита алоқаси бор юзлаб инсонлар билан суҳбатда бўлган. Китобда кўтарилган мавзуларнинг катта қисми Исроилда махфийлик тамғаси остида сақланади. Жаноб Бергманнинг айтишича, китоб учун материал йиғаётган пайтлари ҳарбий раҳбарлардан бири уни «хоинона жосуслик»да айблаган экан.

Бейрут 1982 йилда Исроил кучлари томонидан қамалга олингандан сўнг, жаноб Бергманнинг ёзишича, «Salt Fish» (Тузланган Балиқ) номли махсус қуролли гуруҳ Ёсир Арофатни йўқ қилиш учун кўрсатма олади.

Бергманга ушбу маълумотни берган шахснинг иддаосига кўра, Ури Авнери ва унинг икки ҳамкасби ўзлари бехабар ҳолда махсус гуруҳни ФОТ раҳнамоси томон етаклаши лозим эди.

«Salt Fish гуруҳи ичида баҳс пайдо бўлади: Исроил фуқаролари ҳаётини хавф остига қўйиш тўғри қарорми? Эҳтимол, ҳужум пайтида уларни ҳам йўқ қилишга мажбур бўлармиз? Ва улар шундай қилишга қарор қилдилар,» деб ёзади жаноб Бергман.

Бироқ Salt Fish Бейрут хиёбонларидан бирида журналистлар кетаётган машинани кўздан йўқотиб қўяди.

Чексиз ғазаб

Image caption Ури Авнери

Ури Авнери ўз мақоласида «ҳар бир сўзни чоп этгани» сабабли учрашув тафсилотларини ҳамон яхши эслаши ҳақида айтади.

Унинг ёши ҳозир 94 да ва мен билан Тел-Авивдаги уйида суҳбатлашди. Уй деворлари Ёсир Арофат, Бил Клинтон ва ўлдирилган Исроил Бош вазири Йитжак Рабин суратлари билан тўлдирилган.

Унинг Арофат билан учрашуви 1982 йилда кўплаб исроилликларнинг чексиз ғазабига сабаб бўлади ва ҳукумат бу иш юзасидан текширув бошлайди.

«Бош прокурор мен томонимдан ҳеч қандай қонун бузилмагани ҳақида хулоса чиқарди, чунки у пайтлар ФОТ билан учрашувга қарши бирор қонун йўқ эди.»

Лекин Арофат билан учрашув ҳақиқатан унинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин эдими?

«Мен бу иддаога шубҳа билан қарайман,» дейди у. Унинг изоҳлашича, Ёсир Арофат билан учрашув режаси атиги бир кун ичида ҳал бўлган ва бу вақт ичида учрашув ҳақида хабар топиш ҳамда суиқасдга тайёргарлик кўриш анчайин мушкул эди.

«Аммо… агар улар ҳақиқатан тезкор ва махсус гуруҳ бўлса, телефон суҳбатимни эшитиб, шу заҳоти ортимдан кузатишлари ҳам мумкин эди. Ҳа, бунинг имкони бор эди.»

'Урушнинг кўзи кўр'

Salt Fish гуруҳи раҳбари Узи Даян исмли шахс эди. Кейинроқ у Исроил қуролли кучларининг вице-командирига айланади.

Узи Даян мен билан суҳбатда ўзининг гуруҳи 8-10 марта Ёсир Арофат жонига қасд қилишга уринганлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Мен ундан бу суиқасдлар давомида оддий фуқаролар ҳам ҳалок бўлганми, деб сўрайман: «Билишимча, йўқ,» жавоб беради у.

Бироқ бироз ўтиб у гапини давом эттиради: «Бегуноҳ одамлар ҳақида гаплашадиган бўлсак - Ёсир Арофат атрофидагилар бегуноҳ эдими? Йўқ. Унинг зобитларидан бирининг рафиқаси бегуноҳми? Бўлиши мумкин. Лекин ўша аёл ўзи билан аскарликка кўчадан бола олиб келиб, эрига топширсачи?»

«Хуллас, агар биз ҳаракат қилаётган жойда оддий одамлар бўлса, биз уларга тегинмас эдик. Аммо урушнинг кўзи кўр - сен отган ўқдан ҳеч ким зарар кўрмайди, деёлмайсан.»

'Аҳмоқона ғоя'

Даҳшатли Бейрут қамали даврида Мудофаа вазири Ариел Шарон бошқа вазирлар томонидан сиқувга олинади.

Генерал-маёр Даян ФОТ қўлида ваҳшийларча ўлдирилган исроилликлар, Ливандаги лагерьлардан Исроил томон уюштирилган ҳужумларга гувоҳ бўлганини айтиб, ўзи амалга оширган топшириқлардан заррача афсусланмаслигини маълум қилади.

Бироқ у Ронен Бергман китобида тасвирланган жанговар амалиёт ортида ўз гуруҳи турганини кескин инкор қилади.

«Исроил зобити ёки Исроил Мудофаа вазири ёда Исроил Бош вазири Арофат билан бир пайтда Исроил фуқароларини ҳам йўқ қилишга кўрсатма бериши - бу ғирт аҳмоқона ғоя,» дейди у.

«Бундай топшириқ ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман,» қўшимча қилади у.

Ури Даян ўз жумлаларида «суиқасд» сўзини ишлатмасликка уринади. Унинг ягона мақсади «Арофатнинг тирик қолмаслиги»ни таъминлаш бўлгани ҳақида қайта-қайта такрорлайди.

Орадан йиллар ўтиб, Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик музокаралари бошлангандан сўнг Ури Даян ва Ёсир Арофат кўп марта учрашадилар.

Генерал Даян Арофатга унинг жонига қасд қилиш учун бир неча марта урингани тўғрисида ҳеч қачон оғиз очмагани ҳақида сўзлайди. «Лекин, менимча, у ҳамма нарсадан хабардор эди,» қўшимча қилади у.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар