Россия Афғон Толибонини қуроллантирмоқдами?
- Довуд Азамий
- Би-би-си

Сурат манбаси, AFP/Getty images
АҚШнинг Афғонистондаги қуролли кучлари раҳбари генерал Жон Николсон
АҚШ Россияни Толибонни дастаклаш орқали Афғонистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айбламоқда. Мана бир неча ойдан бери юқори мартабали АҚШ расмийлари Москва Толибон жангариларини қурол билан таъминламоқда, деб иддао қилиб келади.
Тарихан бир-бирга душман ҳисобланмиш Россия ва Толибон бу айбловларни рад этади. АҚШнинг айни иддаолари, баъзи кузатувчилар тили билан айтганда, «Янги Совуқ Уруш» авж олган бир пайтда янграмоқда. Шундай экан, бу гапларда қанчалик жон бор?
АҚШ қандай иддаоларни илгари сурмоқда?
Март ойининг сўнггида АҚШнинг Афғонистондаги қуролли кучлари раҳбари генерал Жон Николсон Россия Тожикистон чегараси орқали Толибонга қурол етказиб бермоқда, деган эди.
Генерал Николсон Россияни «Толибон ҳаракатларини оқлаш ва унга нисбатан кўмакни маълум даражада таъминлаш мақсадида» Афғонистондаги Исломий Давлат жангарилари сонини ошириб, ваҳима кўтаришда айблаб чиқди.
«Афғон ҳукумати етакчилари бизнинг қароргоҳимизга қурол намуналари олиб келишди. Уларнинг айтишича, бу қуроллар руслар томонидан Толибонга берилган экан,» дейди генерал.
Баъзи афғон полицияси ходимлари ва ҳарбий зобитлари Би-Би-Си билан суҳбатда Россия томонидан Толибонга етказиб берилаётган кўмак, асосан, тунда кўришга мўлжалланган асбоблар, ўрта ва йирик калибрли пулемётлар ҳамда кичик қўл қуролларидан иборат эканлигини маълум қилди.
Ким бу даъволарни тасдиқламоқда?
АҚШ расмийлари қарийб бир йилдан ошиқ вақтдан буён расмий Москвани Толибонни дастаклашда айблаб келади. 2016 йил декабрь ойида генерал Николсон Россия ва Эроннинг Толибон билан алоқалар ўрнатгани ва гуруҳни «қонунийлаштириш»га уринаётганлигини танқид қилган эди.
Шундан буён, асосан, ҳарбийлардан бўлган юқори рутбали АҚШ расмийлари Россия ва Толибон алоқаси борасида ўхшаш иддаолар билан чиқдилар.
Бироқ бир қанча АҚШ ва НАТО расмийлари бундай даъво қилишдан олдин масалага эҳтиёткорлик билан ёндашишни маъқул кўришмоқда.
2017 йил АҚШ Сенатида ташкилланган тинглов давомида Мудофаа бўйича Разведка Агентлиги директори генерал лейтенант Винсент Р Стюард «Мен Толибонга қурол ёки пул етказилганининг аниқ далилини кўрмаганман,» деган эди.
АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Маттис 2017 йил октябр ойида Вакиллар Палатасининг Қуролли кучлар бўйича қўмитасига берган ҳисоботида Россия томонидан Толибонга етказилаётган ёрдамнинг аниқ даражаси ҳақида кўпроқ далилни қўлга киритиш истагида эканлигини маълум қилган эди. Шунингдек, у шу пайтгача бу борада кўрган далиллар «ҳеч қандай маъно англатмаслиги»ни ҳам қўшимча қилганди.
НАТО Бош котиби Женс Столтенберг ҳам 2017 йил июль ойида «бирор шаклдаги кўмакнинг берилаётганини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далил кўрмадик,» деган эди.
Ўз навбатида Тожикистон расмийлари ҳам генерал Николсоннинг даъвосини «асоссиз» деб атаган эди.
Бу ҳақда афғон расмийлари нима дейди?
Сурат манбаси, EPA
Ашраф Ғани - Афғонистон президенти
Афғон расмийларининг бу мавзу борасида берган баёнотлари бир-бирига зид.
Баъзи вилоят расмийлари расмий Москванинг Толибонга кўмак бераётганлигини тасдиқлайди. Бироқ 2017 йил май ойида Афғонистон Бош ижрочи қўмондонининг сўзчиси буни исботлаш учун далиллар йўқлигини маълум қилган эди.
Ўтган йилнинг октябрида эса президент Ашраф Ғани жамоатчилик олдида Толибонни рус қуролларини олишда айблаб чиқди.
Шундай бўлсада, шундан сўнг ўтган бир неча ой ичида мамлакат Мудофаа вазири бундай гапларни «миш-миш» деб атаб, «биз ҳеч қандай далил кўрмадик,» дея маълум қилди.
Россия ва Толибон нима дейди?
Албатта, Москва ва Толибон АҚШ даъволарини рад этади. Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги бу иддаоларни «асоссиз» ва «бекорчи ғийбат» деб атайди.
Толибон вакилларидан бири гуруҳ «ҳеч қандай мамлакатдан ёрдам олмаслиги»ни маълум қилган эди.
Расмий Москва эса АҚШ ва НАТО Афғонистондаги ўз «муваффақиятсизликлари» учун Россияни айблашга уринади, дейди.
Ўз навбатида Россия расмийлари ва баъзи сиёсатчилари АҚШ ҳамда НАТОни Афғонистондаги Исломий Давлатни дастаклашда айблаб чиқадилар. АҚШ ҳам бу айбловларни кескин рад этади.
Россия ва Толибон ўзаро алоқаларини тан оладими?
Россия Толибонни моддий кўмак билан дастаклашини рад этсада, гуруҳ билан «алоқалар»и мавжудлигини тан олади.
Толибондаги баъзи манбаларга кўра, гуруҳ ва Россия ўртасида алоқалар ўрнатилганига ўн йилдан ошган.
Бироқ 2015 йил январь ойида Афғонистонда Исломий Давлатнинг «Хуросон» фирқаси ташкил топгандан сўнг бу алоқалар янада мустаҳкамланган.
Сурат манбаси, AFP/Getty images
Шўро аскарлари
Толибондаги манбалар тасдиқлашича, гуруҳнинг вакиллари рус расмийлари билан Россия ва «бошқа» давлатларда бир неча бор учрашган.
Алоқалар яхшилангандан кейин баъзи Толибон етакчилари Россиядан гуруҳнинг Афғон Урушидаги ҳолатини кескин ўзгартириб юборадиган қуроллар олишни истаганлар. Толибон вакиллари хоҳлаган қуроллар замонавий бўлиб, АҚШнинг ҳаводаги устунлигига рахна солувчи ҳаводан мудофаа қуроллари ва ракеталаридан иборат бўлган. 1980 йиллар давомида афғон мужоҳидларига АҚШ томонидан берилган ер-ҳаво типидаги Стингер ракеталари Совет-Афғон уруши тақдирини ҳал қилишда катта роль ўйнаган эди.
Бироқ бу, асосан, икки сабаб туфайли Толибон учун орзуга айланиб қолмоқда: биринчидан, агар Толибон бундай қуролларни қабул қилса, уларнинг келиб чиқишини аниқлаш қийин бўлмайди ва Россия айнан шу омил сабабли бундай қуролларни гуруҳга тақдим қилиши мушкул; иккинчидан, АҚШ-Россия муносабатлари учинчи томон орқали бир-бирига очиқ қурол кўтарадиган даражада ёмон эмас.
Толибонга Россия билан алоқалардан қандай наф бор?
Толибон учун бирор минтақавий қудратли давлатдан маънавий ва сиёсий кўмак олиш Афғонистоннинг исталган қора бозорида сотиб олиш мумкин бўлган енгил қуролларданда муҳимроқ.
Толибоннинг дипломатик амбициялари, шунингдек, Хитой ва Эрон билан ҳам алоқалар ўрнатишни ўз ичига олади.
Бундай алоқаларнинг ривожланиши Толибоннинг Афғонистондаги мавжудияти ҳамда АҚШ кучларига қарши курашини «қонунийлигини исботлаш»га ёрдам беради.
Россия ва Эроннинг Толибонни дастаклашда айбланиши гуруҳни оталиққа олган ягона давлат Покистондир, деган иддаони йўққа чиқаради.
Душманликдан душман-дўстга айланиш?
Афғон Толибонига нисбатан муносабатини юмшатиш Россия томонидан амалга оширилган кескин ва кутилмаган қадамдир.
Ҳозирги Толибоннинг деярли барча етакчи аъзолари 1980 йилларда Афғонистонда Совет Иттифоқига қарши курашган Мужоҳиддин Ҳаракати таркибида бўлганлар. Советлар Афғонистондан чиқиб кетишга мажбур бўлгандан сўнг Россия Толибонга қарши гуруҳларни молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллай бошлаган.
Бироқ 2001 йилда АҚШнинг Толибонга қарши уруш очиши ортидан гуруҳ Россия билан ҳамкорлик қилишнинг афзалликларини кўра бошлади.
Ҳозирда Россия Толибонни хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоламайди. Бунинг ўрнига расмий Москва гуруҳни Афғонистонда эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган куч сифатида кўра бошлади.
2017 йил март ойида президент Путиннинг Афғонистондаги махсус элчиси Замир Кабулов Толибоннинг мамлакатдан хорижий қуролли кучларнинг чиқиб кетиши борасидаги талаби «асосли» эканлигини айтиб, АҚШ ва НАТО кучларининг узоқ вақт мамлакатда қолишини танқид қилган эди.
Алоқалардан Россия қандай манфаат кўради?
Россия ва Толибон ўртасида алоқалар ўрнатилишининг уч асосий сабаби бор.
Биринчидан, рус расмийлари Толибон билан алоқалар Афғонистон, айниқса, Толибон назорати остида бўлган ҳудудлардаги Россия Федерацияси фуқаролари ва сиёсий қароргоҳлари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур, дейди.
2013 ва 2016 йилларда содир бўлган икки турли ҳодисаларда камида икки нафар Россия фуқароси Афғон Толибони томондан қўлга олинган эди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Россияга қарашли тикучарлар Толибон назорати остидаги ҳудудларга қулаб тушган эди. Икки фуқаро узоқ давом этган музокаралардан сўнг озод этилади.
Иккинчидан, Афғонистонда Исломий Давлатнинг пайдо бўлишини расмий Москва Марказий Осиё ва Россиядаги барқарорликка таҳдид сифатида кўра бошлади.
Толибон эса Афғонистонда Исломий Давлатга қарши курашиб келади. Бундан ташқари гуруҳ ўз ҳаракатлари кўлами Афғонистон ҳудудларидан четга чиқмаслигини бот-бот такрорлайди. 2015 йил декабрь ойида Замир Кабулов Исломий давлатга қарши «Толибоннинг ҳаракатлари бу борадаги бизнинг мақсадлар билан тўла мувофиқ,» деган эди.
Сурат манбаси, EPA
Толиблар худкуш ҳужумчиликни тўхтатишгани йўқ
Россия Исломий Давлатнинг Афғонистондаги кўлами ҳаддан зиёд ортиб кетса, ўз остонаси бўлган Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Суриядаги каби интервенция уюштириши ҳақида ҳам маълум қилган эди.
Бироқ АҚШ расмийлари Москва Афғонистондаги Исломий Давлат мавжудиятидан ўзининг мамлакатга аралашувини кучайтириш ва Марказий Осиёга нисбатан ҳарбий таъсирини қайта ошириш йўлида фойдаланмоқда, дейди.
Учинчидан, Россия расмийлари Афғон муаммоси ҳарбий эмас, балки сиёсий йўл ҳал қилиниши лозим, деган фикрда. АҚШнинг Афғонистондаги 16 йиллик ҳарбий мавжудияти мамлакатдаги барқарорликни тиклай олмагани Россиянинг бу борадаги асосий иддаосига айланган.
Расмий Москва Толибон билан алоқалари гуруҳни тинчлик музокараларига ундаш учун зарур, деб ҳисоблайди.
Россия-Толибон муносабатларининг Афғон муаммосига таъсири қандай?
Путин Россияси Афғонистон келажагига оид ҳар қандай музокарада ўзининг таъсирли куч бўлишини истайди.
Айни истак АҚШ-Россия муносабатлари ўта совуқлашган ва геосиёсий вазият тезкорлик билан ўзгараётган бир даврга тўғри келмоқда.
Москванинг Афғонистондаги вазиятга аралашувини Украина ва Сурия каби дунёнинг бошқа қисмларида давом этаётган АҚШ-Россия зиддиятининг давоми сифати кўриш мумкин.
Толибон билан алоқалар орқали Москва Афғонистондаги АҚШ ва НАТО мақсадларини йўққа чиқариш ҳамда уларнинг кучларига босим ўтказишни кўзлаётган бўлиши мумкин.
Айни вақтда Вашингтон ва Исломобод муносабатларига тушган дарз катталашар экан, Россия узоқ вақтлик зиддиятдан сўнг Покистон билан дипломатик ва ҳарбий алоқаларини қайтадан тикламоқда.
Москва Афғон можаросида қайтадан пайдо бўлиш орқали, асосан, Америка ғазабини келтиришга уринаётгандек туйилади.
Ҳар икки давлатнинг бир-бирига йўналтираётган айбловлари Совуқ Урушдаги ҳолатни ёдга солади. Улар ўртасидаги зиддият эса Афғонистондаги вазиятни янада ёмонлаштиришдан бошқа натижа бермаётир.
Шу сабабдан ҳозирда Афғонистон яна бир бор минтақавий ва халқаро кучлар ўртасидаги жанг майдонига айланиб қолиб, «Янги Буюк Ўйин» шаклланаётгани борасидаги хавотирлар урчимоқда. Узоқ йиллар давом этаётган Афғон муаммоси ечими эса янада узоқлашиб кетмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek