Шаҳзода Филип: Қиролича Елизавета II нинг таянчи ва кучи

Duke of Edinburgh

Сурат манбаси, Terry O'Neill

Эдинбург Герцоги Шаҳзода Филип кенг омма ҳурматини қозонган. Бунга у Қиролича рафиқасини доим ҳамма масалада қўллаб-қувватлаб келгани эвазига эришганди.

Бу ҳаддан зиёд мушкул роль. Айниқса, ҳарбий денгиз флоти қўмондони бўлган ва ҳаётдаги жуда кўп масалаларда ўзининг қатъий қараши бўлган инсон учун.

Ўз масъулиятидан ўз ихтиёри билан воз кечиш ва рафиқаси Қиролича ролини кўнгилдагидек ижро этиши учун тўлақонли қўллаб-қувватлов бериш ҳам характер кучидан далолат беради.

Аёл қироличага эркак ҳамроҳ сифатида Шаҳзода Филипнинг конституциявий мавқеси йўқ эди. Бироқ бутун бошли монархияда ёки ундан ҳам муҳимроқ саналган масалаларда ҳеч ким унингчалик монархга яқин бўлмаган.

Шаҳзода Филип 1921 йил 10 июнида Корфу оролида туғилди. Унинг гувоҳномасига 1921 йил 28 майи деб ёзилган. Чунки ўшанда Греция Григориан календарни қабул қилмаган эди.

Унинг отаси Греция Шаҳзодаси Эндрю Греция Қироли Жорж Iнинг кенжа ўғли эди. Онаси Баттенберг Маликаси Алиса эса Баттенберг Шаҳзодаси Луиснинг тўнғич қизи эди.

1922 йили Грециядаги инқилобий маҳкама Шаҳзода Эндрюни мамлакатдан бадарға қилади.

Aмакиваччаси Қирол Жорж V Британия ҳарбий кемасини юборди. Бутун оила Францияга олиб кетилди. Ҳарбий кемада чақалоқ Филипни мандарин қутисининг ичига ётқизиб қўйишади.

Сурат манбаси, Royal Collection

Сурат тагсўзи,

Онаси Малика Алиса Қиролича Викториянинг эвараси эди.

У оиладаги кенжа фарзанд, ягона ўғил эди. Болалиги суюкли оилавий муҳитда ўтади.

Шаҳзода илк таълимни Францияда олишни бошлади. Бироқ у 7 ёшга тўлганида оила Англиядаги қариндошлари Маунтбаттенлар ёнига кўчиб ўтишга қарор қилди. Филип Саррейдаги бошланғич мактабга қатнай бошлайди.

Бу пайтда онасига шизофрения ташхиси қўйилган ва уни бошқа яқинларидан ажратиб туришга қарор қилинган. Шаҳзода онасини камдан-кам кўрган.

1933 йили у Германия жанубидаги Schule Schloss Salem мактабига қатнай бошлайди. Бу мактабни маориф соҳасига янгича ёндошган Курт Хан очган эди. Курт Хан яҳудий бўлгани учун нацистлар таъқибига учрайди ва мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Номи ҳарбий рапортларда тилга олинган

Хан Шотландияга кўчиб ўтди ва Gordonstoun мактабига асос солди. Германиядаги мактабда атиги икки чорак ўқиган шаҳзода Филипни ҳам Шотландияга кўчириб ўтказишга қарор қилинади.

Gordonstoun мактабида қаттиқ Спарта тартиби жорий этилган, ўсмир ўғил болалар ота-оналаридан ажратиб қўйилганди. Ҳар ким ўз кучига ишонишга ўргатилар, бу муҳитда ёш шаҳзода ўзини жуда яхши ҳис қиларди.

Яқин орада уруш бошланиши аниқлашиб қолган, шу сабабдан ҳам Шаҳзода Филип ўз ҳаётини ҳарбий хизматга бағишлашга қарор қилади. У Қироллик Ҳарбий Ҳаво кучларига қўшилишни истади, аммо онасининг оиласида денгизчилик анъанаси аввалдан ҳам мавжуд бўлганини инобатга олиб, Дартмутдаги Британния Қироллик Ҳарбий-Денгиз коллежи кадети бўлади.

Орада коллежга Қирол Жорж VI ва Малика Елизавета оиласи билан ташриф буюрадиган бўлиб қолади.

Шаҳзода Филипга маликалар Елизавета ва Маргаретга ҳамроҳлик қилиш вазифаси топширилади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Шаҳзода Филип меҳмонларини коллеж билан таништириш ишини қойилмақом қилиб уддалаган. Ҳаммасидан ҳам муҳими, ушбу учрашув 13 яшар малика Елизаветада катта таассурот қолдирган.

Филип ҳарбий хизмат пиллапояларидан маҳорат билан кўтарила олиш қобилиятини намойиш этади, 1940 йил январида ўз синфида энг яхши кўрсаткичларни кўрсатиб, биринчи марта Ҳинд океанида ҳақиқий жангни ўз кўзи билан кўрган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Филип(ўтирган)га Gordonstoun мактабидаги машғулотлар ёқар, бу машғулотлардан бири драма эди

Филипни Ўрта Ер денгизи флотидаги HMS Valiant ҳарбий кемасига ўтказишади. Унинг фаолияти 1941 йилдаги Матапан бўғозидаги жангларда юқори баҳоланади, номи ҳарбий рапортларда тилга олинади.

У кемадаги прожекторлар учун масъул офицер бўлиб, тунги амалиётларда ўта муҳим роль ўйнаган.

"Мен яна бир кемани қоронғуда топиб олдим ва шу заҳоти унга прожектор тутдим. Замбараклар отилиши билан у кўздан ғойиб бўлди", - деб эслаганди Шаҳзода Филип.

1942 йил октябрида у Қироллик Ҳарбий-Денгиз флотининг қирувчи HMS Wallace кемасида хизмат қилаётган энг ёш лейтенантлардан бири эди.

Унаштириш

Илк бор кўришганларидан то шу кунгача у ва ёш Малика Елизавета бир-бирларига мактуб ёзиб туришар, бир неча марта Қироллик Оиласи ташкил этган тадбирларга қатнашишга таклиф этилган эди.

Ана шундай учрашувлардан бири 1943 йил Исо Мавлуди муносабати билан ташкил этилди, шундан кейин Елизаветанинг столида ҳарбий денгизчи кийимидаги Шаҳзода Филипнинг фотосурати пайдо бўлади.

Уруш тугаганидан кейин ҳам икки ёш ўртасидаги муносабатлар қалинлашиб боради. Аммо бунга қаршилар ҳам учрайди. Малика яқинларидан бири Шаҳзода Филипни "қўпол ва тарбия кўрмаган" деб ҳам таърифлайди.

Лекин малика шаҳзодани жуда-жуда севиб қолган ва 1946 йил ёзида маҳбуби Қиролдан қизининг қўлини сўрайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ҳарбий денгиз офицери сифатида Шаҳзода Филипнинг хизматлари кўзга кўринган

Аммо икки ёшни унаштиришдан олдин шаҳзодага янги мамлакат фуқаролиги ва оилавий фамилия берилиши талаб қилинарди. У Греция фуқаролигидан воз кечиб, Британия фуқароси бўлди. Онасининг инглизчалаштирилган Маунтбаттен фамилиясини олади.

Тўй маросимидан бир кун олдин Қирол Жорж VI Филипга Ҳазрати Қироллик Олийлари унвонини берди ва тўй куни у Эдинбург Герцоги, Мерионет Хюми ва Гринвич Барони деб эълон қилинади.

Тўй 1947 йил 20 ноябрида Вестминстер Аббатлигида бўлди. Уинстон Черчилл таърифи билан айтганда, бу тўй "урушдан кейинги кулранг Британияда ранглар камалаги" бўлади.

Тўхатилган карьера

Герцог ўзининг ҳарбий денгиз фаолиятига қайтади ва Малтага ҳарбий хизматга юборилади.

Ёш оиланинг тўнғичи Шаҳзода Чарлз 1948 йили Букингэм саройида туғилади. Малика Анна эса 1950 йил дунёга келади.

1950 йил 2 сентябрида Шаҳзода Филип ҳар бир денгиз офицерининг орзуси бўлган орзусига етишади - у HMS Magpie кемаси қўмондони этиб тайинланади.

Бироқ унинг ҳарбий офицерлик карьераси тугатилиш арафасида эди. Қирол Жорж VIнинг ёмонлашиб бораётган саломатлиги унинг қизи ва куёви зиммасига тобора кўпроқ қироллик мажбуриятларини юклар эди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

Шаҳзода Филипнинг Малика Елизавета билан тўйи "урушдан кейинги кулранг Британияда ранглар камалаги" деб таърифланди

1951 йил июлида Филип Ҳарбий-Денгиз флотидан таътилга чиқади. Шу билан ҳеч қачон актив ролга қайтмайди.

Герцог пушаймонини сир сақлайдиган киши эмас эди, фақат умрининг охиридаги суҳбатларидан бирида ўзининг ҳарбий денгиз флотидаги карьерасини давом эттиролмаганидан афсусланишини билдирган эди.

1952 йили Қирол ва Маликанинг Ҳамдўстлик мамлакатлари бўйлаб сафари режалаштирилган эди, уларнинг ўрнига Малика Елизавета Эдинбург Герцоги билан йўлга чиқишади.

Модернизациялаш ғоялари

Икки ёш Кенияда бўлиб турган февраль кунларидан бирида Қирол оламдан ўтгани ҳақидаги машъум хабар келади. Унинг ўлимига коронар тромбоз - юрагида қон қуйқаси йиғилиб қолгани сабаб бўлган эди. Бу нохуш хабарни Қироличага айланган рафиқасига етказиш вазифаси шаҳзода зиммасига юклатилади.

Кейинроқ дўсти, Шаҳзода Филипнинг кўриниши устига "дунёнинг ярми қулаб тушган" инсонга ўхшарди, дея эслайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Тож кийиш маросимида Филип биринчи бўлиб Қироличага содиқликка қасамёд қилди

Ҳарбий денгиз флотидаги карьерасидан воз кечган Шаҳзоданинг ўзи учун янги ролни яратиши лозим эди. Елизаветанинг тахтга ўтириш онлари тобора яқинлашиб келар экан, бу роль қандай роль бўлиши керак, деган саволга жавоб топиши қийин эди.

Тож кийин маросими яқинлашар экан, Қироллик урфлари ижроси учун масъул Шаҳзода Филипнинг ҳамма нарсаларда Қироличадан кейинги ўринда туришини, бироқ конституциявий мавқеси бўлмаслиги ҳақида эълон қилади.

Герцогнинг монархияни қандай қилиб модернизациялаш ва унга янги куч бағишлаш борасида роса кўп ғоялари бор эди. Бироқ бу ғоялар кўп сонли сарой эски муҳофизларининг мухолифлигига дуч келиб ҳаётга тадбиқ этилмай қолиб кетади.

Аччиқ зарба

Герцог ўз ғайратини фаол ижтимоий ҳаётга йўналтирди. У ва дўстларидан иборат эркаклар гуруҳи ҳар ҳафтада бир марта Лондон марказидаги Сохо мавзесидаги ресторанлардан бирининг устидаги хонада учрашишни одат қиладилар. Бундай учрашувларда узоқ байрамона зиёфатлар уюштирилар, сўнг тунги клубларга ташриф буюриларди. Шаҳзода Филипнинг кўпинча жозибали даврадошлари билан тушган фотосуратлари эълон қилиниб қоларди.

Герцогга ҳукмронлик тизгини берилган соҳалардан бири оила эди. Бироқ у ўз фарзандлари унинг фамилиясида бўлишлари йўлида курашди ва бу курашни ютқизади.

Сурат тагсўзи,

Шаҳзода Филип Қиролича турмуш ўртоғи ҳаётига мослашиб борди

Характер кучи

Қироличанинг бундан кейин оила Виндзорлар номини олади деган қарори шаҳзода учун аччиқ зарба бўлади. Чунки у болалари ўзининг Маунтбаттен фамилиясини олишларини хоҳлаганди.

"Бу мамлакатда мен ўз фамилиясини фарзандига бериши тақиқланган ягона эркакман. Мен қон амёбадан бошқа нарса эмасман", дея дўстларига шикоят қилганди Шаҳзода Филип. У ота сифатида қўпол, ҳиссиз кўриниши мумкин эди.

Шаҳзода Чарлз биографи Жонатан Димблебининг ёзишича, болалигида отаси Чарлзга кўпчилик олдида танбеҳ беравериб, кўзига ёш келтирган пайтлар бўлган, ота билан тўнғич ўғил ўртасидаги муносабатлар текис бўлган, дейиш қийин эди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Герцогнинг Шаҳзода Чарлз Gordonstoun мактабига бориши лозим деб туриб олиши ота ва ўғил ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлган

Филип ўғлининг тортинчоқ характеридан келиб чиқиб, Шаҳзода Чарлз ҳам ўзи болалигида борган Gordonstoun мактабига бориши керак, деб туриб олади. Унинг фикрича, бу мактабдаги қаттиққўл тартиб ўғлига ижобий таъсир кўрсатиши лозим эди. Бунинг оқибатида ёш шаҳзода уйини кўп соғинадиган ва атрофдагиларнинг масхара ва мазахларига нишон бўлган болага айланади. Герцогнинг бу ишлари унинг ўзининг характери оғирлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки унинг ўзи ҳам болалигида баъзан ёлғиз қолган пайтлар бўлган эди. У болалигидан ўзига ишониши лозимлигини англаб етган, характери кучли эканини нега бошқалар тушунишни истамасликлари уни ҳайрон қолдирарди. Шаҳзода Филипни ўйлантирган масалалардан бири ёшларнинг саломатлиги эди. Шунинг учун ҳам у 1956 йили Эдинбург Герцоги мукофотини таъсис этади. Бу мукофотга қизиқиш ҳаддан зиёд кучли бўлади ва катта муваффақиятларга эришилади. Йиллар давомида 6 миллион атрофида ёши 15 дан 25 гача бўлган танаси соғлом, баъзан эса ногирон инсонлар Эдинбург Герцоги мукофоти мусобақаларида қатнашадилар. Табиат қўйнида жисмоний, руҳий ва ҳиссий мушкулликларга дуч келинадиган бу машғулотлар ёшлар ўртасида жамоа бўлиб иш кўриш, топқир бўлиш ва табиатга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ўргатади.

"Агар сиз ёшларга ҳар қандай фаолиятда муваффақиятга эришишларига имконият яратиб берсангиз, бу муваффақият сенсацияси яна кўплаб бошқа соҳаларга ҳам тарқалиб кетади", - деганди Шаҳзода Филип Би-би-сига.

Бутун умри давомида герцог ҳар бир кунини аниқ режалаш, кундалик жадвали бўйича ўтказишга интилиб яшайди. Бу жадвалда у ўзи учун тайин этган вазифалар, хусусан, ҳар кунги югуриш ҳам бор эди.

'Ахлоқий туйғу'

Герцог ёввойи табиатнинг ашаддий ҳимоячиси эди. Шунга қарамасдан, 1961 йили Ҳиндистонга саёҳати мобайнида йўлбарсни отишга қарор қилгани норозиликларга сабаб бўлганди. Йўлбарс ўлжа сифатида кўз-кўз қилиниб тургани акс этган фотосуратнинг эълон этилгани эса одамларни янада кўпроқ ғазаблантиради.

У ўзининг таъсири ва ғайратини Ёввойи табиат дунёсини асраш жамғармасига йўналтирди. Кейинроқ бу ташкилот Табиат учун Жаҳон жамғармасига айлантирилди ва Эдинбург Герцоги бу жамғарманинг биринчи президенти этиб сайлангани табиий эди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

Эдинбург Герцоги ўз кучb ва ғайратини ёввойи табиатни асрашга йўналтирди

"Бизнинг сайёрамизда ҳаётнинг шунчалик кўп ҳайратланарли турлари мавжудлиги, улар ҳаммаси мустақил экани ажойиб. Мен ўйлайманки, биз одамларда ҳаёт ё ўлим, омон қолиш ёки қирилиб кетиш қудрати бор. Биз бунга ахлоқий туйғу билан ёндашмоғимиз лозим", - деган эди у Би-би-сига берган интервьюсида.

Герцогнинг булдуруқ қушларни отишни ҳимоя қилиб чиққани ёввойи табиат асровчиларини хафа қилган эди.

"Сиз уларнинг тирик қолиб кўпайишини хоҳласангиз, худди фермерга ўхшаб зотларини алмаштириб туришингиз лозим. Сиз уларнинг қирилиб кетишини хоҳламайсиз, сиз уларнинг ҳосилини йиғишни истайсиз", деганди у.

Дангал одам

Ҳаммасидан ҳам кўра Эдинбург Герцогининг дунё ўрмонларини асраб қолиш, океанлардаги балиқларнинг ҳаддан зиёд кўп овланишига қарши юритган фаолияти мақтовларга сазовор бўлади.

Шаҳзода Филип, шунингдек, саноат тараққиётига ҳам ҳисса қўшишни истар, тез-тез завод-фабрикаларга ташриф буюриб турарди. У Саноат жамияти ҳомийси этиб сайланди. Ҳозирги пайтда бу ташкилот Иш жамғармаси деб номланади.

У 1961 йили саноатчилар гуруҳи билан учрашув чоғи шаҳзодага хос тўғрисўзлик билан шундай деганди: "Жентльменлар, бармоқларимизни чиқариб оладиган вақт келди."

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

У Британия саноатини ривожлантиришга қизиқиш билдирган эди.

Шаҳзода Филипнинг дангаллиги баъзан сурбетлик сифатида талқин қилинар, баъзан унинг ўзини ноқулай вазиятларга солиб қўярди. У вазиятни нотўғри баҳолайдиган одам сифатида қабул қилинди, бунга айниқса, унинг хорижий сафарлари пайти айтган гаплари сабаб бўлади.

Унинг энг машҳур сўзларидан бири Қироличага ҳамроҳлик қилиб Хитойга борган вақтда айтилган эди. 1986 йилги сафар пайти ўзаро суҳбатлардан бирида "қисиқ кўзлар" деган иборани ишлатади.

Қиролича турмуш ўртоғининг оғзидан чиққан бу гапга сариқ матбуот "ёрилиб кетай деди", аммо Хитойнинг ўзида бу ибора одамларни хафа қилгани йўқ.

2002 йили Австралияга борган пайти у абориген бизнесменга "ҳали ҳам бир-бирларингга найза улоқтириб турасизларми?", деган саволни берган эди.

Тарангликлар

Бундай гап-сўзлари учун уни айримлар роса танқид қилишар, бошқалар эса буни ўзини доим "сиёсий тўғри" қилиб кўрсатишдан чарчаган инсоннинг ўзига хослиги деб тушунар эди.

Кўплар эса Шаҳзода Филипнинг бундай қочиримларини мулоқот муҳитини юмшатиш ва Қироллик оиласи аъзолари олдида одамлар тортинмаслиги учун айтилган ҳазил деб қабул қилар эди.

Шаҳзода Филип бутун умри давомида ўз ғайратини спортда намойиш этиб яшади. Уни қайиқда эшкак эшаётган, крикет ва поло ўйнаётган, от арава пойгасида қатнашаётган пайтларида кўришган, узоқ йиллар мобайнида Халқаро От спорти федерациясининг президенти бўлган эди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

У полони ҳам яхши кўрарди

Унинг билан тўнғич ўғли ўртасида таранглик мавжудлиги Шаҳзода Чарлзнинг биографи Жонатан Димблеби эълон қилган китобда бўй кўрсатади.

Китобда ёзилишича, Эдинбург Герцоги ўғли Чарлзни Лэди Диана Спенсерга уйланишга мажбурлаган.

Кўплаб танқидчилар билдирган фикрлардан фарқли ўлароқ, герцог фарзандлари ҳақида кўпроқ қайғурадиган ота эди. Айниқса, фарзандинг оиласи бузилаётганини кўриб туришни ҳамма ота ҳам енгил ҳазм қилолмайди.

У муаммоларни англаб етишда етакчиликни қўлга олди, буни унинг ўзининг Қироллик оиласи вакиласига уйланиш пайтида қандай қийинчиликларга дуч келгани хотиралари билан боғлаш ҳам мумкиндир.

Сафарлар

Шаҳзода Филип тўрт фарзандидан уч нафари - Малика Анна, Шаҳзода Эндрю ва Шаҳзода Чарлзнинг оилалари бузилганидан роса хафа бўлади.

Лекин у шахсий ҳаётга тааллуқли масалалар ҳақида гапиришдан доим бош тортиб келди. 1994 йили рўзнома билан суҳбатда у бу ҳақда шу пайтгача ҳам гапирмаганини, бундан кейин ҳам бошламоқчи эмаслигини айтганди.

Ёши ўтиб бораётгани унинг ҳаётида ўз изларини қолдирар эди. У жуда кўп сафар қилар, Қироличага ҳамроҳлик қилар, ва ҳам табиатни асраш мақсадидаги тадбирларда иштирок этар эди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

От арава ҳайдаш герцогнинг кўп сонли спорт қизиқишларидан бири эди

У 1994 йили Қуддуси Шарифга зиёратга борди. Шаҳзода Филипнинг онаси жасадини Қуддусдаги ибодатхонада дафн этишни васият қилган эди. Шаҳзода онасининг васиятини адо этди.

1995 йили Иккинчи Жаҳон Урушидаги ғалабанинг 50 йиллиги нишонланиши улкан ҳодисалардан бири бўлади.

Япония Иккинчи Жаҳон Урушида таслим бўлганини эълон қилган куни Шаҳзода Филип Японияга яқин Британия ҳарбий кемасида эди. У ғалабанинг 50 йиллиги куни ғалаба парадида қатнашган Узоқ Шарқ кампанияси ветеранлари сафида бўлади.

Илиқ оҳанглар

У ўзларига бўлган муносабатни унутолмаган ва кечиролмаган Япониянинг собиқ маҳбусларига ҳам ўз хайриҳоҳлигини изҳор этганди.

Унинг қўполликлари йиллар ўтиб бироз "текисланди", Малика Диана ўлимидан кейин Қироллик оиласига жамоатчиликнинг ёвқараши эса Эдинбург Герцоги Шаҳзода Филипнинг "юмшашига" ёрдам бермайди.

2007 йилда Шаҳзода Филип ўз келини Диана билан ёзишма мактублари эълон қилинди. Мақсад Шаҳзода Филип келини Дианага "душманона" қарашда бўлмаганини исботлаш эди.

Сурат манбаси, Rex Features

Сурат тагсўзи,

У Уэлс Маликаси Диана учун улкан қўллаб-қувватлов манбаи бўлган

Бу мактбулар Dear Pa (Азиз Дадаажон) деган ном билан машҳурлашади.

Шаҳзода Филипнинг мактублари Малика Дианага далда бергани унинг жавобларидан билиниб турарди.

Малика Диананинг ошиғи Доди Ал-Фаёднинг отаси Муҳаммад Ал-Фаёд ҳатто Шаҳзода Филипни ўз келини Дианани ўлдиришга буйруқ беришда айблаб, махсус тергов ўтказишни талаб қилади.

Аммо коронер бу даъволарни қатъий рад этади.

Шаҳзода Филип Британия жамияти марказида бўлган мустаҳкам иродали, мустақил шахс эди.

Иродали инсон

У табиатан раҳбарлик қобилиятига эга инсон эди, аммо Шаҳзода ўлароқ, доим иккинчи ўринда бўлади.

Анчайин жангарироқ табиатли бу инсон ўз мавқеъсининг қоидалари билан яшашда мушкул вазиятларга ҳам тушади.

"Мен доим ўзим яхши деб ишонганимча йўл тутдим", - деб айтганди у Би-би-си билан суҳбатда.

"Мен бирданига ҳамма нарсани ўзгартиролмайман, қизиқишларимни ўзгартиролмайман... Ҳолатлару нарсаларга муносабатимни ўзгартиролмайман. Бу менинг стилим".

Буни собиқ Бош вазир Девид Камерон ҳам эътироф этганди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

Қиролича уни "менинг таянчим ва кучим" деб таърифлаган

2011 йилда Шаҳзода Филипнинг 90 йиллигида нутқ сўзлар экан, "Шаҳзода доим такрор қилиб бўлмас, камтарона ва гап-сўздан кўра, амал яхшилигини билган инсондай йўл тутди. Бу эса британияликларни ўзига жалб этарди".

Жамоат ишларидан узоқлашиш

Герцог 2017 йилнинг август ойида жамоатчилик ҳаётидаги фаоллигини тўхтатади.

У бир неча ўн йиллардан давомида Қироличани қўллаб-қувватлади. Ўзи ва бошқа хайрия ташкилотлари ишида фаоллик кўрсатади.

Букингем саройига кўра, 1952 йилдан бери Шаҳзода Филип бир ўзи 22219 марта турфа тадбирларда, учрашувлар ва бошқа жамоат ишларида иштирок этган.

Собиқ бош вазир Тереза Мей унга "жамоатчиликка беқиёс хизматлари" учун ташаккур изҳор этади.

Филип ўз мавқеидан фойдаланиб Британия ҳаётига улкан хизмат қилади.

Британия монархиясни ўзгарувчан ижтимоий ҳаётга мослаш учун ҳисса қўшади.

Аммо унинг энг йирик хизмати Қироличани узоқ йиллар қўллаб-қувватлаб келганидир.

У ўзининг ишини "Қиролича қудратни бошқариши учун" ёрдамчиликка қиёслаганди.

Қиролича Филип билан никоҳ қурганига 50 йил тўлиши муносабати билан чиқишида "У ўзининг вазифаси "Қиролича тахтни бошқариши учун ишонч ҳосил қилиши" деб билган"ини айтганди.

"У мақтовларни кўпам хушламайдиган инсон, аммо ўтган йиллар давомида Филип менинг суянган тоғим, кучу қудратим эди. Бунинг учун мен, оиламиз, мамлакатимиз ва бошқа мамлакатлар унинг олдида қарздормиз. Бу қарздорлик жуда катта, у буни тасаввур ҳам қилолмайди, ҳеч қачон сўрамайди ва биз аслида бу қарздорлик кўламини ҳеч қачон ўлчай билмасак керак".

Сурат манбаси, PA

Барча фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофазаланган