Исроил ва Саудия Арабистони алоқалари илиқлашмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исроил ва Саудия Арабистон алоқалари илиқлашмоқдами?

Пардалар ортида қандай ўйинлар давом этаётган бўлмасин, Саудия Арабистони ва Исроил муносабатларини қоплаб олган музлар аста-секин эриётгани кўзга ташланмоқда. Бу ҳол, айниқса, тахт вориси бўлмиш шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг яқинда АҚШнинг The Atlantic нашрига берган интервьюсида яққол кўзга ташланади.

Исроил ва Саудия Арабистони кимга қарши дўстлашмоқда?

Қуддус: Туркия Трампни "ҳаддидан ошмасликка" чақирди

Шаҳзодадан «яҳудийлар ҳеч бўлмаганда ўз тарихий ватанида миллий давлат қуришга ҳақлими?» деган савол сўралганда, у: «Ҳар бир миллат тинч яшаш ҳуқуқига эга эканлигига ишонаман. Фаластинликлар ва исроилликлар ўз ерларига эга бўлиш ҳуқуқига эга эканликларига ишонаман,» деб жавоб қайтарди.

«Лекин,» дейди шаҳзода сўзини давом эттириб, «биз барқарорликни таъминлаш учун тинчлик шартномаси тузмоғимиз, алоқаларни яхшилашимиз зарур.»

Исроилнинг қадим яҳудий тарихи билан боғлиқ ҳудудга эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд эканлигининг араб раҳбарлар томонидан эътироф этилиши жуда камёб ҳолатдир. Шаҳзода бин Салмон эса ҳозирги кун Саудия қироллигининг амалдаги бошқарувчиси ва тахт вориси саналади.

Миср ва Иордания Исроил билан аллақачон тинчлик руҳидаги шартномага эга. Аксарият кузатувчилар 16 йил олдин Саудия Арабистони ҳомийлигида ташкил қилинган Араб Тинчлик Ташаббусини қироллик ташқи сиёсатидаги энг йирик бурилишлардан бири сифатида санаб келар эди. Мазкур ташаббус икки ўртада мавжуд турли ихтилофларни бартараф қилиш орқали Исроил билан тўла тинчлик шартномаси имзолаш, қочоқлар муаммосига адолатли ечим топиш ва Шарқий Қуддус ҳудудида Фаластин пойтахтини ташкил қилишни назарда тутар эди. Фақат бунинг учун 1967 йилги «Олти Кунлик Уруш»дан олдинги чегаралар ҳисобга олиниши лозим эди.

Бироқ Араб Тинчлик Ташаббуси бутун минтақа келажагини ўзгартириб юбора оладиган таъсирга эга бўлишига қарамай, сўнгги йигирма йилга яқин вақт давомида қоғозларда қолиб кетди.

Саудия тахт вориси суҳбат давомида яқинда Ғазо секторида содир бўлган хунрезликларни тилга олмаган. Ўз навбатида шаҳзоданинг отаси қирол Салмон АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали қилган мулоқотида Саудия Арабистонининг «Фаластин муаммоси ва фаластинликларнинг пойтахти Қуддус бўлган ўз мустақил давлатига эгалик қилиш ҳуқуқига нисбатан мустаҳкам муносабати»ни яна бир бор эслатиб ўтгани айтилади. Аммо қиролнинг бу таъкиди шаҳзода Муҳаммад интервью давомида билдириб ўтган фикрларни иккинчи даражага туширмайди ёки инкор қилмайди, Қолаверса, айни пайтда қиролликда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жилови шахсан шаҳзоданинг қўлида турибди.

Саудия-Исроил муносабатлари қай даражада мустаҳкам бўла олади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Янги Саудия?

Албатта, сўзлар эмас, асл вазият муҳим. Сўзлар эса асл вазиятнинг инъикоси, холос. Икки давлат ўртасидаги алоқалар бугун илиб қолгани йўқ. Президент Обаманинг Яқин Шарқдан четланиш стратегияси ортидан минтақада таъсир доирасини мустаҳкамлаб олишга уринган Эрон Исроил ва Саудия Арабистонини бирдек хавотирга солмай қўймаган. Иккала давлат ҳам Эроннинг ядровий дастур бўйича шартномаси - Ҳаракатларнинг қўшма англашинув режаси (Joint Comprehensive Plan of Action)га қарши чиққан. Бундан ташқари ҳар иккала давлат ҳам расмий Теҳроннинг нафақат Суриядаги, балки бутун минтақадаги ёйилиб бораётган таъсири қирқилишини истайди.

Исроил шу пайтга қадар расмий ал-Риёд билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини яширмаган. Саудия Арабистони эса бу масалада вазминликни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилган. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг сўзлари билан бир ўринда қироллик ҳукумати Ҳиндистоннинг Air India ҳаво компаниясига Исроилнинг Тел Авив шаҳрига қатнайдиган рейси давомида Саудия ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга рухсат берганлиги алоқалар яхшиланганининг бошқа бир белгиси сифатида гавдаланади.

Музлар эриётгани аниқ. Бироқ Саудия-Исроил муносабатлари қай даражада мустаҳкам бўла олади? Муносабатлар келажаги қандай қандай кўринишда бўлади?

Бу саволнинг жавобини тахт вориси ўтказаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг келгуси йўналишидан топиш мумкин. Шаҳзода қироллик шакл-шамойилига кескин ўзгартиришлар киритишда давом этмоқда. Унинг эришмоқчи бўлган мақсадлари чегарасиздек кўринади. Аммо унинг қилаётган ҳаракатлари ҳаммага бирдек ёқмайди - баъзилар шаҳзодани Яманда давом этаётган урушни оловлантиришда айблайди. Шаҳзода ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошириш учун эса минтақада тинчлик ҳукм суриши талаб қилинади. Исроил-Фаластин можароси каби узоқ вақтдан бери ечимини топмай келаётган муаммоларга барҳам бериш зарур бўлади.

Айни вақтда илиқлашаётган Саудия-Исроил муносабатлари шунчаки таъсири доираси ошиб бораётган Теҳронга қарши биргаликда туриш ёки беқарор президент Трамп ҳокимиятига таъсир ўтказиш меваси бўлиши мумкин. Бироқ, мободо, бу муносабатлар илдизи чуқур бўлса, у ҳолда унинг янада чуқурлашиб, томир отиши шаҳзода Муҳаммад ислоҳотлари натижаларига боғлиқ бўлади.

Шаҳзода мамлакат жиловини тўла қўлига ола оладими? У бутун минтақага таъсир ўтказа оладиган дипломатга айлана оладими? Ўз навбатида Исроил Бош вазири бу имкониятдан тўла фойдалана ололадими? Яқин Шарқ каби минтақа жараёнларига таъсир ўтказадиган омиллар шунчалик кўпки, Исроил-Саудия муносабатлари ҳақида гап кетганда бундай саволлар кишига тинчлик бермайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek