Шарқий Ғутадаги кимёвий ҳужум 70 кишининг умрига зомин бўлди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор

Сурияда фаолият юритувчи шифокор ва қутқарувчилар Шарқий Ғутадаги исёнкорлар қўлида қолган сўнгги шаҳар Думада 7 апрел куни кимёвий ҳужум уюштирилганини айтмоқда. Ҳужум қурбонлари сони камида 70 киши, минггга яқин одам жабрланган.

"Оқ каскалар" кўнгиллилар ташкилоти ертўладаги инсон жасадлари туширилган суратларни эълон қилди. Уларга кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин.

Ушбу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони йўқ. Сурия ҳукумати кимёвий ҳужум ҳақидаги хабарни уюштирилган деб атади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Сурия шимолида киёвий ҳужум

Бир вақтнинг ўзида АҚШ Давлат департаменти кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги хабарларни диққат билан кузатаётганини билдирди. Агар ушбу хабарлар тасдиқланса Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган Россия у билан биргаликда бўлган ҳодисага жавобгар бўлади.

Бироқ Россиянинг Суриядаги душман тарафларни яраштириш маркази раҳбари генерал-майор Юрий Евтушенко Сурия армияси томонидан Шарқий Ғутадаги исёнкорларга қарши кимёвий қурол қўлланилганини кескин рад этди.

"Бу хабарни қатъиян рад этамиз ва Дума шаҳрини жангарилардан озод қилганимиздан сўнг у ерга россиялик радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя мутахассисларини юборамиз. Улар ушбу баёнотнинг қалбакилаштирилганини тасдиқлашади", деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳодисадан бир кун олдин, 6 апрел куни Россия ҳукумати "Жабҳат ан-Нусра" назорати остидаги туманларда хлорли ҳужум тайёрлаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Ундан олдинроқ бу каби баёнотни Президент Владимир Путин ҳам берган эди.

Кимёвий ҳужум ҳақида нималар маълум?

Дума шаҳридаги кимёвий ҳужум ҳақида Сурияда фаолият бритаётган бир неча кузатувчи ва тиббий гуруҳлар малум қилди. Бироқ уларнинг барчаси қурбонлар ҳақида турли

рақамларни келтирмоқда. Натижада уларнинг ҳисоботларида ҳодиса ҳақида тўлиқ манзара ҳосил бўлмаяпти.

Суриялик исёнкорларни дастакловчи Ғута медиа марказия ҳужумдан сўнг 75 одам бўғилиб ўлганлигини ва мингга яқин одам зарар кўрганлигини айтди. Ташкилот ҳодиса сабаби қилиб тикучардан таркибида зарин моддаси бўлган бомбанинг ташланиши деб кўрсатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хон-Шайхундаги 2017 йил апрелда қилинган кимёвий ҳужумда қарийб 80 одам ўлган

АҚШда жойлашган ва Суриядаги шифохоналар билан ҳамкорлик қилувчи Тиббий ташкилотлар иттифоқи Би-би-си билан суҳбатда Дамашқ яқинида кимёвий ҳужум содир бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Ташкилот 70 кишининг қурбон бўлганлигинини тасдиқлади.

Уларнинг айтишича, ҳужум бўлган жойдаги ҳисоботларга таяниладиган бўлса, ҳалок бўлганлар сони янада кўп 180 киши бўлиши мумкин. Бироқ кўриш имконияти пастлиги ҳамда артелирия ҳужумлари остида жасадларга тунда етиб боришнинг имкони бўлмаган.

Жабр кўрганларнинг айримларида хлор ёки нервни фалажловчи газ билан етказилган зарарга ўхшаш аломатлар кузатилган.

Сурия давлат хабар агентлиги бўлмиш САНА кимёвий ҳужум билан боғлиқ хабарлар исёнкорлар томонидан ўйлаб чиқилганини айтди. Агентликка кўра, улар мағлубияти муқаррарлигини ҳис қилишмоқда ва ҳукумат қўшинларининг ҳаракатланишига халақит беришни кўзлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар