Берлиндан Дамашққа қадар: Вашингтон ва Москванинг энг хавфли зиддиятлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Сурия ҳукумат кучларига қарши зарба бериш ҳақида қарор қабул қилган ҳолатда Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга кириши эҳтимоли йўқ эмас, дея баёнот берди Оқ Уй вакиласи Сара Сандерс. «Биз ҳар қандай эҳтимолий вазиятларни ўрганиб чиқмоқдамиз,» деган Сандерс хоним брифинг давомида. Унинг айтишича, Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаш ҳақидаги якуний қарор ҳозирча қабул қилинмаган.

Чоршанба куни Россиянинг Ливандаги элчиси Александр Засипкин маҳаллий «Ал-Манар» телеканалига берган интервьюсида унинг мамлакати «АҚШ томонидан Сурияга нисбатан тажовуз бўлган тақдирда» ҳар қандай ракетани уриб тушириш ва улар отилаётган манбаларни йўқ қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлаган эди.

Трамп: Россия Суриядаги зарбаларга тайёрлансин

Трамп: АҚШ-Россия муносабатлари 'хатарнок даражада ёмон"

Доналд Трамп бунга жавобан ракеталар сўзсиз «учиб бориши»ни маълум қилди. Ҳар икки давлат ўртасида бир-бирига нисбатан бундай очиқ таҳдидлар алмашинуви Кариб Инқирозидан буён кузатилмаган эди.

Бироқ таҳлилчилар элчининг юқорида айтган сўзлари Россия ҳукумати нуқтайи-назарини англатмаслигини билдирмоқдалар. Бундан ташқари элчи Засипкиндан олинган иқтибослар инглиз тилига аниқ таржима қилинмагани ҳам айтилмоқда.

Аммо Засипкин сўзлари ҳукумат қараши билан мос келса, у ҳолда гап икки қудратли давлатнинг яқин орада ҳарбий жиҳатдан тўқнашиши ҳақида кетмоқда.

Засипкиндан олинган иқтибослар Ғарб матбуотида пайдо бўлгандан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Twitter саҳифасида «чиройли, янги ва 'ақлли' ракеталар» Сурия томон «барибир учиб бориши» ҳақида ёзди. Бироқ навбатдаги твитида ҳамкорлик ва қуролланиш пойгасини тўхтатишга чақирди.

Никита Хрушчев ҳам ўз вақтида капитализмни дафн қилишга ваъда берган, Роналд Рейган эса коммунизмни тарихдан ўчириб ташлаши ҳақида таъкидлаганди. Бироқ Вашингтон ва Москва 1962 йилдан буён бир-бирига нисбатан тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдидлар қилмаган эди.

Совет Иттифоқи ва АҚШ ўртасида амалга оширилган муваффақиятли ҳамкорликлар сони атиги иккитага тенг: Элбадаги учрашув ва 1975 йилдаги «Союз»-«Аполлон»нинг биргаликдаги парвози.

Икки ўртада юзага келган зиддиятларнинг эса саноғига етиш мушкул. Ҳар бир зиддият ўзининг қайнаш нуқтасига етганда эса, ҳайтовур, икки томон ортга чекиниш уддасидан чиқа олган.

Берлиннинг блокада қилиниши

Иккинчи Жаҳон Уруши давомидаги ҳамкорликдан сўнг СССР ва унинг собиқ иттифоқчилари ўртасидаги илк очиқ зиддият Ғарбий Берлиннинг блокада қилиниши бўлган эди. Ушбу блокада 1948 йил 24 июньда бошланиб, 324 кун давом этади. 20 июнь куни Москванинг розилигисиз оккупация қилинган ғарбий ҳудудлар ва Ғарбий Берлинда янги немис маркаларини муомалага киритилиши зиддиятнинг бошланишига туртки беради.

Оқибатда Берлин ва ғарбий ҳудудларни боғлаб турувчи барча темирйўл, автомагистраллар ва сув йўллари, шунингдек, электр таъминоти Совет Иттифоқи томонидан тўсиб қўйилади. Америкаликлар ва инглизлар қамалда қолган Берлин устидан 278,228 марта парвоз қилиб, шаҳар аҳолисига 2 млн 326 минг 406 тонна юкни етказиб беради.

СССР вазиятни янада мураккаблаштиришдан тийилади ва шаҳар аҳлига етказиб берилаётган юкларга тўсқинлик қилмайди.

Бундай парвозлар давомида 31 нафар америкалик, 39 инглиз ва 13 немис техник сабаблар туфайли ҳалок бўлади. Ушбу вақтнинг энг эсда қоларли жиҳати «ширин бомбалар» бўлиб қолади - иттифоқчилар немис болалари учун ширинликлар ва сақичлар солинган қутиларни парашют орқали ташлаб турадилар.

1949 йил 12 май куни ўз мақсадига эриша олмаган СССР блокадани тўхтатади.

Корея уруши

Кореядаги уруш (1950-1953 йиллар) давомида совет ва америкаликлар учувчилар бир-бирларини ўққа тутганлар, лекин СССР ушбу фактни 25 йил давомида тан олмай келган. Сталин учувчиларга душман ҳудудида уриб туширилмаслик ва асир тушмаслик мақсадида фронт чизиғини кесиб ўтмасликни буюради.

Шимолий Кореяда жойлашган қуруқликдаги нишонларга қарши ҳавога кўтарилган икки Америка ҳарбий самолёти тасодифан Владивостокдаги Сухая Речка номли совет аэродромини ўққа тутади. Натижада аэродромда турган саккиз совет қирувчи учоғи зарар кўради. АҚШ бу хато учун узр сўрайди ва амалиётга раҳбарлик қилган командирнинг унвони ҳамда лавозими пасайтирилади.

Расман эълон қилинмаган уч йиллик урушда 26 минг нафарга яқин совет ҳарбий хизматчилари иштирок этади. Уларнинг 229 нафари ҳалок бўлади.

Кейинроқ очилган архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Сталин Корея яриморолидаги бу урушни бошидан кераксиз, деб ҳисоблаган ва узоқ вақт давомида Ким Ир Сенни дастакламай келган. Фақатгина Пекин ва Пхеняннинг манфаатлари ўзига ёқмагани сабабли урушни тугатишни истамаган.

1953 йил 5 март куни Сталиннинг вафот этишидан кўп ўтмай КПСС Марказий Қўмитаси Кореядаги урушга қарши овоз берди ва шу йилнинг 27 июльида сулҳ имзоланди.

Учувчи Паурес можароси

1955 йили АҚШ Москвага «очиқ осмон тамойили»ни таклиф қилади. Бунга кўра, ҳар икки давлатнинг разведкачи самолётлари бир-бирининг ҳудуди устидан учиб ўтиши лозим эди ва бунинг ортидан ўзаро ишонч мустаҳкамланиши кўзда тутилганди. Москва бу таклифни рад этгандан сўнг америкаликлар ўз режасини бир томонлама амалга оширишга киришади.

1957 йил 9 апрел куни америкалик учувчи Боб Эриксон Семипалатинск полигони устидан парвозни амалга ошира туриб, бу ерда ҳаракатга келтиришга тайёр қилиб қўйилган ядро бомбасини суратга туширади.

1960 йил 1 май куни эса совет ҳарбийлари Свердловск устидан учиб ўтаётган Американинг U-2 разведкачи-самолётини уриб туширадилар. Парашют орқали ҳалокатдан омон қолган учувчи Гери Паурес эса асирга тушиб, жосуслик айби билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Кейинроқ Паурес совет резиденти Рудолф Абел эвазига айирбошланади.

Паурес учоғини тутиш учун учирилган советларнинг МиГ-19 қирувчиси ҳам ердан отилган ракеталар уриб туширилади ва учувчи Сергей Сафронов ҳалок бўлади. Бу ҳақида жамоатчилик орадан 30 йил ўтиб хабар топган эди.

Мазкур сиёсий зиддиятнинг оқибатида Америка президенти Дуайт Эйзенхауэрнинг Москвага ташрифи бекор қилинади. Ушбу ташриф май ойининг ўртасида амалга оширилиши лозим эди.

Берлин инқирози

1958 йилнинг ноябрь ойида Никита Хрушчев Ғарбий Берлиндан америкалик, инглиз ва француз жангчиларни олиб чиқилиши ва уни «демилитаризациялаштирилган эркин шаҳар» деб эълон қилинишини таклиф қилади. 1961 йил 7 апрелида эса унинг бу таклифи ултиматум даражасига чиқади.

Бунга жавобан АҚШ ГФРга қўшимча 40 минг ҳарбийни юборади, Ғарбий Берлинга эса яна бир ярим минг аскар жойлаштирилади. АҚШ президенти Жон Кеннеди ҳар қандай ҳолатда ҳам шаҳар ҳимоя қилиниши ҳақида баёнот беради.

1961 йил 13 августида Берлин ҳудудларидаги ҳаракат эркинлигини таъминлашни назарда тутадиган Подстам келишувига зид равишда ГДР ҳукумати бир кечанинг ўзида Берлин деворини тиклайди. 29 август куни эса Совет ҳукумати аскарларни захирага жўнатиш амалиётини тўхтатади.

Мазкур инқирознинг энг чўққиси 1961 йил 26-27 октябр кунлари Фридрихштрасседаги «Чарли» ўтиш постида бўлиб ўтади. Бу ерга 10 та Америка танки ва булдозерлар Ғарб томонидан қурилиши ноқонуний, деб топилган Берлин деворининг бир қисмини бузиб ташлаш учун келади. Америка танкларига қарши советлар ҳам ўз ҳарбий транспортларини ишга соладилар. Ҳар икки томон бир-бирининг тўғрисида эрталабга қадар туради ва, кейинроқ, ортга қайтарилади.

Воқеалар ривожининг бу даражада кескинлашишидан сўнг томонлар ўзларини тийишни бошлайдилар. Ўтказилган музокаралар натижасида Ғарбий Берлиннинг ўзига хос мақоми қайд этиб қўйилади ва унинг ҳар икки немис давлати таркибига киритишга уринмаслик ҳақида келишиб олинади.

Кариб Инқирози

1962 йил август-сентябр ойлари давомида СССР Кариб ҳавзасида жойлашган Кубага яширинча 164 дона ядро каллаги ва 42 минг аскардан иборат ҳарбий қисмни олиб киради.

14 октябр куни Американинг U-2 разведкачиси ушбу ракеталарни суратга олади.

18 октябр куни президент Кеннеди қабулида бўлган СССР Ташқи ишлар вазири Андрей Громико советларнинг Куба билан ҳарбий ҳамкорлиги «куба ҳарбийларини мудофаа қуролларидан фойдаланишга ўргатиш билан» чекланишини маълум қилади.

22 октябр куни эса Жон Кеннеди Кубага нисбатан денгиз карантини эълон қилади, яъни мазкур оролга бортида ҳеч қандай хавфли юк мавжуд бўлмаган кемаларгина ўтказила бошланади. Бу вақтда Атлантика океанида бортига ядро қуроли қисмлари ва бошқа ҳарбий юклар ортилган 30 та совет кемаси турар эди.

Москва ўз кемаларини тинтишларига йўл қўймаслигини маълум қилади. АҚШ томонидан ўрнатилган карантинни «қароқчилик»ка қиёслайди.

СССР қуролли кучлари ҳарбий тайёргарликка шай ҳолга келтирилгани ҳақида эълон қилинади.

Радио орқали машҳур сухандон Юрий Левитан томонидан ўқиб эшиттирилган анти-америка руҳидаги хабардан, ҳатто, оддий одамлар ҳам вазият нақадар жиддий эканлигини англайдилар.

25 октябр куни чақирилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида советлар вакили Кубада ҳеч қандай ракеталар йўқлигини маълум қилади. Бунга жавобан Америка вакили фотосуратларни кўрсатгандан сўнг залда мислсиз тўполон кўтарилади.

Айни шу куни томонлар икки ёқлама музокараларга киришадилар. Кеннеди ва Хрушчев бир-бирларига тинчликни мадҳ этувчи хатлар юбора бошлайди.

Бироқ 27 октябр куни кутилмаган фожиа юз беради - советларнинг зенит дивизияси командири раҳбарият буйруғисиз навбатдаги АҚШ U-2 қирувчисини уриб туширади. Ҳамма америкаликларнинг жавоб зарбасини кутар эди.

Шундай таҳликали бир пайтда совет раҳбарияти ҳеч ким кутмаган қадамни ташлайди: Хрушчевнинг Кеннедига сулҳ таклифи радио орқали ўқиб эшиттирилади.

Вьетнам

Вьетнам уруши чоғида советлар ва америкаликлар навбатдаги тўқнашувда юзлашадилар. Ушбу уруш давомида ҳар икки томон ёзилмаган қонунлар асосида истаганча иш кўради.

Мазкур зиддиятнинг энг қайноқ нуқтаси 1972 йил май ойида юзага келади. АҚШ президенти Ричард Никсоннинг Москвага ташрифи арафасида америкаликлар Ханой ва Хайфон нисбатан кенг кўламли ҳужумлар уюштирадилар.

Никита Хрушчев Паурес можаросидан сўнг Эйзенхауэрнинг Москвага ташрифини бекор қилган эди. Бироқ Леонид Брежнев айни вазиятда, баъзилар фикрича, вазминлик ва доноликни кўрсатган бўлса, бошқалар назарида қўрқоқликка қўл уради.

Ўша пайтда КПСС МҚ халқаро бўлими ходими бўлиб ишлаган Анатолий Черняев, ўлимидан олдин, Брежнев кабинетида турган пайти Министрлар Совети раиси Алексей Косигин қўнғироқ қилгани ҳақида эслаган эди: «Никсон қанчалик ҳаддидан ошганини қара! Ярамас! Қулоқ сол, Леонид, балки унинг ташрифини кейинга сурармиз? Ҳозир унга бомба керак!»

«Бомба-бомба. Бомба айланиб кимнинг бошига тушади?» норозилик билдиради Брежнев.

Шу тариқа Никсоннинг Москвага ташрифи амалга ошади ва бу зиддият ҳам ўз ечимини топади.

Афғонистон ва Олимпиада

Советларнинг Афғонистонга бостириб кириши ҳам икки ўртада навбатдаги зиддиятни келтириб чиқарди, лекин АҚШ ва СССР бу даврда бир-бирига қарши очиқ қурол ўқташ билан таҳдид қилмади.

Иқтисодий санкциялардан ташқари Ғарб томонидан Москвада ўтказилаётган Олимпиада-80 нинг бойкот қилиниши ушбу зиддиятли даврнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлиб қолди. Халқаро эътибор олиб келадиган олимпиадани ўтказиш учун СССР узоқ ва жиддий тайёргарлик кўрган эди.

АҚШ президенти Жимми Картер томонидан ўртага ташланган бойкот акциясига 64 давлат қўшилди.

Европа давлатларидан фақат Юнонистон, Австрия, Малта, Финляндия ва Швеция Олимпиадада расман қатнашди. 15 давлат, жумладан, инглизлар Халқаро Олимпия Қўмитаси байроғи остида мусобақаларда иштирок этдилар.

1982 йилда Министрлар Совети раисининг биринчи ўринбосари Ҳайдар Алиев Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Хуан Антонио Самаранчга «биз ҳеч қачон Картер каби пасткашликка бормаймиз,» дея маълум қилади. Шунга қарамасдан, 1984 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпиада очилишига икки ярим ой қолганда Политбюро совет спортчилари Америкага бормаслиги ҳақида қарор қабул қилади.

Жанубий Корея «Боинг»и

1983 йил 31 август куни Совет ҳарбий ҳаво кучларига қарашли қирувчи самолёт Сахалин туманида мамлакат ҳаво чегарасини бузиб кирган Жанубий Корея фуқаро лайнерини уриб туширади. Бортда жойлашган 269 йўловчи ва экипаж аъзоларининг барчаси, жумладан, 23 нафар бола ҳалок бўлади.

СССР америкаликлар мамлакат ҳаводан мудофаа тизимини текшириб кўриш мақсадида ҳаво лайнерини атайин юборган, деб баёнот берган бўлса, АҚШ руслар ўзининг ваҳшийлиги билан дунёни яна бир бор қўрқитиш ниятида тинч йўловчиларни онгли равишда ўлдирди, деб маълум қилади.

Кейинроқ очиқланган ҳужжатлар ва уриб туширилган лайнернинг «қора қути»ларидан олинган маълумотлар ушбу ҳалокат шунчаки англашилмовчилик натижаси бўлганлигини кўрсатди.

Ҳалокатдан сўнг ТАСС ўзининг машҳур баёнотини эълон қилди: «Тажовузкор самолёт берилган сигналларга жавоб бермади ва Япон денгизи томон парвозида давом этаверди.» «Япон денгизи томон даф бўлмоқ» ибораси эса, кейинчалик, совет ҳазиллари хазинасидан жой олди.

1 сентябр куни чақирилган Политбюро йиғилишида мудофаа вазири Дмитрий Устинов «Ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмайди,» деган эди. Самолётнинг уриб туширилиши эса СССР томонидан 7 сентябрга келиб тан олинади.

АҚШ президенти Роналд Рейген мазкур воқеани «ҳеч қачон унутилмайдиган инсониятга қарши жиноят» ва «ёввойилик ҳамда инсонга хос бўлмаган ваҳшийлик» деб атайди.

Америка Москвага қарши қўшимча санкциялар жорий қилади. Икки ўртадаги зиддият Рейган ва Горбачевнинг Рейкявикдаги учрашувига қадар сақланиб турди.

«Приштинага юриш»

Кузатувчиларга кўра, Ғарб ва СССР вориси Россия ўртасидаги Кариб ҳавзасидан кейин юзага келган энг хавфли зиддият 1998 йил 12 июнь тунида содир бўлди.

Шу куни халқаро тинчликпарвар кучлар таркибида бўлган Россияга қарашли 200 нафар ҳарбий хизматчидан иборат гуруҳ ўз жойини ташлаб «яширинча ва НАТО учун кутилмаган ҳолда» Косово пойтахти Приштина томон ҳаракатга тушади. Рус ҳарбийлари бу ерда ўлкада ягона оғир юк самолётларини қабул қилиш имконига эга бўлган Слатина аэропортини эгаллаб оладилар.

Эртаси куни эрталаб Македония ҳудудидан бу ерга етиб келган британ ҳарбийлари ва рус аскарлари ўртасидаги зиддият бир-бирига қурол ўқталиш даражасига етиб боради.

CNN томонидан аэропортдаги вазият тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмагунга қадар Россия Мудофаа вазири Игор Сергеев бу ҳақидаги ҳар қандай айбловни рад этиб келади.

Венгрия ва Руминия бутун ҳаво ҳудудини Россия авиацияси учун ёпиб қўйгандан сўнг аэропортдаги рус ҳарбийлари қамалда қолади.

Рус генерали Леонид Ивашовнинг тан олишича, у Россиядан ҳеч бўлмаганда рамзий дастак олган серблар Ғарбга нисбатан қаршилик кўрсатишни қайтадан бошлашига умид қилган экан.

Орадан беш кун ўтиб қамалда қолган рус аскарларининг озиқ-овқат захираси тамом бўлади ва британ аскарлари уларга ёрдам қўлини чўзадилар.

Ғарб ушбу ҳолат юзасидан Россияга нисбатан ҳеч қандай чора қўлламайди. Ғарб сиёсий доиралари юзага келган ҳолат уришқоқ генераллар ва миллатчиларнинг Кремлга нисбатан босими натижаси, деган хулосага келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek