Тадқиқот: Кунига бир пиёла алкогол ҳам умрингизни қисқартиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Олдинроқ ўтказилган тадқиқотлар қизил вино ичишнинг юракка фойдаси бор, деган хулосага келган бўлсада, баъзи олимлар бу фикрга қўшилмайдилар.

Яқинда ўтказилган кенг кўламли тадқиқот натижаларига кўра, Буюк Британия соғлиқни сақлаш кўрсатмаларида белгилангандан ошиқ миқдорда мунтазам ичкилик ичиш инсон умрини йилларга камайтириши мумкин экан.

600,000 нафар ичкиликни хуш кўрувчиларни ўрганиб чиққан тадқиқот якунида бир ҳафта мобайнида 10 бирликдан 15 бирликкача спиртли ичимлик ичиш ҳаёт давомийлигини бир-икки йилга камайтирар экан.

Ўзбекистонда янги йилдан ароқ нархи ошади

'Спиртли ичимликлар 7 хил саратонга сабаб бўлади'

Тадқиқотчилар бир ҳафтада 18 бирликдан ошиқ спиртли ичимлик истеъмол қилиш умрни 4-5 йилга қисқартиришидан огоҳлантирмоқдалар.

2016 йилда янгиланган Буюк Британия соғлиқни сақлаш кўрсатмаларига кўра, ҳафтасига 14 бирлик, яъни олти бокал пиво ёки етти қадаҳ винога тенг миқдордан ошиқ спиртли ичимлик истеъмол қилиш тавсия қилинмайди.

Тадқиқот муаллифлари ушбу кўрсатмалар асосли эканлигини аниқлаганликлари ҳақида маълум қилмоқдалар. Шунингдек, уларнинг фикрича, кам миқдорда спиртли ичимлик ичадиган одамларга ўлим хавф солмайди.

19 давлатдаги соғлиқни сақлаш муҳити ва спиртли ичимликлар истеъмолини қиёслаб кўрган олимлар 40 ёшидан сўнг ҳам одатдагидек ичишда давом этаверган шахснинг умри қанчага қисқариши мумкинлигини ҳисоблаб чиқдилар.

Уларнинг ҳисобига кўра, ҳафтасига 10 бирлик ичимлик ичадиган одамнинг умри ярим йилга қисқариши мумкин экан.

Тадқиқотчилар, бундан ташқари, мунтазам ичкилик ичиш оқибатида юрак-қон томир касалликларини орттириш эҳтимоли қанчага ошишини ҳам ўрганиб кўрдилар. Қуйида ҳафтасига 12,5 бирлик миқдорида спиртли ичимлик истеъмол қилувчи шахсдаги турли касалликларни орттириш эҳтимоли келтирилган:

•Инсульт - 14%

•Ўлимга олиб борувчи гипертоник хасталик - 24%

•Юрак етишмовчилиги - 9%

•Ўлимга олиб борувчи аневризма - 15%

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Меъёр борми ёки?..

Шу вақтга қадар спиртли ичимликлар истеъмоли ўлимга олиб бормайдиган юрак хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради, деб ҳисобланар эди. Бироқ ушбу тадқиқот муаллифлари ичкиликнинг бу ижобий хусусиятини бошқа турли касалликларни келтириб чиқаришдаги юқори эҳтимоли ювиб кетади, демоқда.

Олдинроқ ўтказилган тадқиқотлар қизил вино ичишнинг юракка фойдаси бор, деган хулосага келган бўлсада, баъзи олимлар бу фикрга қўшилмайдилар.

Даниялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот ҳафтасига уч-тўрт бирлик миқдорида ичиш иккинчи тур қандли диабетга чалиниш эҳтимолини камайтиради, деган хулоса билан якунланган эди.

«Мазкур тадқиқот спиртли ичимликларнинг ижобий томонини улардан келадиган хавф ювиб кетишини, яъни алкогол ичишнинг соғликка ҳеч қандай фойдасини йўқлигини кўрсатмоқда,» дейди Шеффилд университетида юрак-қон томирлари бўйича профессор бўлиб ишлайдиган Тим Чико. Профессор Чико мақолада тилга олинаётган тадқиқотда иштирок этмаган.

Спиртли ичимлик ичиш бўйича тавсия қилинган миқдор Италия, Португалия ва Испанияда Буюк Британиядагидан 50 фоизга кўпроқдир. АҚШда эса деярли икки баробарга ортиқ.

Бироқ Британия Юрак Саломатлиги Жамғармасининг бош диетологи Виктория Тейлорнинг сўзларига кўра, Британияда тавсия қилинган миқдор анча кам экан, деб «хотиржамликка берилмаслик лозим.»

«Буюк Британияда кўп одам тавсия қилинган миқдордан мунтазам равишда ошиқ ичади,» дейди у.

«Биз тавсия қилинган миқдоргача ичиш мумкин экан, деб ўйламаслигимиз, доим ундан кам кўрсаткичда ичишимиз лозим.»

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи бўлмиш Кембриж университетидан доктор Анжела Вуд шундай дейди: «Тадқиқотнинг одамларга етказмоқчи бўлган асосий ғояси шундаки, агар сиз алкогол ичишга ўрганган бўлсангиз, камроқ ичинг - шунда узоқроқ яшайсиз ва юрак-қон томир хасталикларига чалиниш эҳтимолингиз ҳам анча камаяди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek