Би-Би-Си охири замон ҳақида хабар берди(ми?)

Фото муаллифлик ҳуқуқи BENCHMARK ASSESSMENT
Image caption BBC News дунёнинг термоядро уруши ёқасида тургани ҳақида хабар бераётгандек тасвирланган тўқима видео яшин тезлигида тарқалиб кетди.

BBC News дунёнинг термоядро уруши ёқасида тургани ҳақида хабар бераётгандек тасвирланган тўқима видео яшин тезлигида тарқалиб кетди.

Видео ёлғон бўлсада, кўплаб томошабинлар хавотирга тушганча Би-Би-Сига қўнғироқ қила бошладилар. Афтидан улар видеонинг ҳақиқийлигига ишонган эдилар.

Мирзиёев ал-Хоразмий ҳақида Би-би-си лавҳасини тилга олди

Видеонинг тарқатилиши ортида турган компания YouTube'даги аккаунтида бу хабар тўқима эканлигини аниқ маълум қилди. Сал ўтиб бу аккаунт тармоқдан олиб ташланди.

WhatsApp орқали тарқалган видеода бундай изоҳ йўқ эди. Шу сабабли кўплаб фойдаланувчилар видеодаги даъво ҳақиқий эканлигига ишониб, лаққа тушдилар.

Видеода нима бор эди?

BBC News'нинг расмий интроси билан бошланадиган видеода айни ўхшаш янгиликлар хонасидан гапираётган сухандонни кўриш мумкин. Кўринишидан ғамгин сухандон «Россия ва НАТО ўртасида жиддий ҳодиса бўлгани» ҳақида эълон қилади.

«Аниқ тафсилотлар ҳозирча мавжуд эмас. Илк олинган маълумотларда Россиянинг разведкачи учоғи НАТО кучларига қарашли ҳарбий кемалари томонидан уриб туширилгани айтилмоқда,» дейди у.

Шундан сўнг ушбу репортаж янада қизиқарли ва қўрқинчли тус ола бошлайди. Сухандон Россия ҳарбий кемалари НАТОга қарши ҳужумга ўтгани, Буюк Британия Қироллик оиласи хавфсиз ерга кўчирилгани, ҳукумат фуқароларнинг уйда қолишини тавсия қилаётгани ва бошланиб кетган термоядро уруши оқибатида Германиянинг Майнс шаҳри батамом йўқ бўлиб кетгани ҳамда Франкфуртнинг бир қисми катта зарар кўргани ҳақида ҳикоя қилади.

Би-Би-Си номидан шунчалик ишонарли ишланган ушбу видеонинг барибир баъзи жойлари хато эканлигини кўриш мумкин эди.

Унинг тўқима эканлигини қандай аниқлаш мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BENCHMARK ASSESSMENT

Ушбу видеода Би-Би-Си логотипи ва бренд номидан фойдаланилган бўлсада, ҳарфларнинг ёзилиш услуби ҳамда логотипнинг жойлашув ўрни жуда фарқли эди.

Бундан ташқари сизга ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлар орқали йирик медиа ташкилотига тегишли эканлиги даъво қилинаётган видео жўнатилсаю, лекин сизда ушбу видеонинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилса, у ҳолда уни ўша ташкилотнинг расмий вебсайтидан излаб кўринг.

Видеода даъво қилинган ҳолатда берилаётган хабарнинг тўқима эканлигини аниқлаш янада осон. Агар дунёда термоядро уруши бошлангудек бўлса, Би-Би-Си бу ҳақида хабар бераётган ягона хизмат бўлмайди. Бу ҳолат зудлик билан деярли барча хабар хизматларининг асосий мавзусига айланади.

Бу кимнинг иши эди?

Мазкур видеода сухандон рольини актер Марк Рис ижро этган ва у 2016 йилда бир Ирландия компанияси томонидан тайёрланган.

Жаноб Рис Би-Би-Сига шундай дейди: «Бу видео Benchmarking Assessment Group номли компания томонидан руҳий ҳолатни текширувчи восита сифатида яратилган. Компания ўз мижозларининг улкан фалокатга нисбатан қандай муносабатда бўлишини аниқламоқчи эди.»

«YouTube'га компаниянинг расмий аккаунти номи билан юкланган видео остида унинг тўқима эканлиги аниқ ёзиб қўйилган эди. У ҳатто BBC News'нинг асл талқинига ҳам ўхшамасди. Ўхшашига ҳам ҳаракат қилинмаган эди.»

«Актер сифатида қилган ишим яшил мато олдида туриб, хабарни ўқиб бериш бўлган, холос. Мен видеонинг монтаж жараёнларига аралашмаганман.»

Компаниянинг расмий вебсайтидаги маълумотларга кўра, Benchmarking Assessment Group «2006 йил Ирландияда ташкил қилинган» ва ўз мижозлари билан «танлаш, ривожланиш ва иқтидорни бошқаришни баҳолаш услублари»ни юксалтириш йўлида ҳамкорлик қилади.

Компаниянинг баҳолаш хизматлари бўлими бошлиғи Девид Рингвуд Би-Би-Сининг видео бўйича изоҳ сўраб йўллаган хабарига жавоб бермади.

Би-Би-Си бу ҳақида нима дейди?

Пайшанба куни эрталаб Би-Би-Си матбуот хизмати «Россия ва НАТО зиддияти тўғрисида BBC News номидан эканлиги даъво қилинаётган видео кенг тарқатилаётгани» ҳақида хабардор эканлигини маълум қилди.

«YouTube'га юкланган ушбу видеода унинг тўқима эканлиги маълум қилинган,» деб ёзиб қолдирди Би-Би-Си матбуот хизмати ўзининг Twitter саҳифасида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар