«Ўзимизга ўхшамайдиган» дўстларимиз бўлиши фойдалими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дўстларнинг кўп бўлгани яхши: йиқилганимизда ёрдам қўлини чўзадилар, дардларимизни уларга айта оламиз. Бироқ фақат «ўзимизга ўхшайдиган» одамлар билан дўстлашишимиз тўғримикан?

Аксарият одамлар учун ижтимоий алоқа - бу улар ҳаётининг энг муҳим қисмидир.

Дўстлар кишининг жамиятда ўрин топиши, ҳаёт мазмунини англашига кўмак беради. Тадқиқотлар ҳам мустаҳкам дўстлик ришталари шахсдаги безовталик ҳиссининг камайишига сабаб бўлишини кўрсатмоқда.

"Менда жинсий ожизлик (импотенция) бошланганда 16 ёшда эдим"

"Ички дунё"

Дўст орттиришда баъзи ёзилмаган қонунлар мавжуд: кўпчилик инсонлар, беихтиёр равишда, ўзларига ўхшаш шахслар билан дўстлик муносабатларини ўрнатишга интилади.

Агарда одамлар фақат қарашлари ўхшаш эмас, балки турли хил шахслар билан дўстлаша бошласа, у ҳолда бундан фақат манфаат олишлари мумкин. Масалан, турли дунёқарашли дўстларга эга шахсда фикрлаш доираси кенгайиб боради.

Ҳозирда тадқиқотчилар ижтимоий алоқа ва дўстлар билан ўрнатилган муносабатлар шахсларнинг фикрлашига қанчалик таъсир қилишини ўрганмоқдалар.

Бизнинг қарашларимиз дунёни қандай кўз билан кўришимизни белгилаб беради ва ташқи таъсир остида ўзгаришга чидамли бўлади.

Кўп ҳолларда биз ўзимиз англамаган ҳолда қарашларимизга мос келувчи маълумотларни излаб топамиз, уларни таҳлил қиламиз. Мос келмайдиган маълумотларни эса эътиборсиз қолдирамиз.

Ўз навбатида аксарият одамларнинг ижтимоий муносабатлари ҳам дунёқарашларига мувофиқ бўлади. Одамлар имкон қадар ўхшаш фикрли дўстлар орттиришга интиладилар.

Кузатишлардан кўринишича, дўстлар давраси хилма-хил фикрли шахслар билан тўлиб борган сари кишининг турли қарашларни ҳазм қилиши янада яхшиланиб боради, бирор масала юзасидан бир фикрда қотиб туриш ҳолатлари анча камаяди.

Брексит масаласида ҳам айни ҳол кузатилди. Атрофи асосан ўхшаш дунёқарашли дўстлар билан тўлгани сабабли аксарият одамлар ўзгача фикрлай олмадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шу сабабли Европа Иттифоқи таркибида қолишни ёқлаб овоз берганларнинг аксарияти референдум натижаларидан ҳайратга тушдилар.

Қайтанга Иттифоқ таркибидан чиқишга овоз берганлар учун эса натижанинг ҳайрон қоларли жойи бўлмади - уларнинг атрофидаги аксарият шахслар айни қарашда эди.

Жамият қарашлари қутблашган гуруҳларга ажралиб қолгани учун ҳам тез-тез ижтимоий зиддиятлар юзага чиқиб қолади.

«Кўр кўрни қоронғида топади» характерини жамиятшунослар ҳомофилия номи билан атайдилар. Ҳомофилия хулқ-атвори одамларни «биз» ва «бегоналар»га ажратиш одатини кучайтиради.

Гуруҳларга ажралиб олиш турли йўллар билан кечиши мумкин. Масалан, мактаб ошхонасидаги болалар кўп ҳолларда гуруҳларга бўлиниб оладилар. Бу бўлиниш миллатдан тортиб соч турмаги ва кўзойнак тақиш каби ўзига хос ўхшашликлар асосида кечиши мумкин.

Шахс вояга етган сари у ўзи учун мос дўстлар даврасига эга бўлиб бораверади. Бўлиниш сабаблари энди бироз жиддийлашади: ёш, ижтимоий табақа, сиёсий қарашлар, дин, ирқ ва ҳоказо.

Кейинроқ шахсда қўшимча руҳий стереотиплар пайдо бўлиши мумкин.

Масалан, биз ўз дўстлар доирамизни бошқа гуруҳлардан кўра қизиқарлироқ, зиёлироқ кўра бошлашимиз мумкин.

Энг ёмони одамлар очиқ равишда бошқа гуруҳларни ёмон кўра бошлаши мумкин.

Бошқа гуруҳдаги шахслар одатлари, қарашлари ва ҳиссиётларига жоҳиллик билан қараш бизнинг дунёқарашимиз шаклланишига таъсир ўтказиб боради. Оқибатда бир-бирига душманона кайфиятда қарайдиган гуруҳлар шакллана бошлайди.

Шундай бўлсада, ўзгача қарашдаги одамлар ёки гуруҳлар билан алоқага киришиш шахс учун фойдали бўлиши мумкин.

Бундай муносабатлар юзага келганда шахснинг бир хил қолипга тушиб қолган фикрлаш доираси кенгайиб боради, безовталик кайфияти туша бошлайди. Ўзгача фикрли одамлар билан дўстлик риштасини боғлаш улар тўғрисидаги салбий қарашларни емириб боради.

Ўз навбатида гуруҳлараро муносабатлар ижобий тус ола бошлайди.

Қизиқарли жиҳати шундаки, «бегона» гуруҳларнинг, масалан гей жамиятларнинг, ҳеч бўлмаганда бир аъзоси билан дўстлик ўрнатиш ўша қатламга бўлган муносабатларимизни кескин ўзгартириб юбориши мумкин.

Қисқача айтганда, турли қатламлар билан муносабатларни йўлга қўйиш қотиб қолган қарашлар, қутблашиш ва ажратиш кайфиятини йўқота боради. Натижада гуруҳлараро салбий қарашлар даражаси сезиларли пасаяди.

Бундай ҳолатлар дунё бўйлаб ўтказилган турли тадқиқотлар давомида ҳам тасдиқланиб келмоқда.

Бу йўналишдаги илк тадқиқотларнинг аксарияти АҚШда ўтказилган. Бунинг ўзига хос сабаби бор, албатта. Оқ танли ва афро-америкалик шахслар ўртасидаги салбий муносабатлар бу мамлакатда ҳануз жиддий муаммо санаб келинади.

Оксфорд университетидаги тадқиқотчилар гуруҳи эса Шимолий Ирландиядаги католик ва протестантлар; Малайзиядаги малай, хитой ва ҳиндлар; Кипрдаги юнон-кипр ва турк-кипр аҳли ўртасидаги муносабатларни ўрганиб чиққанлар.

Ушбу тадқиқот гуруҳининг аниқлашича, олдиндан ажралиб қолган турли мактаб ўқувчилари ўртасида муносабатлар ўрнатилиши ортидан ижобий натижаларга эришилган. Ўқувчилар ўртасидаги бир-бирига нисбатан ёмон кайфият йўқолганлиги кузатилган.

Ҳозирги кунда турли қатламлар бир-бири билан қўшилмасдан яшашда давом этмоқда.

Улар ўртасида билвосита муносабат ўрнатиш қарашларнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Мисол учун умумий дўстлар орқали бошқа гуруҳлар билан алоқага киришиш ҳам бевосита алоқа каби ижобий натижалар бериши аниқланган.

Бундан ташқари ўзгача қарашли гуруҳлар ҳаёти акс эттирилган филмлар кўриш ҳам уларга нисбатан муносабатларни ўзгартира олиши маълум бўлмоқда.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, гей одамлар ҳақида қанча кўп филмлар кўрган шахсларда бу қатламга нисбатан қарашлар ўзгариб боради.

Бироқ ўзгача фикрли шахслар билан дўстлик муносабатларини ўрнатиш қотиб қолган қарашлар ва хурофотни йўқ қилувчи асосий омил эмас.

Масалан, турли гуруҳлар бирлашганда шахсда қотиб қолган қарашларни тасдиқловчи аломатлар кўриниб қолгудек бўлса, у ҳолда ёвқараш кайфият янада кучайиб кетади.

Шимолий Америкадан тортиб Европа, Осиё ва Австро-Осиёга қадар қамраб олган 60 йиллик тадқиқот натижасига кўра, гуруҳлар ўртасида алоқаларнинг ўрнатилиши муносабатларни яхшилашдаги энг самарали омил экан.

Бундай муносабатларнинг юзага келиши тобора бўлиниб бораётган дунёда тинч ва мароқли ҳаёт кечиришни таъминлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар