Сурия: АҚШ ва иттифоқчилари кимёвий қуроллар нуқталарига зарба берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MANDEL NGAN/Getty Images
Image caption Президент Трамп ўз телевизион чиқишида ҳужумлар ҳақида баёнот берди.

АҚШ, Буюк Британия ва Франция тонгда қилинган ҳарбий амалиётда Суриядаги кимёвий қуроллар маскани деб гумон қилинган бир неча ҳукумат нуқталарини бомбардимон қилишди.

Мазкур ҳужум ўтган ҳафта Суриянинг Дума шаҳрида амалга оширилган ва кимёвий дея даъво қилинган ҳужумга жавоб бўлди.

Пентагоннинг билдиришича, бомбалар пойтахт Дамашқ яқинига ва Ҳомс шаҳри яқинидаги иккита жойга ташланган.

АҚШдаги Россия элчиси ўз иттифоқчисига қарши ҳужум "оқибатсиз қолдирилмайди" дея жавоб берди.

"Британия, Франция ва АҚШ жоҳиллик ва шафқатсизликка қарши ўзларининг солиҳ қудратини ишга солдилар", - деди АҚШ Президенти Доналд Трамп маҳаллий вақт билан 21:00да Оқ уйдан америкаликларга мурожаат эта туриб.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IAKOVOS HATZISTAVROU
Image caption Британиянинг Тайфун қирувчи учоқлари Кипрдаги британ ҳарбий базасига ҳужумдан сўнг қайтиб қўнди.

"Бу тунги амалиётларимизнинг мақсади кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва ишлатишга қарши кучли воситани яратишдир", - деди у.

Мазкур ҳужум етти йиллик Сурия фуқаролар урушида Президент Башар Ассадга қарши Ғарб давлатлари томонидан қилинган энг катта ҳужумдир.

Президент Трамп баёноти ортидан Генерал Жозеф Данфорд нишонга олинган нуқталарни санаб ўтди:

Кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқарилишига гўёки алоқадор бўлган Дамашқ яқинидаги илмий тадқиқот маркази.

Ҳомс ғарбидаги кимёвий қуроллар омборхонаси

Ҳомс яқинидаги кимёвий қурол-аслаҳа сақланувчи муҳим қўмондонлик пости.

Сурия давлат телевидениеси хабар қилишича, ҳукумат қўшинлари ўндан ортиқ ракеталарни уриб туширган ва фақат Дамашқ яқинидаги тадқиқот маркази шикаст еган.

Шунингдек, Сурия расмий хабарига кўра, уч оддий фуқаро жароҳат олган.

Муносабат

Халқаро ҳамжамият ҳужумлар турлича муносабат билдирди.

Россия Президенти Владимир Путин "ҳужумлар ўта жиддий тарзда қоралайман" деди.

НАТО Бош котиби Йен Столтенберг ўз твитида ҳужумларни қўллаб-қувватлаб, кимёвий қуролларни ишлатганлар "жавобгарликка тортилиши керак" деди.

Канада Бош вазири Жастин Трудо ҳам амалиёт тарафдори эканини изҳор қилди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш эса барча давлатларни БМТ низомини бузмаган ҳолда амал қилишга ундади.

Берлиндан Дамашққа қадар: Вашингтон ва Москванинг энг хавфли зиддиятлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар