Саудия Арабистонида опера санъати ривожлантирилади

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Франция Бош вазири Эдуард Филип билан Парижда кўришган Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Франция Бош вазири Эдуард Филип билан Парижда кўришган

Жорий йилнинг илк ойларида Ливан компанияларидан бири Исломдан олдинги даврнинг афсонавий жангчиси Антар ва унинг бедуин севгилиси Абла ўртасидаги муҳаббат тараннум этилган операни Саудия Арабистонида намойиш этиб, мамлакат аҳолисини илк бор ушбу гўзал санъат тури билан таништирган эди.

Шу тариқа тарихан аскетизмга берилган қироллик навбатдаги кўнгилочар намойишлардан бирининг таъмини тотиб кўрди.

Аста секин дунёвий қадриятларни мамлакатнинг маънавий қон томирларига сингдириб бориш ворис шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг Vision 2030 номли довруғли лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Ўзининг Буюк Британия, АҚШ ва, эндиликда, Францияга саёҳати давомида ушбу 32 ёшли шаҳзода ўз лойиҳасини рўёбга чиқариш учун хорижий ҳамкорлар орттиришга уринмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Саудияда кинотеатрларга рухсат берилди, аммо сўз эркинлигигачи?

Paris Opera ушбу жозибадор шаҳзода билан шартнома имзолаган энг сўнгги маданият маркази бўлди - ушбу ҳафта бошида эришилган келишувга кўра ушбу маданият уйи Саудия Арабистонининг миллий операси ва оркестрини шакллантиришга ёрдам беради.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри - Мадинада илк миллий опера уйини ташкил қилиш режаси аллақачон ишлаб чиқилган.

Саудия Маданият вазири француз ҳамкасби билан учрашгандан сўнг яна бир ташаббус ҳақида маълум қилди - бу йил Саудия Арабистони кино ижодкорлари томонидан суратга олинган қисқа метражли филмлар илк бор Кан филмлар фестивалида иштирок этади.

Ушбу хабар пойтахт Ар-Риёдда сўнгги бир неча ўн йиллик танаффусдан илк кинотеатр очилиши билан бир вақтга тўғри келмоқда. Айни вақтда миллий кино саноати ҳам шаклланмоқда.

Бироқ бу Франция билан маданият соҳасида тузилган асосий шартнома эмас - французлар саудияликларга улкан майдонда очиқ осмон остидаги музейни барпо қилишга ёрдамлашадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ливаннинг Антар ва Абла операси феврал ойида Риёддаги университетда қўйилган эди

Режага кўра, ушбу музейда Саудиянинг энг нодир археологик ёдгорликлари, қадимий ёзувлари сақланади. Шунингдек, Дамашқдан Мадинага қадар бўй чўзган ва Биринчи Жаҳон Уруши давридаги Араб Исёни давомида инглиз зобити Томас Эдуард Ловренс томонидан вайрон этилгани билан танилган Ҳижоз темирйўли қолдиқлари ҳам ушбу музейдан жой олади.

Шу йилнинг февраль ойида Саудия Арабистони мамлакат кўнгилочар саноатини ривожлантириш учун кейинги ўн йил ичида $64 миллиард маблағ ажратилиши ҳақида маълум қилган эди.

Шу кунларда қиролликда бўлаётган ўзгаришларни мислсиз аҳамиятга эга, деб ҳисоблаш мумкин. Саудиядаги шу пайтга қадар мавжуд бўлган ҳаёт табуларга тўла ва диний полиция мумтоз араб мусиқаси бўлсин ё жаз ёки опера - ҳар қандай оммавий кўнгилочар дастурга тақиқ қўйган эди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар