Арманистонда нималар юз бермоқда? Ким ғалаба қозонди? Ҳокимиятга энди ким келади?

протест в Ереване 23 апреля 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ереван кўчаларига ўн минглаб норози намойишчилар чиқдилар

Арманистонни сўнгги 10 йил давомида бошқариб келган Серж Саргсян бир неча кунлик халқ намойишлардан сўнг истеъфо беришга мажбур бўлди. Бироқ бу мухолифат ғалабасини англатмайди. Ҳозирча мухолифатда Бош вазир курсиси учун ўз номзодини сайлашда етарлича қудрат мавжуд эмас.

«Никол Пашинян ҳақ эди. Мен хато қилдим. Мен Бош вазир лавозимидан, мамлакат раҳбарлигидан истеъфо бераман,» деган президентлик курсисидан эндигина Бош вазирликка ўтган Серж Саргсян.

Аммо Саргсяннинг бу баёноти ҳокимият кўча намойишлари ташаббускори ва либерал «Елк» партияси раҳбарларидан бири ҳисобланмиш Пашинянга ўтганлигини англатмайди. Ҳозирда парламентнинг бошқарув пакети Саргсян партияси қўлида турибди. Бош вазирни эса айнан парламент сайлайди.

Пашинян ким ва «Елк» қандай партия?

2000 йиллар ўртасида журналистликдан сиёсатга ўтиб кетган 42 яшар Никол Пашинян 2016-йилда «Елк» (Чиқиш)га бирлашган уч партиядан бири бўлмиш «Фуқаролик келишуви» партиясига бошчилик қилади.

Пашинян Саргсяннинг Бош вазир сифатида сайланишига қарши бошланиб кетган халқ намойишларининг ташаббускори ҳисобланади. Уни намойишга чиққан юз минглаб арманлар қўллаб-қувватладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Серж Саргсян (тик турибди) билан Никола Пашиняннинг музокаралари ўтган ҳафта бесамар якунланди: Пашинян истеъфони талаб қилди, Саргсян эса ультиматумларга қулоқ солмаслигини айтди

2017 йил апрелида Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида эса «Елк» партияси мавжуд 105 мандатдан атиги 10 тасини эгаллаган эди, холос. Ўша пайтдаги сайловолди кампанияси давомида «Елк» блокига «Ёрқин Арманистон» партияси раҳбари Эдмон Марукян етакчилик қилган эди.

«Елк» - бу либерал мухолиф блок бўлиб, у Арманистоннинг Европа билан интеграциялашуви, Европа Иттифоқи билан эркин савдо шартномаси тузилишини ёқлаб чиқади ва Россия бошчилигидаги иқтисодий иттифоқларга қўшилишга қатъиян қаршилик кўрсатади.

Арманистон аҳлининг аксар қисми коррупция ва ҳукумат олиб бораётган иқтисодий сиёсатга қарши намойишларга чиқишга тайёр бўлсада, ўтган йилги парламент сайлови натижаларидан «Елк» илгари сураётган Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш ташаббусини қўллаб-қувватлайдиганлар сони анчайин оз эканини кўриш мумкин.

Икки душман (Озарбайжон ва Туркия) ва икки беқарор (Грузия ва Эрон) давлат билан қўшни Арманистон аҳолиси учун Россиядан кўра анча олисда жойлашган Европа билан интеграцияга киришиш ғояси унча ҳақиқатга яқиндек туйилмайди.

Арманлар нимага қарши намойиш қилдилар?

Арманлар коррупция, қариндош-уруғчилик, фуқаролар фикрига кўра, муваффақиятсизликка учраган ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати ва энг муҳими - ўз лавозимини алмаштириш орқали ҳокимиятни қўлда тутиб туришга уринган Серж Саргсянга қарши норозилик намойишларига чиқдилар.

Ўтган йили аксарият назорати Серж Саргсян сиёсий партиясига тегишли бўлган Арманистон парламенти мамлакат бошқарув тузумини президентлик республикасидан парламент республикасига ўтказган эди. Жорий йилнинг 17 апрел куни президентлик ваколат муддати тугаган Саргсян Бош вазир сифатида сайланди.

Бунга жавобан парламент киритган ўзгаришлар фақатгина Саргсяннинг ҳокимиятда қолиши учун амалга оширилганини иддао қилган мухолифат пойтахт Ереван ва бошқа ҳудудларда кўп минг кишилик норозилик намойишини бошлаб юборди.

Энди нима бўлади?

Ўз истеъфосини эълон қилган қисқа баёноти давомида Саргсян ҳукуматнинг бундан кейин ташлайдиган қадамлари қандай бўлишини очиқламади.

Бундан кейинги воқеаларни қуйидагича тахмин қилиш мумкин: Саргсяннинг Арманистон Республика партияси (парламентдаги 105 ўриндан 58 тасини эгаллаган) ва унинг коалициядаги иттифоқчиси бўлмиш «Дашноқсутюн» партияси (еттида мандатга эга) осонлик билан мухолифат ҳамда унинг тарафдорларида норозилик уйғотмайдиган номзодни Бош вазир сифатида сайлайдилар. Шундай қилиб, ҳокимият яна жорий элита қўлида қолаверади. Эҳтимол, Бош вазирликдан кетишга мажбур бўлган Саргсян мамлакатнинг парда ортидаги амалдаги раҳбарига айланиши мумкин.

Ўз баёнотида Саргсян муддатидан олдинги сайловлар ҳақида ҳам бир сўз айтмади. Ҳозирча Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Карен Карапетян муваққат раҳбар сифатида ҳукуматни бошқармоқда. У ҳам Саргсяндек Тоғли Қорабоғдан бўлиб, сўнгги бир ярим йил давомида Бош вазир сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Шу йилнинг апрел ойида Саргсянга жой бериш учун ушбу лавозимни тарк этган эди.

Мухолифатнинг бошқа қисми нима дейди?

Арманистондаги асосий мухолиф куч сифатида бизнесмен Гагик Сарукяннинг «Фаровон Арманистон» партияси асосида ташкил этилган «Сарукян блоки» кўрилади. Парламентнинг 31 депутати ушбу блок аъзосидир.

Бўлиб ўтган намойишларда ушбу блок аъзолари иштирок этмадилар. Арманистонлик кузатувчиларнинг сўзларига кўра, блокнинг айрим аъзолари намойишларда қатнашишни истаган, лекин «Елк» раҳбарлари бунга йўл қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 23 апрель куни норозилик намойишига тинчликпарвар бригаданинг қуролсиз аскарлари ҳам қўшилдилар. Мудофаа вазирлиги бу аскарларга қарши шафқатсиз чоралар кўрилиши билан огоҳлантирди.

«Елк» партияси «Сарукян блоки»ни жорий бошқарувдаги коалициянинг яширин иттифоқдоши, деб ҳисоблайди.

17 апрел куни парламентда Серж Саргсянни Бош вазир сифатида сайланишига 76 нафар депутат ёқлаб овоз берди, 17 нафари қарши чиқди. Шуни тахмин қилиш мумкинки, ўрта ҳисобда 11 нафар «Сарукян блоки» аъзоси Саргсян номзодини ёқлаб чиққан. Бошқа томондан фракциянинг маълум қисми унга қарши овоз берган.

Бундан ташқари «Сарукян блоки» бироз вақт муқаддам Армен Саркисян бошқарувидаги коалициядан бўлган номзоднинг президентлик лавозимига сайланишини ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар