Германияда "Бен Лоденнинг тансоқчиси" яшайди, давлатдан ойига қарийб 1,168 евро ёрдам олади

Фото муаллифлик ҳуқуқи FUNKE FOTO SERVICES
Image caption Хавфсизлик юзасидан Германия оммавий ахборот воситалари бу шахснинг тўлиқ исмини ошкор этмаётир.

Бир вақтлар Усама Бен Лоденни муҳофаза қилгани иддао қилинаётган тунислик шахс 1997 йилдан бери Германия яшаб, ойига 1,168 евро ижтимоий ёрдам пули олиб келади.

Радикал ўнг қанотга мансуб «Германия учун муқобил» (AfD) сиёсий партияси Сами А номи билан аталаётган ушбу кимса ҳақида суриштирув бошлагандан сўнг маҳаллий ҳукумат унинг асл шахсини очиқлашга мажбур бўлган.

Хавфсизлик юзасидан Германия оммавий ахборот воситалари бу шахснинг тўлиқ исмини ошкор этмаётир.

Батафсил- Бин Лодин ким эди?

Ташқи ишлар вазири: "Германияда Исломга ўрин йўқ"

Сами Анинг ўзи жиҳодчи ташкилотларга алоқадорлигини инкор этади. Қийноққа солиниши эҳтимоли юқорилиги сабабли унинг Тунисга депортация қилиниши истисно қилинган.

Бен Лоден ўз вақтида жиҳодчи гуруҳлар тармоғига раҳбарлик қилиб, 2001 йил 11 сентябр куни АҚШда содир этилган даҳшатли хуружни ташкиллашга кўрсатма берган эди. У 2011 йил АҚШ махсус ҳарбий кучлари томонидан Покистонда отиб ўлдирилган.

11 сентябр хуружида иштирок этган учувчиларнинг камида учтаси Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ўрнашиб олган ал-Қоида фирқаси аъзоси бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Буни танийсиз

2005 йил Германияда ўтказилган аксил-террор мазмундаги судларнинг бирида берилган гувоҳликка кўра, Сами А 2000 йили бир неча ой давомида Афғонистонда Бен Лоденнинг тансоқчиларидан бири бўлиб, фаолият юритган. Сами А бундай иддаони рад этади, лекин ўшанда Дюсселдорф ҳакамлари гувоҳнинг сўзларини ҳақиқат сифатида қабул қилганлар.

Сами А 2006 йилда ҳам ал-Қоидага алоқадорликда гумонланиб тергов қилинган. Аммо унга нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган.

Ҳозирда Сами А Германия ғарбида жойлашган Бокум шаҳрида рафиқаси ва тўрт боласи билан истиқомат қилиб келади.

1999 йили Германияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олгандан сўнг бир неча технология йўналишидаги ўқув курсларида сабоқ олган ва 2005 йилда ҳозирги яшаётган шаҳрига кўчиб ўтган.

Ҳукумат унинг номини хавфсизликка таҳдид солувчи шахслар рўйхатига тиркаб қўйгани сабабли 2007 йили Сами Анинг сиёсий бошпана олиш бўйича сўрови рад этилган. У ҳар куни полиция идорасига ҳисобот топширишга мажбур.

Германия ҳукуматининг маълум қилишича, жиҳодчиликда айбланган шахслар Шимолий Африкада қийноққа юз тутади. Шу сабабли Тунис ва унинг араб қўшнилари келиб чиқиши шу давлатлардан бўлган шахсларнинг депортация қилинишида инобатга олинмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар