ИШИД киллери: “100 дан ортиқ одам ўлдирдим ва бундан афсусда эмасман”

A file picture showing a close-up of a man's camouflage-clad mid-section, and a Kalashnikov rifle in his hands Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сурияда етти йилдан буён фуқаролик уруши давом этмоқда. Президент Башар Ассад кучлари бир вақтнинг ўзида ҳам исёнчи гуруҳлар, ҳам Исломий Давлат жангариларига қарши курашмоқда. Мамлакатдаги Раққа шаҳри эса зиддиятнинг асосий маркази сифатида қолмоқда. Ушбу мақолада тинчликпарвар фаол йигит қандай қилиб қонли уруш жараёнларига аралашиб қолгани ва ўзи ҳам қотилга айлангани ҳақида ҳикоя қилинади.

Диққат! Ушбу мақолада қийноққа солиш жараёнлари ўз ҳолича тасвирланган. Баъзи исмлар ўзгартирилган ёки ўчирилган.

Ҳолид (исм ўзгартирилган) бир соат ичида қотилга айланиб қолмаган.

Ҳаммаси олти эркакка Сурия шимолий-ғарбидаги Халаб аэродромига келишга кўрсатма берилгани ва бу ерда улар француз ўқитувчи томонидан тўппонча, снайпер милтиқлари ёрдамида одам ўлдиришга ўргатилганидан сўнг бошланди.

Эркаклар асирга олинган одамларни ўлдириш орқали қотиллик бўйича кўникма ҳосил қила бордилар.

«Биз асирга тушган ҳукумат аскарларидан нишон сифатида фойдаланар эдик. Уларни узоқроқ жойга қўйиб, снайпер милтиғидан нишонга олардик. Ёки бир гуруҳ асирлар қўйиб юборилар ва бошқаларига тегмаган ҳолда фақат биттасини отиб ўлдириш буюрилар эди,» ҳикоя қилади Ҳолид.

"Қотилликларнинг катта қисми мотоциклдан амалга оширилади. Мотоциклни шеригингиз бошқаради ва сиз орқа ўриндиққа ўтириб оласиз. Сўнг қурбонингиз машинасига яқинлашиб, унга қарата ўт очасиз. Бўлди, у ҳеч қаёққа қочиб қутила олмайди."

Ҳолид одамларни қандай таъқиб қилиш, яқинлашишнинг имкони бўлмаган қурбонларни қандай йўқ қилиш, бошқа қотил нишонни уриб туширишига имконият яратиш учун машиналар карвонини қандай чалғитишнинг ҳадисини олган.

У бундай кўникмаларга эга бўлиш учун қонли ва ноинсоний даражада ваҳшиёна йўлни босиб ўтган. Ҳукумат кучларининг 2013 йил ўрталарида Раққадан чекинишга мажбур бўлиши "Ахрор аш-Шом" гуруҳи раҳбарларига анча қўл келди. Гуруҳ ўз душманларини йўқ қилиб, шаҳар устида назорат ўрнатишга интилар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2013 йилнинг март ойида исёнчилар Раққа устидан тўлиқ назоратни қўлга киритганинни эълон қилишди

Ҳолид Раққа хавфсизлиги учун масъул бўлган айни гуруҳнинг юқори мартабали қўмондонларидан бири эди.

Бироқ Би-Би-Си билан суҳбат давомида уни 2011 йилга қадар тинчликпарвар, "бироз диндор, лекин мутаассиб бўлмаган" одам сифатида билганликлари ва зиёратлар ташкил қилиш билан шуғулланганлиги тўғрисида сўзлаб берди.

У 2011 йилда бошланган ҳукуматга қарши намойишларга қўшилган куни ҳақида шундай эслайди: «Қандайдир ҳурлик туйғусини туйдим. Ушбу озодлик ҳисси режимдан қўрқиш туйғуси билан қоришиб кетган эди.»

"Биз ўзимизни мамлакатга ижобий ўзгаришлар олиб келиш, халқни озод қилиш ва Ассад ўрнига бошқа раҳбар танлаш йўлида хизмат қилаётгандек ҳис қилар эдик. Гуруҳимиз у қадар катта эмас, 25-30 кишидан иборат эди."

'Мен ўч олишга келдим, шу сабабли ҳам қўрқмадим'

Ҳолид норозилик намойишларига қўшилган илк кунларида вақти келиб қурол кўтариб юриши ҳаёлига ҳам келмаганини айтади. «Қурол кўтаришга бизда журъат етишмас эди.»

Қурол ишлатмаётган бўлсада, хавфсизлик хизматлари тинч намойишчиларни ҳибсга олиб, қийноққа соладилар. Жумладан, Ҳолиднинг ўзи ҳам қўлга олинади.

«Улар мени уйимда ҳибсга олиб, жиноятчилик бўлимига олиб кетишди. Сўнг сиёсий хавфсизлик, давлат хавфсизлиги каби департаментлар бўйлаб судраб юрдилар. Охирида мени марказий қамоқхонага ташладилар. Бир ойдан кейин у ердан озод этишди,» сўзлайди Ҳолид.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суриядаги аксилҳукумат намойишлар 2011 йили Дараъ шаҳрида бошланганди

«Қамоққа ташлаган пайтлари белимдаги оғриқ азоб берганидан юролмай қолган эдим.»

Ҳолиднинг ҳикоя қилишича, унга энг кўп азоб берган ҳукумат вакили жиноятчилик бўлими қўриқчиси бўлган экан. У Ҳолидни президент Ассад портрети олдида чўккалатиб, қуйидаги сўзларни такрорлашга мажбур қилади: "Сенинг худойинг ўлади, у эса ўлмайди. Худо ўлмоқда, Ассад эса омон қолади."

«У ҳар куни ишга келганда мени қийноққа сола бошлашини ич-ичимдан ҳис қилиб турар эдим. У қўлларимни шифтдан осилиб тушган занжирга боғлаб қўяр, белимга қамчи билан савалар эди. Қийноққа солаётган пайтда унинг қўлида жон таслим қилишимни исташини тинмай қайтарар эди.»

«Мен у ердан фалаж бўлиб чиқдим. Мени марказий қамоқхонага ташлаганларида аҳволимни кўрган бошқа маҳбуслар йиғидан ўзини тута олмаган эди. Мени замбилда кўтариб юрар эдилар.»

«Мен, агар Яратган жонимни омон сақласа, ўша қўриқчини қаердан бўлса ҳам топиб, ўлдиришга онт ичдим.»

Image caption Ҳолидни кимдир намойишлар тасвири туширилган видеода кўриб қолгач у қўлга олинган

Марказий қамоқхонадан озод бўлган Ҳолид ҳукумат кучларига қарши қўлга қурол олишга қарор қилади. У мамлакат шимолий-шарқида жойлашган 17-захира дивизиясининг 35 аскарига Сурия армиясидан қочиб кетиши учун ёрдам беради.

Қурол сотиб олиш учун баъзи аскарлар буюмларини ўғирлаб, пуллаб юборади.

Ҳолиднинг тан олишича, намойишчиларга қарши уюштирилаётган ҳужумлар бошида турган маҳаллий амалдорларнинг бошини айлантириш мақсадида гўзал аёллар хизматидан фойдаланган. Аёллар ёрдамида тузоққа тушган амалдорларни ўлдирмай, уларни видеокамера олдида ортиқ Ассад режимига хизмат қилмаслик ҳақида онт ичишга мажбурлаган. Натижада бундай видео ёзуви тарқалган амалдорлар давлат ишидан кетишга мажбур бўлганлар.

Ҳолид қўлга олган илк асирини озод қилиш эвазига 15 дона Калашников автомати ёки уларнинг баҳосига тенг нақд пул талаб қилади. Шу тариқа Ҳолиднинг илк асирлари омон қолишга муваффақ бўлганлар.

Бироқ Ҳолиднинг қўлига тушган бир одам ҳарчанд ёлворсада, ундан ҳеч қандай шафқат ололмайди. Бу ўша қўриқчи эди.

«Мен уни топмагунимча жиноятчилик бўлимида ишлаган одамлардан у ҳақида суриштиришни тўхтатмадим. Топилгандан сўнг шерикларим билан уйигача кузатиб бориб, ўша ерда қўлга туширдик.»

"Жиноятчилик бўлими ҳибсхонасида у менга шундай деган эди: 'Агар омадинг келиб, бу ердан омон чиқиб кетсанг ва мени қидириб топсанг, менга шафқат қилиб ўтирма.' Мен у айтгандек ҳам қилдим."

"Мен уни марказий қамоқхона ёнидаги ташландиқ фермага олиб бордим. Аввалига гўшт майдалайдиган каттакон чопқич ёрдамида қўлларини чопдим. Қайчи билан тилини аста-секин кесиб олдим. Аммо бу мен учун етарли эмас эди."

«У ўлдиришимни ёлвориб сўрагандан сўнг уни нариги дунёга равона қилдим. Мен ўч олишга келгандим, шу сабабли ҳам қўрқмадим.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи MARCO LONGARI/AFP
Image caption Ҳолид асрларининг айримларини Калашников автоматига айирбошлаган

"«Мен уни бундай тарзда қийноққа солганимдан заррача афсусда эмасман. Қайтанга у яна тирилиб келган тақдирда ҳам яна шундай ишга қўл урган бўлар эдим.»

«Агар одамларни қийноққа солгани учун унинг устидан арз қилганимда ва ҳукумат буни адолатли кўриб чиқишга қодир бўлганида мен бундай ваҳшийликка қўл урмаган бўлардим. Бироқ арз қилишга ярайдиган ва мени тўхтатиб қолишга қодир ҳукумат йўқ эди.»

Воқеалар ривожи кескин тус олиб кетганидан сўнг Ҳолиднинг халқ инқилобига бўлган ишончи сўнади. Энди у ўз жонини омон сақлаш учун кураша бошлайди. Бироз вақтдан сўнг унинг ҳаёт йўли қора доғлар билан қопланади - у Исломий Давлатнинг ёлланма қотилига айланади.

'ИШИД жангариларига жилмайиб боқдим, сўнг уларни ўлдирдим'

Дўстлик ёки хоинлик, доимий зиддият кўплаб суриялик исёнчилар бошдан ўтказадиган ҳолатдир. Улар мувозанатни сақлаш учун бир гуруҳдан бошқасига ўтишади, бугун омон қолиш учун елкама-елка курашган сафдошларини эртасига ўққа тутишади.

Шу жумладан, Ҳолид ҳам ўзига қотиллик сир-асрорларини ўргатган "Ахрор аш-Шом" гуруҳини тарк этиб, "Фронт ан-Нусра"га бориб қўшилади. Ушбу гуруҳ ўша вақтларда «Ал-Қоида»нинг Суриядаги фирқаси ҳисобланар эди.

2014 йил бошларида Исломий Давлат кучлари исёнчиларни Раққадан ҳайдаб чиқаради. Ҳолид ва унинг бошқа сафдошлари шу вақтга қадар ИШИДни менсимай, уни «чалажон гуруҳ» деб атаб келар эдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption ИШИД келганидан сўнг Раққада жиҳодчиларнинг қора байроғи кўтарилди

Жиҳодчилар тез орада ўзининг бошни танадан жудо қилиши, калтаклашлар ва қийноқлари билан маҳаллий аҳоли ичида қўрқув уруғини сочади.

«ИШИД жангарилари арзимаган сабаб баҳонасида оддий одамлар мулкини тортиб олар, уларни ўлдирар ёки зиндонга ташлар эди,» дейди Ҳолид.

"Шунчаки 'О, Муҳаммад,' деб қўйсангиз ҳам улар сизни шаккокликда айблаб, ўлдирар эди. Суратга олиш, мобил телефонларидан фойдаланишга қарши жазо қўлланиларди. Сигарет чекиш эвазига зиндонга тушиш мумкин эди. Хуллас, уларнинг ягона иши ўлдириш, талаш ва зўрлаш эди."

«Улар бегуноҳ ёш аёлни хиёнатда айблаб, болалари кўз ўнгида тошбўрон қилар эдилар. Мен фарзандларим олдида, ҳатто, товуқ сўя олмайман.»

Жиҳодчилар пул ва юқори амаллар бериш орқали исёнчилар раҳбарларини сотиб олишади. Ҳолидга ҳам «хавфсизлик гуруҳи бошлиғи» амали таклиф қилиниб, қўл остига бир қанча жангарилар берилади. Ҳолид бундай таклифни рад этиш ўзи учун ўлим билан тугашини англагани сабабли жиҳодчилар билан тил топишишга мажбур бўлади.

"Мен таклифни қабул қилдим. Бироқ ан-Нусра раҳбари Абу ал-Аббос мени икки томонлама жосус сифатида ишлашимни буюрди. Мен ИШИД жангариларига жилмайиб боқар, лекин яширинча уларни ўғирлаб, сўроққа тутар, сўнг ўлдирар эдим. Менинг қўлимга тушган илк жангари Исломий Давлат тайёргарлик лагери раҳбари бўлган суриялик бир эркак бўлди."

"Мен Абу ал-Аббос топшириғи билан ИШИДга ҳам ан-Нусра ҳақида маълумот етказиб турдим. Жиҳодчилар менга ишонишлари учун маълумотларнинг баъзи қисми ишончли эди. Бу вақт ичида жангариларнинг сирларидан ҳам воқиф бўлдим."

"Фронт ан-Нусра"нинг ИШИДга қарши жосуслик қилишидан ўзига хос сабаблар бор эди. 2013 йилда гуруҳ Исломий Давлат етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг қўшилиш борасидаги таклифини рад этиб, бошқа исёнчи кучлар билан яқинлашади.

Ҳолиднинг икки томонлама жосуслиги ўз жонига қасд қилиш билан тенг эди. Аммо бу ишдан бошқалар ўлим топди. Ҳолиднинг сўзларига кўра, у ИШИД топшириғи билан 16 нафар шахсни ўз уйида отиб кетган.

Ҳолид бу қурбонларини пул эвазига динига хиёнат қилганликда айблайди. Унинг айтишича, бу одамлар "Ахрор аш-Шом" ва Озод Сурия Армияси каби Ғарб томонидан дастакланувчи кучларга сотилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BULENT KILIC/AFP
Image caption Ҳолиднинг айтишича, ИШИД уни махфий равишда одам ўлдиришга юборарди

Унинг қурбонларидан бири исломий уламо эди. «Мен эшикни тақиллатдим. У очиши билан юзига тўппонча тираб, ичкарига кирдим. Қўрққанидан овози ҳам чиқмас эди. Бу ҳолни кўриб қолган аёли қичқира бошлади. Уни ўлдиришга келганимни билиб турар эди,» ҳикоя қилади Ҳолид.

"Энди гапиришга чоғланган пайтим у тилга кирди: 'Сенга нима керак? Пулми? Мана пулларим - истаганингча олавер.' Мен пулга муҳтож эмаслигимни айтдим ва хотинини бошқа хонага қамаб қўйдим."

"Шундан сўнг у: 'Пулларни ол. Истасанг аёлимни ҳам ол. Кўзимни олдида уни зўрласанг ҳам майли. Фақат мени ўлдирма.' Айни шу сўзларни эшитишим билан тепкини босдим."

'Кўзгуга боққанимда шаҳзодани кўраман'

Раққадаги Исломий Давлат амирлари бошқа гуруҳлардан сотиб олинган шахсларни яширинча тез-тез йўқ қилиб турар эдилар. Қўл остидаги жангариларга бу шахслар АҚШ етакчилигидаги коалиция учоқларидан ёғилган бомбалар остида ҳалок бўлди, деб айтилар эди. Исломий Давлат сафларига қўшилганидан бир ой ўтиб, Ҳолид бундай ўйинлардан бохабар бўла бошлади ва тез орада унинг ҳам навбати келишига ишончи комил эди.

Ҳаётидан ташвишланган Ҳолид қочишга қарор қилади. Дар Уззор шаҳригача машинада боради, сўнг Туркияга ўтиб кетади.

Image caption Ҳолид Би-би-сининг "Сурия: жаҳон уруши" ҳужжатли фильмида

Ўзининг суд олдида жавоб бериши эҳтимолидан қўрқиш-қўрқмаслиги ҳақидаги саволга Ҳолид шундай жавоб беради: «Мен қўл урган барча ишим омон қолиш учун эди.»

"Мен машғул бўлган нарсалар - бу жиноят эмас. Агар қўлида қуроли бор одам отангизга таҳдид қилиб, уни қийнаётган, акангиз ва бошқа яқинларингизни ўлдираётган бўлса, сиз бу манзарага хотиржам қараб тура олмайсиз. Ҳеч қандай куч сизни тўхтата олмайди. Мен қилган барча иш ўз-ўзини муҳофаза қилиш учун эди."

«Мен режим ва ИШИД кучларига қарши жангларда юзга яқин одам ўлдирдим ва бундан ҳеч қачон афсусланмайман… сабаби, Аллоҳнинг ўзи шоҳид, мен бирор тинч аҳоли ёки бегуноҳ одамга озор бермаганман.»

«Кўзгуга қараганимда, унда шаҳзодани кўраман. Тунлари босинқирамай, тинч ухлайман, чунки мен жонига қасд қилган одамлар ўлимга лойиқ эди.»

"Сурияни тарк этганимдан сўнг яна тинч фуқарога айландим. Ҳозир кимдир менга қўпол муомалада нимадир деса, 'Сизники маъқул,' деб қўяман."

Ҳолид билан ушбу интервью Би-Би-Сининг «Сурия: Жаҳон уруши» ҳужжатли филми учун ўтган йили олинган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар