Эрон ядро дастури шартномаси: Трампнинг шартномадан чиқиш қарори қандай оқибатларга олиб келади?

Трамп келишувга қарши эди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/ Getty Images
Image caption Трамп аввалдан келишувга қарши эди

Биргина имзо билан АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий интилишларини жиловлаб туришга қаратилган шартнома келажагини хавф остига солиб қўйди.

Президент шартнома ва унинг тарафдорларига қарши шафқатсиз ҳужум кампаниясини бошлаб юборди.

Бироқ Трамп шартноманинг ўрнини босувчи муқобил сиёсий ечим таклиф қилмади. Унинг ушбу ҳаракати оқибатида расмий Вашингтоннинг энг яқин иттифоқдошлари билан дипломатик муносабатларига путур етиши мумкин.

Айни вақтда баъзилар Трампнинг бу қарори Яқин Шарқ минтақасига янги ва янада даҳшатли уруш олиб келиши эҳтимолидан хавотирга тушди.

2015 йилда имзоланган Эрон ядровий дастури шартномаси ҳали буткул фалажланиб қолгани қолгани йўқ, лекин яшаб қолиш учун кўмакка муҳтож. Ҳозирда унинг тақдири Эроннинг Трампнинг шартномадан чиқиш қарорига қандай жавоб беришига боғлиқ.

Президент Ҳасан Руҳоний мазкур шартноманинг қизғин дастакловчиси сифатида маълум. Афтидан у европаликлар ва бошқалар билан бирга шартномани омон сақлаб қолишга уринаётган кўринади.

Бироқ мамлакат ичкарисидаги қудратли шахслар Эроннинг нафақат ядровий дастур шартномасидан, балки биратўла Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан ҳам чиқиб кетишини истамоқда. Шу тариқа президент Руҳоний шартномани сақлаб қолиш йўлида кучли ички қаршиликни енгиб ўтишига тўғри келади.

Президент Трамп эронлик ҳамкасбини ўгир аҳволга солиб қўйгани яққол кўриниб турибди.

Трампломатия: Трамп дунёни хатарлироқ қилдими?

Эронга қарши янги жазо чоралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Ҳасан Руҳоний мазкур шартноманинг қизғин дастакловчиси сифатида маълум.

Бесамар келишув

Келинг, суҳбат мавзусини аниқлаштириб олайлик. Эрон ядровий дастури шартномаси, шубҳасиз, томонлар манфаатларига зид. Президент Трамп унга доимий қаршилик билдириб келган, уни Обама маъмуриятининг катта хатоси, дея танқид қилган.

Шартнома, чиндан ҳам, мукаммал тузилмаган. Унда ядровий каллаклар дастуридан тортиб Эроннинг минтақавий жараёнларга таъсирига қадар асосий хавотирли омиллар акс этмаган.

Шартномада акс этган нарса - Эроннинг мукаммал ишлаб чиқилган ядровий дастури. Шартномада Эроннинг ядровий фаолиятига кенг кўламли чекловлар қўйилган ва расмий Теҳрон томонидан ушбу талаблар бажарилаётганини текширишнинг қатъий тартиби ўрнатилган.

Шартномада белгиланган баъзи чекловлар вақт ўтиши билан ўз кучини йўқотади. Қисқача айтганда, ушбу шартнома Эронни ядровий бомба яратишнинг сўнгги босқичига етишидан тийиб турган.

Бошқа томондан шартнома шунчаки юз бериши аниқ ҳодиса келишини кечиктириб турган холос. Бу худди йўлда ётган пиво банкасини тепиб, узоқроққа суриб қўйганга ўхшайди.

Бироқ Доналд Трамп ҳисобга олиши зарур бўлган ҳақиқат шунда эдики, шартнома ишлаётганди.

Шартномани имзолаган барча давлатлар Эрон ундаги талаблардан тўла қониқишига ишонадилар. Шу жумладан, Халқаро Атом Энергияси Агентлиги ҳам. Трамп маъмуриятининг муҳим аъзолари, Давлат котиби Майк Помпео ва Миллий Истихборот директори Ден Коатс ҳам бунга ишонади.

Бунга қарамай президент Трамп ядро дастури шартномасини энг муҳим омилларни ҳисобга олмаганликда айблаб келди.Хатарли йўл ҳали олдинда

Эндиликда Теҳроннинг ўзида шартнома бўйича кураш бошланади ва бу курашда ким ютиб чиқиши унинг тақдирини белгилайди.

Агар мўътадиллар аталмиш кучлар қўли баланд келса, у ҳолда, Европанинг шартномадаги таъсири янада ортади. Ҳозирда АҚШнинг Эронга қарши жорий қилган санкциялари расмий Теҳрон билан муносабат ўрнатган хорижий компаниялар манфаатига ҳам путур етказмоқда.

Европаликлар Трампнинг қарорига очиқ норозилик билдирди. Улар шартномани сақлаб қолишни истамоқда.

Европа компаниялари Эрон билан алоқа қилаётгани учун АҚШнинг санкциялар машинаси билан юзлашиши олдидан сезиларли кечикишлар бўлади.

Ушбу вақт давомида дипломатик таъсир орқали АҚШ сиёсий иродасини ўзгартириш имкони туғилиши мумкин.

Бироқ ҳозирда биз юз бериш эҳтимоли юқори бўлган хавфли вазиятда турибмиз. Мободо шартнома бекор бўлиб, Эрон ўз ядровий фаолиятини кенгайтира бошласа, нима бўлади?

Россия борасида тобора хавотири ошиб бораётган АҚШ, Европа ва НАТО алоқаларига Эрон омили сабабли дарз кетадими?

Яқин Шарқнинг ўзида ҳам минтақавий уруш шабадаси янада кучлироқ эсмоқда.

Эрон ва Исроил аллақачон Сурияда илк кичик отишмаларда тўқнашиб бўлди.

Исроил Эрон ва унинг иттифоқдошлари базаларини ҳаводан ўққа тутмоқда. Эрон ўч олиш илинжида ёнмоқда.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трампнинг шартномадан чиқиб кетиш қарорини олишида катта таъсир ўтказди. Исроилнинг баъзи собиқ, ҳаттоки, жорий истихборот зобитлари ва юқори рутбали ҳарбий амалдорлари етарли даражада самарага эга бўлмаган бўлсада, шартноманинг аҳамияти борлигига ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Европа раҳбарлари учун бошоғриқ...

Чиқиш режаси борми?

Шартноманинг энг муҳим жиҳати Эронни ядровий қурол яратишдан узоқроқда тутиб туришида эди. Агар Эрон жиловдан чиқиб кетгудек бўлса, шартнома чора кўриш учун халқаро ҳамжамиятга вақт ва имконият яратиб берар эди.

Шартнома бекор бўлиб, Эрон ядровий фаолиятини кучайтирса бошласа, бундан бошқа давлатлар ҳам илҳом олиши мумкин. Камида Саудия Арабистони бунга қарши чора кўра бошлайди.

Биз ўзига хос даврда яшамоқдамиз ва Трампнинг ушбу қарори унинг асл ташқи сиёсати амалга оширила бошланганини кўрсатиши мумкин. Ушбу сиёсатни кўплаб танқидчилар ақл ва далилларга эмас, балки ҳиссиётларга таяниб амалга оширилади, дейди.

Президент Трампнинг тарафдорлари ҳам баъзи асосий саволларга жавоб беришига тўғри келади.

Чиқиш режаси борми? Эрон энди қандай жиловлаб турилади? Бу мақсадни амалда давом эттириш учун қандай қилиб халқаро келишувга эришилади?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар