Ёш қизчанинг зўрланиши нега диний низо қўзғамоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳиндистонда аёллар ва қизларнинг ваҳшиёна зўрланган ҳолатлари жамиятда норозилик уйғотмоқда.

Ҳиндистонда саккиз яшар мусулмон қизалоқнинг зўрланиши ва ўлдирилиши Жамму ва Кашмир штатидан мамлакат юқори судига оширилди. Би-Би-Сидан Ёгита Лимай жамоат вакиллари билан суднинг қарорига таъсир ўтказган омиллар ҳақида суҳбатлашди.

"Ягона истагим - адолат" - дейди қизалоқнинг онаси.

"Қотиллар қизим чеккан азобларни ҳис қилишини хоҳлайман. Бизни фарёд солишга мажбур қилган бу каслар ҳам азоб чекишсин".

Ҳиндистон қонунчилигига кўра, жинсий зўравонлик қурбонининг шахсини очиқлаш тақиқланади, лекин ҳамма қизалоқ қайси динга мансуб бўлганидан хабардор.

Полициянинг иддаосига кўра, бу ваҳшиёна жиноятнинг асосий сабаби - қизалоқнинг мусулмон бўлгани.

Қиз Жамму ва Кашмир штати водийлари бўйлаб кўчиб юрувчи кўчманчи мусулмон Бакарвал қабиласидан бўлган.

Ёз келганда бу қабила отар ва йилқиларни ўтлатгани баланд тоўларга чиқиб кетади. Қиш кириши билан улар яна Жамму шаҳри яқинидаги иссиқроқ ҳудудларга келишади.

Жорий йилнинг январ ойида қизалоқ зўрланиб, сўнг ўлдирилган эди. Полициянинг ишонишича, зўравонлар қизалоқни бир ҳафта давомида ибодатхонларнинг бирида асир тутиб, таҳқирлашган.

Полициянинг қайд этишича, Жаммудан тахминан 70 километр узоқликдаги Расана қишлоғи ҳиндулари ёш муслима қизчани зўрлаб, шу йўл билан мусулмон жамоасини ўз ерларидан кетишга ундашмоқчи бўлишган.

Февраль ойида полиция истеъфодаги ҳукумат расмийси, тўрт полициячи ва бир ўспириндан иборат саккиз нафар шахсни номусга тажовуз ва қотилликка алоқадорликда гумонлаб, ҳибсга олганди. Айбланувчиларнинг барчаи - ҳиндулар.

Ўнг қанот гуруҳлари ва ҳуқуқшунослар саккиз ҳиндунинг ҳибсга олиниши ортидан норозилик билдира бошлашач, Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари қизалоқнинг ўлдирилиши борасида бонг ура бошлашди.

Қотилликка диний омиллар сабаб бўлган, деган хабарлар эса Жаммудаги диний қутблашишни янада кучайтириб юборди,

Жаммуда ҳиндулар кўпчилик ва улар билан Кашмир водийсининг мусулмон аҳолиси ўртасидагиги муносабатлар шундоқ ҳам таранг .

Энди бу баттар ёмонлашиши мумкин. Кашмир водийси узоқ йиллардан буён беқарорлик маркази бўлиб қолмоқда.

1989 йили бу ҳудуднинг Ҳиндистон бошқарувига ўтишига қарши бошланган норозилик ҳаракати ҳамон давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўлдирилган қизалоқ кўчманчи мусулмонлар жамоасидан

Айни вақтда, қурбоннинг оиласи, тоғларга чиқиб кетган. Улар тоғ ён бағирларидаги ўтлоқларда ўтов тикиб, яшашади.

"Ҳиндулар қизимиз майитини ўзимиз истаган жойга дафн қилишимизга ҳам йўл бермади," дейди қизалоқнинг отаси.

Ҳозир энди Расана қишлоғига элтувчи йўлда айбланувчиларнинг яқинлари намойиш ўтказишмоқда.

Улар айни иш бўйича федерал тергов ўтказилишини сўрашмоқда. Чунки улар бутун Жамму штати мусулмонлар таъсири остида ва шу сабабли холис тергов ўтишига ишонмаймиз дейишмоқда.

"Ҳинду жамоати ҳақиқатан таъқибга учрамоқда" - дейди намойишчилардан бири Кант Кумар - "Биз холис текширув о'тказилишини истаймиз".

Жамму ва яқин атрофдаги одамлар қайси томоннинг сўзларига ишонишни билмай, ҳайрон. Полиция томонидан тайёрланган 15 саҳифали айбномада қотилликнинг бутун даҳшати ўз аксини топган.

"Жаммуда илк бор бир қизалоқнинг ўлими жамоатлараро зўравонлик марказига айланди" - дейди "Кашмир Таймс" бош муҳаррири Анурадҳа Бҳасин.

"Энг даҳшатлиси, бутун бошли жамоани қўрқувга солиб, ерларидан ҳайдаш учун ёш қизчанинг танасидан фойдаланилган" - давом етади Бҳасин хоним. "Бундай жиноят иши ҳам аёллар, ҳам миллий ва ҳам диний озчиликлар хавфсизлиги борасидаги хавотирларни янада кучайтиради."

Ижтимоий тармоқларда ушбу иш юзасидан миш-мишлар болалаб кетган. Жиноят қандай амалга оширилгани, ҳибсга олинганлар қандай қилиб айбсиз айбдорга айланиб қолгани тўғрисидаги фаразларнинг адоғи йўқ.

Мамлакат бўйлаб қизалоқ учун адолат талаб қилинган шиорлар пайдо бўлмоқда. Одамлар талабномаларни светофорлар, машина ойналарига илишган ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишмоқда.

Бундай шовқин ва талотўп ичида эса қизалоқнинг онаси саккиз яшар норасидаси ҳақида ўйлашга интилади.

"У жуда чиройли, ақлли еди. Чеҳраси ҳеч кўз олдимдан кетмайди, уни унутолмайман".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek