Қиролича кимни келин қилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Меган Маркл ва Шаҳзода Ҳаррининг тўйи кўп жиҳатдан янгилик бўлмоқда.

"Актриса, феминист, бева, нозодагон ва ярим қора танли..."

Буларнинг бари - Британияда Қироличанинг янги невара келини ҳақида билдирилаётган фикрлар.

33 яшар шаҳзода Ҳарри бугун 36 яшар Меган Марклга уйланди.

Ҳарри тахтга ворислик навбатида олтинчи ўринда. Илк ўринда отаси Шаҳзода Чарльз ва акаси Уильям туришади. Кейин яна жиянлари бор...

Хўш, нега тахтнинг олтинчи вориси бўлмиш Ҳаррининг хотини ҳақида бунчалик кўп гапирилмоқда?

Шаҳзода Уильямнинг тўйига тайёргарлик

Қироллик оиласи учун зиёфат

Таҳлилчиларга кўра, турли ёзилган ва ҳатто ёзилмаган қонун-қоидалар туфайли ҳали 30-40 йил олдин ҳам бундай тўй бўлишига ақл бовар қилмасди.

Бокиралик юки йўқ

Аввало, тахтга даъво қилган шаҳзодалар бокирага уйланиши керак бўларди.

Ҳали 82 йил олдин ҳам валиаҳд шаҳзода бева аёлга уйланиш учун, иложсиз, тахтдан воз кечганди.

Қолаверса, Ҳаррининг отаси Чарльз, юраги эмас, тахт талаби бўйича унинг онаси - маъсума Диана билан турмуш қурган.

Дарвоқе, Диана зодагонлардан эди, аммо келин оқсуяк бўлиши керак, деган шарт аллақачон унутилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британияда кўпчилик тўй кайфиятида

Ҳаррининг акаси - тахтга иккинчи ворис бўлмиш Уильям ҳам уйланганда бунга риоя этиб ўтиргани йўқ.

Лондон ташқарисидаги Виндзордаги тўйдан кейин эса куёв қаторида келинга ҳам янги, зодагонча рутба берилди.

Куёвбола Ҳарри Жаноби Олийлари Сассекс герцоги бўлди.

Келинпошша Меган эса никоҳдан кейин Жаноби Олиялари Сассекс герцогинясига айланди.

Ишли малика

Меган Маркл - киноактриса ва аёллар тенг ҳуқуқлиги учун курашувчи фаол. Унинг битта эмас, бир нечта иши бор.

Қироллик илгари касби-кори бор ва бу қадар эркин фикрловчи аёлни келин қилавермасди.

Қолаверса, саройга тушган келиннинг кийиниш, ўзини қандай тутиш ва нима қилиш ё қилмаслиги ҳақида кўп асрлик тажрибага таянган қоида ҳамда шартлар бор.

Аммо кенжа келин Меган бу шартларнинг ҳаммасига риоя қилаверадиганга ўхшамайди.

"Мен дастурхон атрофида ўтирадиган хоним эмас, ишлайдиган аёл бўлишни истаганман" - деганди Меган.

Янги келин каби тили бурро ва ўз мустақил фикрига эга аёл бутун қироллик хонадонида бошқа топилмаса керак. деган фикрлар ҳам айтилмоқда.

"Келгинди" келин

Меган Маркл - америкалик.

Нима бўпти, ахир ҳозирги қироллик оиласининг ўз келиб чиқиши бир тарафи немис, бошқа томони грек эмасми, деган савол туғилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Меган Маркл онаси Дориа Рагланд билан.

Лекин Меган Маркл - она тарафидан қора танли.

Онаси Дориа Рагланд - африкаликлар авлоди. Баъзан у сочини "дредлок" усулида майда ўриб ҳам юради.

Шу қаторда, ярим қора танли келин энди қиролича оиласи учун нафақат "қироллик қонини тозалаш", балки дунё бўйлаб обрўсини оширишда ҳам қўл келади.

Сўнгги хабарларга кўра, келиннинг отаси тўйга келмайди.

Бу эса уни ким меҳроб олдига етаклаб, куёвнинг қўлига топширади деган саволларни кучайтирганди. Ниҳоят, никоҳ маросимида уни қайнотаси ўз ўғлига топширди.

Айтишларича, янги келиннинг оиласи қироллик одатларига кўра ўзларини қандай тутишни билмайди.

Аммо билганда ҳам, барибир, бу қоидаларга риоя этиб ўтиришни жуда унчалик ҳаёт-мамот масаласи, деб ҳисоблашмайди.

Хуллас, ўзгача кенжа келин ҳали анча пайт Британия ва ҳатто дунё бўйлаб тилдан тушмаса керак.

Қўша қаришсин!

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek