Британия россияликларнинг «ҳаром» пулларига қарши қандай курашмоқчи?

Лондон, Сити Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Лондоннинг Ситисида Россия дохил миллиардлаб хорижий маблағлар айланади

Британия парламенти қўмитаси ҳукуматни Кремл билан алоқаси бўлган ва ўз пулларини Лондонда «айлантираётган» россиялик коррупциячиларга қарши янада фаолроқ ва қаттиққўлроқ курашишга чақирди. Ўз навбатида ҳукумат бундай кураш олиб бориш учун бир қанча воситаларга эга эканлиги ва, аллақачон, улардан фойдаланаётганлигини таъкидламоқда.

Қонунчилик таъбири билан айтганда, Умум палатанинг ташқи ишлар қўмитаси томонидан «Британиядаги рус коррупцияси» бўйича олиб борилган текширувлар асосида ишлаб чиққан ҳисоботи буйруқ кучига эга эмас, балки тавсиядир. Мазкур текширувлар юзасидан қандайдир янги қонун лойиҳалари ва аниқ қадамлар ташланиши мумкин, лекин бу парламент учун мажбурий эмас.

Мазкур кураш давомида ҳукумат шу чоғга қадар қабул қилинган ва тез орада қабул қилиниши кутилаётган баъзи қонун ҳамда қарорларга таяниши мумкин.

Британияда аксарият одамлар ҳукуматни россияликлар, нигерияликлар, покистонликлар, араблар ва бошқаларнинг «ҳаром пуллари»га қарши, гўёки, етарлича курашмаётганликда айблайди.Британия ҳукумати сўнгги пайтларда, айниқса, жорий йилнинг март ойи бошларида юзага келган ота-бола Скрипаллар можаросидан кейин мамлакатда мавжуд келиб чиқиши шубҳали бўлган пул капиталлари айланмасига қарши фаол кураш олиб бориши ҳақида бир неча бор баёнот берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бош вазир Тереза Мэй

Якуний натижаларига кўра, юқорида тилга олинган ҳисобот қабул қилинган парламент текшируви тингловлари давомида мутахассислар ҳукуматнинг «ҳаракатсизлиги» икки омил орқали изоҳланиши мумкинлигини айтган эдилар. Биринчидан, ҳукумат текширувларни кучайтириш орқали хорижий сармоядорларни чўчитиб юборишни истамайди. Иккинчидан, мураккаб молиявий схемаларни фош қилиш ва капитал келиб чиқишининг ноқонунийлигини исботлашда британ полицияси етарлича куч ҳамда малакага эга эмас.

Скрипал можароси: Россия ва Ғарб ўртасида "совуқ уруш" бошланмоқдами?

Россия: Усмонов бешта бойдан биттаси

Sunday Times: Британиянинг энг бой одамларидан 16 нафари собиқ СССРдан чиққан

"Путин рўйхати"га Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов ҳам кирди

Қрим, Донбасс ва Скрипаллар ишидан сўнг янада мураккаблашиб кетган Россия билан ҳозирги муносабатлар фонида Бош вазир Тереза Мей бошчилигидаги ҳукумат аъзолари мазкур масала билан жиддий шуғулланишини бир неча бор таъкидлади.

Сармоядорлар визаси

Роман Абрамовичга Британия визаси берилмаганлиги атрофидаги шов-шувларни кимлардир ҳукуматнинг Лондонда ўрнашиб олган россиялик бойларга қарши кампаниясининг бошланиши, деб изоҳламоқда.

Бироқ кун тартибига кўтарилган савол бир бойнинг визаси узайтирилмаганлигиданда анча кенгроқдир.

Узоқ муддатли «сармоядор визаси» Британияга 2 миллион фунт (тахминан $2,8 миллион)дан кам бўлмаган сармоя ётқизишга тайёр бўлганларга берилади. Ҳукуматнинг эслатишича, 2014- 2015 йилларда бундай визалар бериш тартиби ва талаблари кучайтирилган. Оқибатда, виза олиш учун сўровлар миқдори 84 фоизга камайиб кетган. Ҳозирда мазкур тартиб-қоидалар қайтадан кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари март ойида ўша пайтдаги ички ишлар вазири Эмбер Радд парламентга россияликларга берилган 700 атрофидаги «сармоядор визалари»ни қайтадан текшириб чиқишга кўрсатма берганини маълум қилган эди.

Қисқача айтганда, виза ва мамлакатга кириш учун бериладиган рухсатномалар хорижликларга таъсир ўтказишда қўлланиладиган қулай воситалардир - исталган одамга бирор сабабсиз виза бермаслик мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Собиқ Ички ишлар вазири Россия бойваччаларининг "сармоядор визалари" текширилишига доир буйруқ берганди

Изоҳланмаган бойлик

2017 йил баҳорида Британия парламенти «Жиноий келиб чиқишга эга молиявий бойликлар тўғрисида»ги (Criminal Finance Act) қонунни қабул қилган эди. Ушбу қонун «ҳаром пуллар» ва уларнинг эгаларига қарши курашда ҳукуматга анча қўл келди.

Мазкур қонунга асосланувчи ва энг кўп мубоҳасага сабаб бўлган воситалардан бири - бу «келиб чиқиши номаълум бойлик бўйича сўров» (Unexplained Wealth Order)дир. Бу сўровнинг мазмуни қуйидагича: ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз ватанида жамоатчилик эътиборида бўлган ва Британияда 50 минг фунт стерлинг қийматдан бошланувчи мулкка эга хорижликдан мазкур мулкни харид қилишда ишлатилган маблағнинг келиб чиқишини изоҳлашини суд орқали талаб қилиши мумкин.

Мободо сўровни йўлланган шахс унга жавоб бермаса ёки пулларни қонуний йўл билан ишлаб топганини исботлай олмаса, у ҳолда ўша мулк музлатиб қўйилади. Агар мулк эгаси суд ва полицияни тақдим этилган маълумотлар орқали алдашга урингани аниқланса, у судни ҳурмат қилмаслик айби билан икки йилгача қамоққа тушиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Кайман ороллари ҳам "ҳаром" пуллар ювиладиган минтақа саналади...

«Жиноий келиб чиқишга эга молиявий бойликлар тўғрисида»ги қонуннинг ушбу қисми жорий йил бошидан кучга кирди. Февраль ойининг сўнггида умумий қиймати 22 миллион фунтга тенг икки кўчмас мулкка нисбатан «келиб чиқиши номаълум бойлик бўйича сўров» юборилган. Ҳозирча бу сўров оммага маълум ягона ҳолат сифатида қолмоқда. Британия Миллий криминал агентлиги мулкларнинг эгалари номини ошкор қилмаётир, лекин матбуот тарқатаётган маълумотларга кўра, улар россиялик эмас.

Миллий хавфсизликка таҳдид

Тез орада Британияда «Санкциялар ва пул ювишга қарши кураш тўғрисида» (Sanctions and Anti-Money Laundering) қонун қабул қилинади - бу борадаги қонун лойиҳаси парламент муҳокамаларининг деярли барча босқичидан ўтиб бўлди.

Мазкур қонунга эҳтиёж Брексит билан боғлиқ: ҳозирда Британиянинг санкция режимларидаги иштироки Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича умумий сиёсатига асосланади, Иттифоқдан чиқиб кетиш жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг мамлакат ўз санкциялар тизимини яратишига тўғри келади.

Бундай янги қонунни қабул қилиш эҳтиёжи тушунарли бўлсада, у санкциялар жорий қилиш бўйича ҳукуматга жуда кенг имкониятлар бериши билан эътиборни жалб қилади - ҳукумат инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилишдан тортиб миллий хавфсизликка таҳдид важи билан санкциялар эълон қилиши мумкин.

Аксар сиёсий кузатувчилар тахминига кўра, Британия Европа Иттифоқидан тўлиқ чиқиб кетгандан сўнг (режа бўйича бу жараён 2019 йил март ойининг сўнгги қисмида якунига етади) Россияга нисбатан янада қаттиққўл санкциялар жорий қилади. Бугунги кунда Британия расмий Москвага нисбатан кўпроқ хайрихоҳ кайфиятда бўлган қатор Иттифоқ аъзолари орасида ўзини жиловлаб туришга мажбур бўлмоқда.

Магнитский қонуни

АҚШ ёки Литвадан фарқли ўлароқ, Британия бундай ном остида алоҳида қонун қабул қилмаган, лекин бошқа қонунларга муқобил кайфиятдаги моддаларни киритиб ўтган.

Коррупция ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганлик учун санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги модда (уни норасман «Магнитский қонунининг ўзгартирилган шакли» деб аташган эди) жорий йилда пул ювишга қарши кураш бўйича ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига қўшилган эди. Бу модда асосида мамлакатга киришни тақиқлаб қўйиш мумкин. Ҳукумат қонун кучга киргандан сўнг бундай тақиққа учраганларнинг қора рўйхатини эълон қилишга ваъда бермоқда.

Шунингдек, «Жиноий келиб чиқишга эга молиявий бойликлар тўғрисида»ги қонунда коррупцияга оид жиноятлар иштирокчилари ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айбланган шахсларнинг активларини музлатиб қўйиш борасида ҳам сўз боради.

Айни вақтда парламент муҳокамасида инсон ҳуқуқларини бузиш ва коррупцияга оид жиноятлар учун санкциялар жорий қилишни кўзда тутувчи яна бир қонун лойиҳаси турибди. У 2017 йил декабрида лейборист Иен Остин томонидан муҳокамага киритилган. Ушбу қонуннинг иккинчи ўқилиши жорий йилнинг 15 июнига белгиланган. Бошқа қонунларда аллақачон ўхшаш мазмундаги моддалар киритилгани ҳисобга олинса, бу қонун қабул қилинадими ёки йўқ, деган саволга аниқ жавоб бериш анчайин мушкул.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek