Эрон аёллари ҳижобини ташлади – кейин нима бўлди?

Масиҳ Алинежад Фото муаллифлик ҳуқуқи Masih Alinejad
Image caption Масиҳ Алинежад

Эронлик Масиҳ Алинажод ўз мамлакатида аёлларнинг ҳижоб ёки рўмол ўрашга мажбурланишига қарши ҳаракат бошлаганига беш йил бўлди. Бу вақт ичида минглаб аёллар ҳаракатга қўшилди. Ҳаракат ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, мисли кўрилмаган кўча намойишлари бошланиб кетишига сабаб бўлди - бироқ унинг аъзолари ўз мақсадига эришиш арафасидами?

Ҳаракат оддийгина ҳолатдан бошланади: Эроннинг тоғли йўлларидан бирида бир аёл сочларини шамолда ёйганча ўз машинасида эркинликдан масрур кетиб борар эди.

Бу эронлик аёллар 1979 йилдаги Исломий Инқилобдан кейин маҳрум қилинган эркинлик эди. Масиҳ Алинажод бу лаҳзани тасвирга муҳрлаб, беш йил олдин ижтимоий тармоқлар орқали тарқатади.

Шундан сўнг у бошқа аёлларни ҳам ўз эркинликларининг яширин онларини улашишга ундай бошлайди. Натижада мамлакатнинг турли бурчакларидан аёллар Масиҳни суратларга кўмиб ташлайдилар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Эронда аёллар яна сайловда қатнашмоқдалар

Бу мажбурий ҳижоб кийишга қарши ижтимоий тармоқларда кўтарилган #MyStealthlyFreedom (#МенингЯширинEркинлигим) ҳаракатининг бошланиши эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи My Stealthy Freedom
Image caption Эронлик аёллар

Ўтган вақт давомида мазкур ҳаракатдан бошқа ҳештаглар ҳам ажралиб чиқди: #whitewednesdays (#оқчоршанбалар), #girlsofenghelabstreet (#инқилобкўчасиқизлари), #mycameraismyweapon (менингкамерамменингқуролим).

Масиҳни ижтимоий тармоқларда 2,5 миллиондан зиёд фойдаланувчи кузатиб боради ва у ҳукумат ҳисоблашишга мажбур кучга айлана олди.

Онлайн таҳдидлар

Ўзининг "The Wind In My Hair" (Сочларимдаги шамол) китобида Масиҳ Шимолий Эрондаги кичик қишлоқнинг динга берилган оиласида вояга етиш ҳақида ёзади.

Масиҳ ўз оиласи даврасида ҳам рўмол ўраб ўтиришга мажбур эди. Унда ўзи ўсаётган муҳитда мавжуд аёлларга нисбатан адолатсизликка қарши кучли норозилик уйғониб борар эди.

У «доимо овози бўғилган одамларга ўз сўзини баралла айтиш» имконини беришни истагани ҳақида айтади. Масиҳнинг ўзи ҳам Эронда яшаган чоғлари «овози бўғилган» эди.

Бироқ унинг ҳаракати ўзига зарар келтирмай қолмади.

2009 йилдан бери АҚШда ихтиёрий-мажбурий сургунда яшаётган Масиҳ ҳибсга олиниш эҳтимолидан қўрққани сабабли Эронга эркин бора олмайди. Унинг оиласига мамлакатни тарк этиш тақиқланган. Отаси эса қизи билан гаплашмай қўйган. Масиҳнинг сўзларига кўра, отаси ҳукумат вакилларининг ташвиқоти ортидан қизи тўғрисида ёмон қарашга бориб қолган.

Эрон янги мессенжер иловаси орқали «Америкага ўлим» демоқда

Масиҳ доимий ўлим таҳдидларига кўникиб қолгани ҳақида сўзлайди.

Масиҳ яқинда таниқли Basiji (ҳукуматпараст кўнгилли қуролли гуруҳ аъзоси)дан Facebook орқали хабар олганини айтади: «Сени чавақлаб ташлаймиз… Танангни нимталаб, бўлакларни оилангга жўнатамиз.»

Мен ундан ҳаракатни бошлаганидан афсусланиши ёки йўқлиги ҳақида сўрайман. «Ҳеч қачон,» жавоб беради у. «40 кун давомида улар аёллар ҳуқуқи ҳақида гапиришнинг мавриди эмаслигини таъкидлашдан тўхтамадилар, лекин ҳозир улар аёлларни назорат қила олмаяптилар.»

«Бутун ҳукумат мажбурий ҳижоб ҳақида гапирмоқда - бу аёлларнинг қудрати қанчалик эканлиги кўрсатади.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Анъанадорлар эса мана бундай либослар тарафдори...

Шиддатли босим

Ҳукуматнинг ҳаракатга нисбатан муносабати кескин бўлди.

2017 йил декабрь ойидан бери биргина пойтахт Теҳроннинг ўзида 35 нафардан ошиқ намойишчи аёллар ҳибсга олинди. Полиция намойишларда иштирок этган аёллар 10 йил муддатга қадар қамоққа ташланиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Апрел ойининг сўнггида ахлоқ полициясидан бўлган аёл нозир рўмолини ечган бир аёлни қўлидан тортқилаб, тарсаки туширган эди. Бу Эронда камёб ҳолат эмас.

Фақат бу сафар ушбу ҳолат тасвирга олиниб, Масиҳ Алинажоднинг Instagram саҳифаси орқали оммага тарқатилди. Видео 3 миллиондан зиёд одам эътиборини ўзига жалб қолиб, унинг остида 30 мингдан ортиқ изоҳ қолдирилди.

Ҳодиса халқаро шов-шувга ҳам сабаб бўлди. Ҳаттоки Эроннинг аёллар масалалари бўйича вице-президенти бўлмиш Маъсума Эбтекар ҳам бу ҳолатни қоралаб чиқди. «Бундай муносабатни қандай оқлаш мумкин,» деб изоҳ қолдирди у ўз Twitter саҳифасида.

«Инсон қадри»

Нилуфар (исм ўзгартирилган) мажбурий ҳижобга қарши намойиш қилгани учун ҳибсга олинган эди. Унинг айтишига кўра, аёлни бир кишилик ҳибсхонада тутиб туриб, қийноққа солганлар, дўппослаганлар.

Ҳаракатнинг Эронда истиқомат қилувчи фаол аъзоларидан бири Масиҳнинг кампанияси орқали «оддий одамлар ҳукуматнинг муносабат билдиришга мажбур қилиш йўлида бирлашаётгани»ни айтади.

«Ижтимоий тармоқ одамларга цензурани йўқ қилиш йўлида куч бермоқда.»

«Мен доим бу ҳаракат фақатгина рўмол ўраш ёки сочни ёпиб юришга қарши эмас, балки бизнинг инсон сифатидаги қадр-қимматимизни қайта тиклаш йўлида бошланган, деб келаман,» қўшимча қилади у.

Нилуфар «Оқ Чоршанбалар ҳаракати бошлангандан бери аёллар янада жасурроқ ва жасоратли бўлганлари»га ишонишини маълум қилади.

Бундай фикрлар Масиҳга у Эронда аниқ ўзгаришларни амалга ошираётгани борасида ўзига бўлган ишончини янада оширишга ёрдам беради. У мамлакатда асл ўзгаришлар аллақачон бошланганига ишончи комил.

«Аёллар ҳижоб тўғрисидаги қонунлар олиб ташланишини кутмайдилар, қонунларни аёлларнинг ўзлари олиб ташлайдилар,» дейди у.

Лондонда яшовчи ёзувчи ва маданият танқидчиси бўлмиш Шива Раҳбаранга кўра, Эрон ҳукумати кучайиб бораётган ҳаракатни бостиришда муваффақиятсизликка учради.

«Исломий Инқилобдан бери аёлларни тийиб туришга қаратилган барча ҳаракатлар фақат акс таъсир кўрсатди,» сўзлайди у.

"Дунёвий ўрта қатламга мансуб аёллар томонидан бошланган ушбу норозилик ҳаракати, ҳозирга келиб, ўтмишда Исломий режим пойдевори бўлган қашшоқроқ ва диндор ижтимоий қатламларга ҳам кўчди."

Ижтимоий тармоқлар орқали жаҳонга тарқалаётган Эрондаги воқеалар изсиз йўқолиб кетмаслигини тахмин қилиш мумкин.

«Эрондаги аёлларга нисбатан адолатсизлик ҳали-бери тугамайди,» дейди Нилуфар. «Лекин келажакда ҳар бир аёл ўзида талаб қилишга жасорат топа олгандан сўнг улар ҳуқуқларимизни тан олишга мажбур бўладилар.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek