Инглизча «дунёнинг севимли тили» бўлиб қола оладими?

Children learning English in India Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бугунги кунда дунёдаги юз миллионлаб одамлар инглиз тилида сўзлашади, лекин ривожланиб бораётган таржима технологиялари ва «дурагай» тиллар унинг мавқейига путур етказмайдими?

Қайси мамлакат энг кўп инглиззабон одамлари ёки бу тилни ўрганаётганлар сони билан мақтана олади?

Жавоб - Хитой.

Cambridge University Press томонидан чоп этилган тадқиқотга кўра, Хитойда 350 миллионга қадар одам инглиз тилини қайсидир даражада ўзлаштирган - инглиззабонлар сони Ҳиндистонда камида 100 миллион нафарни ташкил қилади.

Хитойда инглиз тилида сўзлашувчилар сони, катта эҳтимол билан, инглиз тили она тили бўлган америкаликлардан кўпдир (америкаликларнинг бешдан бир қисми ўз уйида инглизчадан бошқа тилда гаплашади).

Бироқ инглиз тили яна қанча вақт «дунёнинг энг севимли тили» сифатидаги мақомини сақлаб қола олади? Жаҳон Иқтисодий Форуми жаҳон бўйлаб 1,5 миллиард атрофидаги одам инглиз тилида мулоқот қилишини тахмин қилсада, ушбу тилни она тили, деб ҳисоблайдиганлар сони 400 миллиондан камроқдир.

Инглиз тилида ҳам шевалар бўлиши табиий. Ҳатто Англиянинг ўзида ҳам шевалар бисёр. Тарихий бандаргоҳ шаҳар бўлмиш Портсмутда маҳаллий аҳоли ҳануз Помпей шевасида сўзлашади. Кучайиб бораётган интернет ва америка инглизчасининг таъсири ҳам ушбу шевани мулоқотдан сиқиб чиқара олмаган.

Инглиз тили дунёнинг севимли lingua franca (турли тилда сўзлашувчилар учун умумий тил)сидир. Одамлар ўзлари учун бегона тил муҳитига тушиб қолганларида инглиз тили ёрдамига ошиқадилар. Тасаввур қилинг, француз тилини билмайдиган хитойлик ва хитой тилини билмайдиган француз учрашиб қолди. Улар бир-бирини тушуниш учун, катта эҳтимол билан, инглиз тилидан нажот излайдилар.

Бироқ бундай ҳолатни тахминан беш йил олдин кузатиш мумкин эди. Замонавий дунёда компютер таржимонлар ва овозни аниқлаш технологияларидаги ривожланиш шарофати билан ушбу хитойлик ва француз ўз она тилларида сўзлаб, ўз суҳбатдоши сўзларини тушуна олиши мумкин.

Шундай экан, инглиз тилининг дунёдаги энг кенг тарқалган тил сифатидаги кунлари саноқли қолган бўлиши мумкин. Бу воқеликни янада драматик тарзда ифодалаш мумкин: компютерлар дунёни эгалламоқда ва у ғалаба улар томонда.

Бу мақола ҳам, аслида, инглиз тилида ёзилган. Бироқ компютер ёки мобил қурилмангиздаги бир неча белгиларни босиш орқали сиз уни бошқа тиллар, масалан, немис ёки япончада ўқий оласиз. Компютерлар бизнинг хизматимизда экан, инглиз тилини қийналиб ўрганишнинг нима зарурияти бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Айни вақтда халқаро бизнес билан шуғулланишни истасангиз ёки, ҳеч бўлмаганда энг сўнгги видео ўйинларни ўйнашни хоҳласангиз, инглиз тилини ўрганишингизга тўғри келади. Аммо ҳамма нарса жуда тез ўзгармоқда.

Калифорниядаги Стенфорд университетидан компютер технологиялари бўйича олим Вонкюм Ли рақамли таржимонлик ва овозни аниқлаш технологиялари устида ишлайди. Асли жанубий кореялик ушбу олимнинг мақсадлари рўёбга чиқса, мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига сим қоққан шахс у билан инсон ёки компютер гаплашаётганини фарқлолмай қолади.

Айни университетда машиналар ўрганиши, лингвистика ва информатика бўйича профессор сифатида меҳнат қиладиган Кристофер Маннинг яқинда келажакда компютер технологиялари инсон билан тенг ёки ундан юқори даражада бўлиши борасида бош қотиришга ҳожат йўқлигини таъкидлайди. Бу технологиялар такомиллашишда давом этаверади.

Лекин бу инглиз тили юзлашаётган ягона муаммо эмас. Кўплаб одамлар иккинчи ёки учинчи тил сифатида қўллагани боис инглиз тилининг маҳаллий тиллар хусусиятларини ўзига олган дурагай кўринишлари кенг тарқалиб бормоқда. Фақатгина Ҳиндистоннинг ўзида ҳинглиш (ҳинд-инглиз), бенглиш (Бенгал-инглиз) ва танглиш (тамил-инглиз) тилларини учратиш мумкин.

АҚШда эса келиб чиқиши Марказий ва Жанубий Америкага бориб тақаладиган испан-америкаликлар испанглиш тилида сўзлашадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тил ўзаро алоқа воситасидан кўра кўпроқ аҳамиятга эга. Тил орқали ўзлик намоён қилинади- шахснинг сўзлаётган тилига қараб, унинг кимлигини аниқлаш мумкин. Ўз шеърларини испанглиш тилида битадиган сан-франсисколик шоир Жозая Луис Алдерете бу тилни «қаршилик ва матонат тили,» деб атайди. Унга кўра, испанглиш америкалик испанлар учун ўзликни сақлаб қолиш ва тарихий меросини фахр билан намоён қилишнинг ёрқин намунаси сифатида гавдаланади.

Инглиз тилининг халқаро тилга айланишида икки қудратли миллат - АҚШ ва Буюк Британиянинг ўрни катта. Бироқ иқтисодий қудрати янада ортаётган Хитой инглиз тилининг мавқейига соя солмоқда.

Агар сиз Жанубий Африка минтақасида вояга етиб, ҳаёт йўлингизни бошлаш арафасида турган бўлсангиз, сизда мактабда ўрганган инглиз тилингиз билан АҚШ ёки Британиядан иш топишдан кўра хитой тилини ўрганиб, Чин давлатига кетиш имконияти кўпроқдир.

АҚШнинг ўзида хитой тили жуда тез суръатларда оммалашмоқда. 2015 йилда ушбу тилни ўрганаётган ўрта таълимдаги ёшлар сони икки йил ичида икки баробарга ортгани хабар қилинганди. Олий таълим олаётган ёшлар ичида хитой тилини ўрганиш суръати эса сўнгги ўн йилликда 50 фоизга кўтарилган.

Угандада эса барча ўрта мактаблари дарсларни тўлиқ инглиз тилида олиб бориши шарт ва аксар угандалик ота-оналар ўз фарзандларига инглиз тилини она тили сифатида ўргатадилар. Дунёнинг кўп қисмида инглиз тили ҳали ҳам омадга етакловчи калит ҳисобланади.

Хўш, инглиз тилининг келажаги ростдан ҳам хавф остидами? Унинг халқаро ҳукмронлиги яқин ўн йилликларда чекланиши тахмин қилинсада, бундай деб бўлмайди. Барча тиллар каби инглизча ҳам доимий ўзгаришга учраб, янги талабларга кўникмоқда. Жуда яқин вақтларга қадар инглиз тилидаги "text" (матн) ва "friend" (дўст) отлари жуда содда маънога эга эди. Ҳозирда эса, ижтимоий тармоқлар шарофати билан, "I'll text you" (Мен сенга хабар ёзаман) ёки "Why don't you friend me?" (Нега мени дўстлар сафига қўшмайсан?) феъллари ҳам мавжуд.

Компютерлаштирилган таржимонлик технологияси, дурагай тилларнинг кенг тарқалиши ва қудрати ортиб бораётган Хитой - буларнинг бари инглиз тили учун асл рақиб бўла олади. Бироқ Шекспир, Милтон ва Дикенс юртида туғилиб, улар тилида сўзлашадиган ҳар қандай одам инглиз тилини фахр билан ўз она тили, деб ҳисоблашда давом этаверади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар