Балкондаги болакайни қутқарган малиликка Франция фуқаролиги берилади

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
4-қаватга ўрмалаб чиққан 22 ёшли малилик муҳожир Франция Президенти билан учрашди

Париждаги балконларнинг бирида осилиб қолган ёш болакайни қутқарган малилик мигрант Мамуду Гассамига Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат фуқаролигини беришини маълум қилган. Мамуду Францияда қаҳрамонга айланган

Мамуду Гассами осилиб қолган 4 ёшли болакайни қутқариш учун балконлар оша 4 қаватга 40 сонияда етиб борди. Видеода малилик мигрант балкондан балконга ошаётган вақтда пастда турган оломон томонидан олқишланиб турганини кўриш мумкин.

Францияда қаҳрамонга айланиб кетган Мамудуни мамлакат Президенти Эммануэль Макрон Елисей саройида қабул қилди ва унга Франция фуқаролиги берилишини маълум қилди.

Президент Мамуду Гассамига шахсан миннатдорчилик билдирган ва жасорат медали билан тақдирлаган. Макрон Мамудуга ёнғинга қарши курашиши хизматидан иш таклиф қилган.

Ҳодиса шанба куни тушдан сўнг Париж шимолидаги кўчалардан бирида содир бўлди.

Мамудунинг айтишича, бино олдида оломон тўпланиб турган вақти кўчадан ўтиб кетаётган бўлган.

Франциянинг BFMTV каналига гапирган малилик балконда осилиб турган болани кўргач, "Мен ҳеч нарсани ўйламадим, уни қутқардим", деган.

"Уни қўлларимга олганимда, бола билан гаплашдим. Нимага бундай қилганини сўрадим. Аммо у жавоб бермади".

Париж ўт ўчириш хизмати ҳодиса жойига келганида болакай аллақачон қутқарилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мамуду душанба куни Макрон билан учрашган
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мамуду Президент саройидан чиқиб журналистларга жасорати учун олган фахрий ёрлиғини кўрсатди.

Маҳаллий расмийлар таъкидлашича, боланинг ота-онаси у вақтда уйда бўлмаган.

Боланинг отаси ўғлини қаровсиз қолдиргани бўйича полиция томонидан сўроққа тутилган. Унинг онаси айни дамда Парижда эмаслиги айтилмоқда.

Париж мэри Анна Ҳидалго ҳам 22 ёшли қаҳрамонни мақтаган ва унга миннатдорчилик билдириш учун идорасига чақирганини айтган.

У Мамудуни 18 чи даҳа спайдермени, деган ва барча фуқароларга ўрнак эканлигини билдирган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар