Путинни нега олиб ташлашди?

«Ота Ватанга хизмат» номли ҳайкалтарошлик мажмуаси
Image caption Бир неча кун олдин минбар ёнида бронзадан ясалган Путин турганди.

29 май куни Россиянинг Курганский вилоятидаги Частоозерье қишлоғида «Ота Ватанга хизмат» номли ҳайкалтарошлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Илк режага кўра, ёдгорлик марказида Россия президенти Владимир Путиннинг 3,5 метрли ҳайкали қад ростлаши лозим эди. Бироқ сўнгги дақиқаларда ушбу ҳайкалдан воз кечишга қарор қилинди.

Путинсиз қолган ёдгорлик ўзида Россия Федерацияси харитасини акс эттиради. Унинг таркибидаги минбарда Россия президентининг қасамёд матни битилган. Айнан шу минбарда Путиннинг бронза ҳайкали ўрнатилиши режаланган эди.

Маҳаллий одамларнинг Би-Би-Си журналистларига маълум қилишича, ёдгорлик ўрнатилганига бир ҳафта бўлди. Путин ҳайкалини эса икки кун олдин олиб ташлашган.

Ёдгорлик ўрнатилишининг ташаббускори - Частоозерье қишлоғининг фахрий фуқароси, Курганский вилоятидан сайланган Давлат Думаси депутати ва «Единая Россия» партияси вакили Александр Ильтяков . Мажмуа очилишида сўз олган Ильтяков ёдгорликка Путин ҳайкалининг қўшилиши унга «таҳқирона» кўринганини тилга олиб ўтган.

Депутатнинг ҳисоблашича, Путин - камтарин инсон. «Олтин ҳайкал»нинг яратилиши ортидан эса бундай ёдгорликлар қўзиқориндек кўпайиб, ўзига хос одат урфга кириши мумкин. Шу билан бирга ўтган ҳафта Ильтяков Би-Би-Си мухбирига Частоозерьедаги Путин ҳайкали ўрнида қолишини айтган ва бу ёдгорлик эмас, балки таркибида президент ҳайкали мавжуд бўлган ҳайкалтарошлик мажмуаси, дея ўз сўзида туриб олган эди: «Танқидлар бошланганда кўпчилик қулоқ солиш ва тушунишни истамайди - ҳақорат қилишни бас қилинг, бу Путинга бағишланган ёдгорлик эмас, бу мамлакат тарихидир! Президентнинг бу ерда ҳеч қандай алоқаси йўқ, буни кўпчилик англамайди. Ғоя бошидан президентни шарафлайдиган олтин ҳайкални ўрнатиш бўлмаган, ахир!»

Фото муаллифлик ҳуқуқи znak.com
Image caption Бронзадан ясалган Путинни қаёққа олиб кетишгани номаълум

Znak.com интернет нашри бироз олдинроқ Ильтяковнинг ушбу ташаббуси Россия президенти маъмуриятида норозилик уйғонишига сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эди. 29 май куни Би-Би-Си билан суҳбат давомида депутат бу борадаги саволга аниқ жавоб қайтаришдан қочди. У ҳукумат расмийлари билан маслаҳатлашганини тасдиқлади, лекин улар ташаббусдан норози бўлгани ёки йўқлигига изоҳ бермади.

Image caption Бунга қадар ака-ука Ильтяковлар Георгий Победоносец, Сергей Есенин, Петр ва Фаврония ҳамда Александр Невский ёдгорликларини ҳам ўрнатишган.

Унинг сўзларига кўра, муҳокама натижасида минбардан президент ҳайкалини олиб ташлашга қарор қилинган. Бунинг ўрнига, эндиликда, исталган одам бўш қолган минбарда ўзини мамлакат раҳбари, деб ҳис қилиш имконига эга бўлган. Кейинроқ мажмуадан оммавий қасамёдлар келтириш йўлида фойдаланилиши тахмин қилинмоқда.

Мажмуанинг умумий қиймати 130 минг долларга тушган. Ильтяков ўз ташаббусини амалга ошириш учун шахсий маблағидан фойдаланганини айтмоқда. Шунингдек, мажмуа учун маҳаллий аҳоли ва шу ҳудудда фаолият юритувчи «Велес» номидаги гўшт комбинати ҳам хайрия қилган. Мазкур комбинат Ильтяковларнинг оилавий бизнеси саналади. Депутат ушбу бизнес асосчиси, унинг укаси Дмитрий эса бош директордир.

«Ота ватанга хизмат» ака-ука Ильтяковлар томонидан қишлоққа инъом қилинган ягона ёдгорлик эмас. Бунга қадар Георгий Победоносец, Сергей Есенин, Петр ва Фаврония ҳамда Александр Невский ёдгорликлари ҳам бўлган.

Депутат 1990 йилларда қишлоқ йўқ бўлиб кетиш арафасига бориб қолгани, лекин ҳозирга келиб, барча ишлар олдинга юриб кетганини айтади. «Бундай гуллаб-яшнаш ниманинг шарофати билан юзага келганини яхши тушунаман. Столыпин айтганидек: Россияга 25 йил хотиржамлик беринг ва сиз уни танимай қоласиз… Президентимиз раҳбарлиги остида биз бундай хотиржамликка эришдик ва равнақ топиш имконига эга бўлдик. Ҳа, санкциялар муаммоси бор, бу жуда оғир, лекин ҳаммаси яхшиликка. Бизни бўғиб қўйишди ва ўзимиз бу бўғиқликдан чиқиб кетишимизга тўғри келди. Ва бу мажмуа билан биз президентимизга машаққатли меҳнати, Ватанга хизмати учун раҳмат айтишни истаймиз.»

Олиб ташланган Путин ҳайкали қаерга олиб кетилгани ҳозирча номаълум. Ильтяков ҳайкал «тинч жой»да сақланишини айтмоқда. Бундан ташқари у вақти келиб, ҳайкал ўзи учун аталган жойга қайтишига ҳам умид билдирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ