"Ўзиюрар машина" сабаб бўлаётган ўлимлар учун ким айбдор?

Tesla driver death Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Tesla'нинг автопилот функциясидан фойдаланиб кетаётган 38 ёшли Уолтер Хуанг автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмди.

Тўлиқ ўзиюрар машиналар ва ҳайдовчига кўмак кўрсатувчи технологиялар ўртасидаги тартибсизлик йўлларда турли бахтсиз ҳодиса ҳамда ўлимларга сабаб бўлмоқда. Бунга ким айбдор ва бундай оқибатлар олдини олиш учун нима қилмоқ зарур?

Ўзиюрар машиналар аллақачон бизнинг орамизда ва яқин келажакда уларнинг сони янада ортади. Бироқ ҳамма ҳам тўлиқ мустақил машинага ўтиришни истармикан?

Бунинг ўрнига кўпчилик машинани ўзи бошқариб, унинг устидан тўлиқ ҳукмронликни сақлаб қолишни хоҳлаши мумкин.

Ҳайдовчисиз машиналар борасида урчиган қўрқинчли гаплар ортидан аксарият одамлар уларнинг имкониятлари ва чекловларини текшириб кўришга ошиқмоқда.

Яқинда Британияда Tesla автомашинасини бошқариб кетаётган шахс уловни автопилотга қўйгандан сўнг орқа ўриндиққа ўтиб олгани учун жазога тортилган эди. Гувоҳлар машина соатига 64 километр тезликда кетаётган бўлганини айтади.

Жазога тортилган шахс фойдаланган Tesla'нинг Autopilot тизими катта йўлларда машинанинг мустақил равишда ўз тезлигини ошириш, тормоз бериш ва бурилиш имконини беради, лекин у ҳайдовчи ўрнини тўлиқ эгаллашга мўлжалланмаган.

Volvo, Mercedes-Benz ва Cadillac каби бошқа ишлаб чиқарувчиларда ҳам шунга ўхшаш механизмлар мавжуд.

Бироқ уларнинг ҳеч бири тўлиқ мустақил бўлишга мосланмаган.

Руль чамбарагидаги қўллар

АҚШнинг SAE International муҳандислик ташкилоти томонидан ўрнатилган меъзонларга кўра, машиналар мустақиллик даражасига қараб, олти йирик категорияга бўлинади.

Биринчи Босқичга мансуб уловларда ҳеч қандай автоматлаштириш кўзга ташланмайди. Бешинчи Босқич машиналари эса ҳар қандай шароитдаги йўлларда инсон иштирокисиз бемалол ўзини бошқара олади.

Ҳозирда жаргонда «ҳайдовчи ёрдамчиси» деб аталувчи тизимлар Иккинчи Босқичга мансуб. Бундай машиналарда руль бошқаруви тўлиқ ҳайдовчи қўлларида бўлади.

Бироқ ҳамма ҳам бундай тизимлар моҳиятини аниқ англайвермайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳайдовчининг техник ёрдамчисига таянган ҳайдовчи ўзи ва пассажирларни ҳалок қилиши мумкин.

Tesla'нинг Autopilot тизими бир неча оғир ҳалокатларга сабаб бўлди. Уларнинг иккитаси ўлим билан тугаган.

Тесла компанияси Autopilot номи ҳайдовчиларни бошқарувни машина ихтиёрига топшириб қўйишга қизиқтириши борасидаги иддаоларни рад этади. Компания Германия ҳукумати томонидан ушбу номни ишлатишдан воз кечиш ҳақида қўйилган талабларни рад этган.

Компания ўз мижозлари қолдираётган изоҳлар "улар Autopilot нима эканлиги, унинг хусусиятлари ва ундан қандай фойдаланишни яхши билиши"ни кўрсатаётганлигини айтади.

Шунга қарамай, 2016 йилдан бери Tesla ўз тизимларига ҳайдовчиларни қўлларини руль чамбарагидан олмасликка ундовчи аниқ огоҳлантиришларни қўшиб бормоқда. Огоҳлантиришларга амал қилмаган ҳайдовчилар Autopilot тизимидан блоклаб қўйилади.

2016 йилда Mercedes ўзининг E-Class'ини «ўзиюрар машина» деб реклама қилгани учун танқидларга учраган эди.

Кейинроқ компания ушбу рекламани қайтариб олди. Бу амалга «мижозлар иккиланишига сабаб бўлишдан сақланиш мақсадида» қўл урганини маълум қилди.

Одамларни йўқ қилиш

Lyft ва Uber каби уловдошлик фирмалари тўлиқ автоматлаштирилган технологиялар устида ишлаётган бўлсада, Бешинчи Босқич машиналарининг кўчаларда пайдо бўлишига ҳали анча бор.

Waymo компанияси бундай мақсадга етишиш арафасида турганга ўхшайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хитойдаги Tencent ширкати ўзиюрар автомобилини Шенжен жамоат кўчаларида синовдан ўтказишга лицензицяни қўлга киритган

Шу йилнинг охирларига бориб Google қарамоғида ташкил қилинган ушбу компания Аризонанинг Феникс шаҳрида ҳайдовчисиз такси хизматини таклиф қилишни режалаштирмоқда. Дунёнинг бошқа бурчакларида ишга туширилган бу турдаги хизматлардан фарқли ўлароқ Waymo таксиларида хавфсизликка жавоб берувчи ҳайдовчи бўлмайди.

Бироқ бу таксилар Феникснинг алоҳида белгиланган нисбатан кичик ҳудудида хизмат кўрсатади. Компания хизмат ҳудудини синчковлик билан белгилаб чиққан.

Бундай чегараланган хизмат ва одамларга тўла катта шаҳарларда эркин юрувчи машиналар даври кириб келиши ўртасида салмоқли қадам ташланмоғи лозим.

Синов

«Ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш маҳсулотни бозорга чиқаришдан катта фарқ қилади,» изоҳлайди Швецариядаги Авлиё Галлен университети профессори Уолтер Бреннер. У ҳайдовчисиз машиналар дунёни қай даражада ўзгартириб юбориши ҳақида ҳикоя қилувчи «Автоном бошқарув» китобининг ҳаммуалифидир.

«Улар тамомила бошқа-бошқа дунёлардир. Тестлар технологиянинг кучи ва камчиликларини кўрсата олгани билан фойдали, лекин улар барибир шунчаки синов, холос.»

Шу йилнинг бошларида Аризона штатида автоном ҳолатда кетаётган Uber'нинг синов машинаси бир аёлни уриб кетди. Аёл йўлга чиқиб кетганда машина ўзини-ўзи тўхтатмаган. Оқибатда аёл дунёдан кўз юмган.

Аниқроқ айтганда, тўлиқ автоматлаштирилган машиналар йўлларда пайдо бўлиб, кундалик ҳақиқатга айланганга қадар ҳали анча иш қилиниши зарур. Бугунги кунда бу мақсадга эришиш йўлида тадқиқотлар авжида, миллионлаб пул сарфланмоқда.

Масъулият

Хавфсизлик бўйича мутахассислар машина ишлаб чиқарувчи компаниялар мижозлар ҳаётини сақлаш йўлида янада масъулиятли бўлиши лозим, деган фикрда.

"Бундай технологияни Autopilot деб номлаш… бу мижозлар хаёлини чалғитиши мумкин," дейди Британия суғурта саноати номидан автомобильларни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи Thatcham Research гуруҳи аъзоси Метю Эвери.

«Бу номни ўқиган одамлар шундоқ тугмани босаман ва машина ўз-ўзидан юриб кетаверади, деган хаёлга бориши мумкин.»

Жаноб Эвери ишлаб чиқарувчилар бундай технология суистеъмол қилинмаслиги йўлида кўпроқ бош қотириши лозим, дейди. Унга кўра, масалан, ҳайдовчини кузатиб борувчи камералар ўрнатилиши технологиядан фойдаланишда чегарадан чиқиш бўлиши мумкин.

Бироқ у автоматлаштиришган бошқарув хавфсизлик бўйича қатор муҳим афзалликларга эга эканлигига ишонади.

Фавқулодда автомат тормозлаш технологияси ва йўловчиларни аниқлаш тизими ҳалокатлар сонининг қисқаришига ёрдам бераётганини исботловчи қатор далиллар мавжуд. Аммо янада такомиллаштирилган тизимлар олдинга ташланган қадам бўлиши мумкин.

«Ҳозирда йўлни иккига бўлиб турувчи чизиқни кузатувчи тизимлар бундай технология афзалликларини оширмоқда. Чизиқдан йўлни кесиб ўтиш учун югуриб чиққан йўловчини аниқлаган машина автоматик тарзда тормоз бера олади.»

'Қатъий жазолар'

Уолтер Бреннер ҳайдовчилар ва машина сотувчилари ярим-автоматлаштирилган тизимлар борасида яхшироқ билимга эга бўлишлари лозим, дейди.

Бреннернинг фикрига кўра, билимлар оширилган билан баъзи одамлар технологиянинг имкониятларидан ортиқча фойдаланишга уринишлари мумкин - уни синаб кўришади, ҳаттоки, у билан турли ҳунарлар кўрсатиб, мақтанишади.

Бундай ҳолатларда жазо қатъий бўлмоғи лозим, дейди у.

"iPhone'даги янги ўзгаришни синаб кўриш ва соатига 100 километр тезликда ҳаракатланаётган машина билан ўйнашиш ўртасида катта фарқ бор," тушунтиради жаноб Бреннер.

«Бундай одамлар ўзгалар ҳаётини хавф остига солаётгани учун қаттиқ жазога тортилиши керак.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ