Саудия Арабистони жинсий зўравонликни жиноят сифатида малакалашига эҳтиёж борми?

2018 йил январида Саудия Арабистонида аёлларга ҳам стадионда футбол кўриш рухсати берилди Фото муаллифлик ҳуқуқи FAYEZ NURELDINE
Image caption 2018 йил январида Саудия Арабистонида аёлларга ҳам стадионда футбол кўриш рухсати берилди

Саудия Арабистонининг Шўро (Маслаҳат) Кенгаши қиролликда жинсий зўравонликни жиноят сифатида малакаловчи қонунни маъқуллади.

Мазкур қонундан кўзланаётган асосий мақсадлар «жинсий зўравонлик жиноятига қарши кураш олиб бориш, бундай жиноят олдини олиш, жиноятчиларни жазога тортиш ва Исломий ҳуқуқшунослик ҳамда амалдаги тартиблар орқали кафолатланган дахлсизлик, инсоний қадр-қиммат ва шахсий эркинликни таъминлаш йўлида зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш»дан иборат.

Саудия Арабистони: аёл рулга ўтириши мумкин

Саудия Арабистонида опера санъати ривожлантирилади

Саудия Арабистони ўзгаришлар бўсағасидами?

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, қонун қораламаси қирол Салмон кўрсатмалари асосида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Бироқ жамиятда эркаклар ва аёлларнинг ўзаро қоришиб кетиши қатъиян тақиқланган Саудия Арабистонидек исломий консерватив қиролликда бундай қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий тармоқлардаги аксарият саудияликларнинг кулгисига сабаб бўлган.

Янги қонунга кўра, жинсий зўравонликда айбланган шахс икки йилга қадар қамоққа ташланиши ёки $26,600 миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда, масалан, зўравонлик бир шахс томонидан қайта амалга оширилганда, жазо беш йилгача қамоқ ва $80,000 га қадар жарима билан тугалланиши мумкин.

Эҳтимолий қурбонлар шахсининг сир сақланиши белгиланган ушбу қонун, шунингдек, жинсий зўравонликни рағбатлантириш ва бу юзасида ёлғон маълумот бериш ҳолатларини ҳам жиноятга тенглаштиради.

Қонунда белгилаб қўйилишича, зўравонлик қурбонлари ўз аризаларини қайтариб ололмайди ёки бундай ҳодиса содир бўлганда бу ҳақида полицияга хабар беришга мажбур бўлади.

Бундан ташқари жамоат ташкилотлари ва хусусий институтлар гарданига жинсий зўравонликнинг олдини олиш учун ҳар қандай зарурий шароитни яратиш мажбурияти юкланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 2018 йил апрел ойида эса Саудия кинотеатрларни очди

Ўтган қисқа вақт ичида янги қонун ижтимоий тармоқларда кенг акс-садолар тарқалишига сабаб бўлди. Саудияликлар Twitter'да «зўравонлик қонунига қарши» номли арабча ҳештагни бир неча соат ичида 29,200 марта қўлладилар. Қолдирилаётган изоҳларнинг аксарият қисми ҳазиломуз оҳангда бўлиб, фойдаланувчилар «қизларга ачиниши»ни билдирмоқдалар.

"Қизлар учун афсусдаман. Илтимос, Twitter'да мени ортиқ кузатманг. Бундан буён аёл кузатувчиларни қабул қилмайман," деб изоҳ қолдирган @fantasticSaeed номли фойдаланувчи.

Abdulrahman номидаги фойдаланувчи шундай ёзади: «Улар қонун қораламасини ишлаб чиққанларида ҳаёлимга келган биринчи нарса қизларга гапиришга ҳаққим йўқлиги бўлди.»

Фойдаланувчи @majed_9_4 эса бир эркак ўз дугонасига тасодифан юракча эможисини жўнатиб юборганидан. сўнг унинг квартирасига махсус хизмат гуруҳи бостириб киргани акс этган анимацияли видеони улашди.

Фойдаланувчи Ashwaq тарқатган карикатурада эса тушкунликка тушиб қолган эркак ёнидаги маҳбусга аёл кишига юракча эможисини билмасдан жўнатиб юборгани учун қамалганини айтганда, даҳшатга тушган маҳбус нарига қочиб кетгани тасвирланади.

Бошқа фойдаланувчилар мазкур қонунни олдинга ташланган сезиларли қадам сифатида олқишлаб, унда ворис шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг рольи катта эканлигини эътироф этмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Келаси ойдан эса саудиялик хотин-қизларга машина ҳайдаш мумкин бўлади

«Ота-она тарбиясини олмаганларни тарбиялайдиган ҳукумат бор. Одамларнинг қизлари сизларга таҳқирлаш мумкин бўлган ўйинчоқ эмас. »

Фойдаланувчи @khaledomar1996 «бундай чўчитувчи қонун амалда жорий қилингандан сўнг жинсий тажовуз йўқолиб кетиши»га умид билдирмоқда.

Баъзи фойдаланувчилар эса қолдирилаётган ҳазил изоҳларни жиддий қабул қилиб, уларнинг муаллифларини огоҳлантирган ҳам: "давлат ишлари ва қонунларини мазах қилиш ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мемлар тарқатиш кибер жиноятларга қарши қонунга асосан жамият ахлоқи ва маънавиятига путур етказиш, деб малакаланади."

Бошқа одамлар жинсий зўравонликни келтириб чиқарадиган хулқ-атворга нисбатан ҳам чекловлар ўрнатилиши талаб қилганлар.

Аёллар ўз ҳикояларини улашмоқда

Февраль ойида муслималар Ҳаж зиёрати ва бошқа диний зиёратгоҳларда ўзлари юзлашган жинсий тажовуз ҳамда шилқимликларни #MosqueMeToo (#МасжидМенҲам) ҳештаги остида ҳикоя қилган эдилар.

Мисрлик-америкалик феминист ва журналист Мона Элтаҳави 2013 йили Ҳаж зиёрати давомида ўзи дуч келган жинсий тажовуз ҳақида сўзлаб берган эди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, ўтган ҳафта Саудия Арабистонида камида 11 нафар аёллар ҳуқуқи фаоллари ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти аёлларнинг машина ҳайдаш ҳуқуқи учун ҳаракат ташкиллаган нозик жинс вакиллари бўлган.

Эскилик тарафдорларининг қаршилигига қарамай, кейинги ойдан қиролликда аёлларнинг машина ҳайдаш ҳуқуқига қўйилган тақиқ олиб ташланиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek