Болани беш ёшгача ва ундан ҳам кўпроқ эмизса нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Болаларни беш ёшга тўлгунча, ҳаттоки, ундан ҳам кўпроқ вақт эмизса бўладими?

29 яшар инглиз аёли Эмма Шардлоу Ҳадсон ўзининг беш ёшли қизчаси ва иккига чиққан ўғлини кўкрак сути билан боқади. Баъзида болаларнинг иккалови бир вақтнинг ўзида онаси кўкрагини эмадилар. Аёлнинг айтишича, кўкрак сути фарзандлари соғлиғи учун жуда фойдали бўлиб, унда "антижисмлар мавжудлиги" шарофати билан болалар касалга жуда кам чалинади.

Британия Соғлиқни сақлаш миллий тизими оналарга болаларни ўз ихтиёри билан сутдан қайтгунча эмизишни маслаҳат беради.

Одатда, аёлларга туғруқнинг илк олти ойи давомида эмизишни тўхтовсиз давом эттириш, ундан сўнг эса аста-секин болани овқатга ўргатиб бориш тавсия этилади.

Бола эмизмай қўйган инглиз аёллари

Британияда 80 фоиз атрофидаги оналар, тавсияларга амал қилган ҳолда, туғруқдан сўнг болаларини эмизадилар, лекин аксарият инглиз аёллари бир неча ҳафтадан сўнг бу амални тўхтатиб қўядилар.

Ҳозирда Британиядаги олти ойлик чақалоқларнинг атиги учдан бир қисми она сути билан озиқланади. Бу борадаги ҳисоб гўдаклар бир ёшга тўлганда 0,5 фоизга қадар тушиб кетади.

2016 йилда ўтказилган халқаро тадқиқот хулосаларига кўра, Британия фарзандини кўкрак сути билан боқадиган аёллар сони бўйича дунёда энг қуйи ўринларда туради.

Мутахассисларнинг қайд этишича, кўпчилик аёллар туғруқдан сўнг эмизишни бошлаш борасида турли қийинчиликлар билан тўқнаш келади: уларга туғруқнинг илк кунларида зарур бўлган ёрдам умуман кўрсатилмайди ва, шунингдек, илк фарзандини дунёга келтирган ёш она кўкрак сути билан озиқлантириш борасида тажриба тўплаш учун ҳеч қандай кўмак ололмайди.

Шу билан бирга жамоат жойларида гўдагини эмизишига тўғри келиб қолган кўпчилик аёллар бу иш давомида ўзини ноқулай ҳис қилади ва, оқибатда, болани сунъий озиқлантира бошлайди.

Кўкрак сутидан афзали йўқми?

Кўкрак сути билан озиқлантириш ҳам бола, ҳам онанинг соғлиғи учун фойдали, деган фикрни мутахассислар тасдиқлайди.

Кўкрак сути гўдакни инфекциялар, диарея ва қайт қилишдан сақлайди, шунингдек, улғайганда ундаги семизлик хавфини камайтиради.

Оналарни эса эмизиш келажакда кўкрак ва тухумдон саратони ривожланиши хавфидан асрайди.

Қисқача айтганда, эмизишнинг фойдаси бисёр, лекин болани неча ёшга қадар эмизмоқ даркор?

Айни вақтда мазкур саволга аниқ жавоб бериш учун илмий маълумотлар етарли эмас. Шу сабабдан ҳам аёлларга фақат умумий тавсиялар таклиф қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

«Болани, бошқа овқатлар билан бирга, камида икки ёшга тўлгунга қадар кўкрак сути билан озиқлантириш мақсадга мувофиқдир,» дейилади Британия Соғлиқни сақлаш миллий тизими вебсайтида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоблашича, кўкрак сути билан озиқлантиришни камида бола икки ёшга тўлмагунга қадар давом эттириш мумкин.

Бироқ Қироллик педиатрия институтидан доктор Макс Дейви ҳамма нарсанинг ўз чегараси бўлиши лозим, шу жумладан, эмизишни ҳеч қандай нафи қолмагунча давом эттириш ярамайди, дейди.

"Икки ёшга чиққунча гўдак ўзи учун зарур бўлган барча озуқавий моддаларни олиши керак, бу ёшдан сўнг она сути унинг соғлиғи учун ҳеч қандай фойда келтирмайди," ҳисоблайди у.

'Эмизишнинг ҳеч қандай зарари йўқ'

Аёлларнинг эмизишни давом эттириш ёки тўхтатиш борасида қарор олишига кўпгина омиллар таъсир ўтказади. Кўп нарса ёш она ишига қайта оладими, дўстлар-яқинлар уни қўллаб-қувватлайдими ва у эмизиш давомида ўзини нақадар эркин ҳис қила олади каби саволларнинг жавобига боғлиқ.

Шунингдек, унутмаслик лозимки, эмизиш давомида она ва бола ўртасида руҳий яқинлик юзага келади.

«Эмизиш - ўта шахсий масала,» дейди доктор Дейви.

«У бола ва она муносабатларини мустаҳкамлаши мумкин ва исталган ҳолатда ҳам у ҳеч қандай зарар келтирмайди. Шу сабабдан одамлар ўзлари зарур, деб ҳисоблаган ишни қилишлари лозим.»

Баъзи аёллар жисмоний чекловлар туфайли фарзандини кўкрак сути билан боқишда қийналиши, ҳаттоки, умуман эмиза олмаслиги мумкин. Бошқа аёллар эса қатор сабабларга кўра эмизишдан воз кечиб қўя олади. Бироқ мутахассислар айтганидек, бу уларнинг танлови ва унга ҳурмат билан қараш зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek