Туркиялик имомлар чиқариб юборилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бош вазир Курц Австрияда сиёсий Исломга ўрин йўқ, деб айтган

Австрия ҳукумати туркиялик 60га яқин имом ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган.

Туркиянинг молиявий дастаги билан фаолият юритган етти масжид, жумладан, пойтахт Венадаги уч масжид ёпилади.

Бош вазир Себастян Курц бу ҳақдаги қарорга турк жамоатига тегишли масжидлардан бирида Чаноққала шаҳидларини хотирлаш маросимида ҳарбий кийим кийиб чиққан болалар томошаси сабаб бўлганини айтган.

Австрияда чоп этиладиган Falter журнали тадбирдан суратларни чоп этган, уларда турк байроқларини ёпиниб олган болаларнинг ерда ётгани акс этганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бош вазир Курцнинг таъкидлашича, ушбу қарор "сиёсий Исломга қарши кураш"нинг бир қисми.

Курц "параллел жамиятлар, сиёсий Ислом ёки радикаллашувга жамиятимизда ўрин йўқ" деб айтган.

Ҳукуматнинг айтишича, ҳозирда Австриядаги 260 имомдан 60 нафари текширилмоқда.

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калин Австрия ҳукумати қарорини қоралаган.

Унга кўра, ушбу қарор "мамлакатдаги Исломга қарши, ирқчи ва популист оқимнинг ҳаракатларидан бири"дир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар