«Нега сизга бу сафар ҳам ишонишимиз керак?» – Путинни ноқулай ҳолга солган саволлар

Путин ва журналист Фото муаллифлик ҳуқуқи http://kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин 5 июнь куни Австрияга ташрифидан олдин ORF телеканалига интервью берди. Журналист Армин Волф бошқа ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ Путинни дангал ва ноқулай аҳволга солувчи саволларга кўмиб ташлади.

Хусусан, журналист Путинни Донбасс устида уриб туширилган Малайзия Boeing'ги ҳалокатига украин ҳарбийлари эмас, балки Курскдан келтирилган ракетадан фойдаланган россияпараст айирмачилар сабабчи бўлганини тан олишга чақирди. Шунингдек, у Путинни «подшо» деб ҳисоблайдиганлар тўғрисида президент фикрини билишга қизиқиб кўрди.Би-би-си Рус Хизмати мазкур интервьюнинг энг ёрқин онларини йиғишга ҳаракат қилди.

MH17 рейсининг ҳалокати ҳақида

Путинни нега олиб ташлашди?

Россия: Владимир Путин янги президент - Марказий Осиёни олдинда нималар кутмоқда?

Путин яна кўкрагини кўрсатди, чўртан балиқ қувди

Савол: 2014 йили Украина осмонида бортида 290 киши бўлган MH17 рейси уриб туширилди. Халқаро тергов комиссияси бир неча кун олдин самолёт Украина шарқидаги айирмачиларга кўмакка келган Россия армиясининг ракета тизими орқали уриб туширилгани ҳақида хулоса билдирди. Видео, телефон сўзлашувлари ва ўнлаб гувоҳлар мавжуд. Сиз эса бир йилдан бери бундай баёнотлар ҳақиқатни тўғри келмаслигини таъкидлаб келасиз, лекин деярли ҳеч ким сизнинг сўзларингизга ишонмайди.

Россия томони баёнотларига ўзингиз ҳам ишонмасангиз керак. Орадан шунча йил ўтгандан сўнг Украина шарқидаги айирмачилар Россия қуролидан фойдаланган ҳолда бундай даҳшатли жиноятга қўл урганини тан олиш вақти келмадимикан?

Жавоб: Бир нарсани қайд этиб ўтишни хоҳлаган бўлардим: ўзаро зиддиятли томонлар - ҳам украин армияси, ҳам айирмачилар, ҳаттоки, ўз етакчиларидан бошқа ҳеч кимга бўйсунмайдиган миллатчи батальонлар, Донбасс милицияси ва ҳудуддаги қуролли гуруҳларнинг бари Совет ва Россия қуролларидан фойдаланади. Гап тамом. У томонда ҳам, бу томонда ҳам турли хил қурол комплекслари мавжуд: ўқотар қуроллар, авиация, ҳаводан мудофаа комплекслари. Буларнинг бари Россияда ишлаб чиқарилган...

Савол: Лекин ҳозир самолёт «Бук» ракета комплекси орқали уриб туширилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу Курскдаги Россия армияси бригадаси бўлган. Бу аллақачон аниқ бўлган, сиз эса ҳануз рад этмоқчисиз. Ҳеч бўлмаганда, уриб туширишда фойдаланилган ракета Россияда ишлаб чиқарилганини тан олсангиз бўларди. Россия Украина шарқидаги исёнчиларга қурол-яроғ етказиб берганини ҳам тан олмайсизми?

Жавоб: Сиз сабрли бўлиб, мени охиригача тингласангиз, бу савол бўйича менинг нуқтайи-назаримни билиб оласиз. Ҳўпми? Мен сизга ҳар икки томон ҳам Россияда ишлаб чиқарилган қуролларни ишлатади, деб айтдим. Россия армияси ҳам худди шундай тизимлар билан қуролланган. Эҳтимол, улар Совет Иттифоқи даври ёки кейинроқ ишлаб чиқарилган. Бу биринчидан.

Иккинчидан, россиялик мутахассисларни текширувга қўйишмаяпти, бизнинг фикрларни ҳисобга олишмаяпти, комиссияда ҳеч ким бизни тинглашни истамайди. Қайтанга мазкур текширув натижаларидан манфаатдор бўлган Украина тергов жараёнларига жалб қилинган. Украина, ИКАОнинг халқаро тартибларидан келиб чиққан ҳолда, фуқаро ҳаво кемаларини инқироз давом этаётган ҳудуд устидан учиб ўтишини тақиқлаб қўйиши керак эди. Бу масала юзасидан масъулият Украина гарданида.

Савол: …агар бу Россия қуролли кучларига тегишли ракета бўлмаган бўлса, унда Ҳолландия, Австралия ёки Малайзиянинг барча айбни Россияга ағдаришдан қандай манфаати бор?

Жавоб: Йўқ, биз бундай ўйламаймиз. Бизнинг нуқтайи-назаримиз бошқача. Сиз ҳозир бу жиноят Россия ракетаси асосида содир этилган ва бунда Россиянинг қўли бор, деб ҳисобловчи давлатларни тилга олдингиз. Сизни хафа қилишга мажбурман. Яқиндагина Малайзия расмийлари бу жирканч жиноятда Россиянинг алоқадорлигини кўрмасликлари, уларда Россия алоқадорлигини исботлайдиган далиллар йўқлигини маълум қилдилар.

Қрим аннекцияси ҳақида

Савол: Ҳозирда аксарият одам Россия келтирадиган далилларга ишонмай қўйган. Бир неча йил олдин сиз «яшил одамчалар» номи билан машҳур бирор белгисиз яшил ҳарбий кийимдаги шахслар - маҳаллий ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари, деб айтган эдингиз. Орадан бир қанча вақт ўтиб, тўсатдан, улар Россия аскарлари бўлгани аён бўлди. Шундан сўнг сиз кўп бора ўша «одамчалар» Россия армияси вакиллари бўлганини тан олдингиз. Аммо бунгача буни рад этган эдингиз. Нега бу сафар ҳам сизга ишонишимиз керак?

Жавоб: У ерда Россия армияси доимо бўлиб келган. Биласизми, бир нарсани ҳадеб қайтаравермаслигингизни, бўлиб ўтган воқеани борича қабул қилишингизни хоҳлаган бўлардим. Қримда Россия қуролли кучлари доим бўлиб келган. У ерда бизнинг ҳарбий контингент бўлган.

Бир дақиқа, менга ҳам гап беринг. Фақат сиз савол беряпсиз ёки мени тинглашни ҳам хоҳлайсизми?

Украин воқеалари бошланганда биз биринчи бўлиб нима қилдик… Ўзи бу қандай воқеалар эди? Мен ҳозир айтаман, сиз эса ҳа ёки йўқ, дейсиз. Бу конституцияга зид равишда давлатни тўнтариш ва қурол билан ҳокимиятни босиб олиш эди. Бунга нима деб жавоб берасиз? Ҳа ёки йўқ?

Савол: Мен Украина конституцияси бўйича мутахассис эмасман.

Жавоб: Айнан Украина бўйича мутахассис бўлишингиз шартмас. Ҳуқуқ, исталган давлатнинг конституцион ҳуқуқ тизимини яхши билсангиз бўлди.

Савол: Мен Украина эмас, балки Россия сиёсати тўғрисида суҳбатлашишни истайман. Келинг, мен бошқача йўналишга ўтаман. Россия Қримни Украинага қайтариб бериши учун нима бўлиши керак?"

Жавоб: Ҳеч қандай шароит ва ҳолатда бу ҳол юз бермайди.

Евгений Пригожин ва Жорж Сорос ҳақида

Савол: Ғарб ҳукуматлари, Европа, ва, айниқса, АҚШ Россияни ҳакерлар воситасида бошқа давлатлар ички ишига аралашишда айбламоқда. Ҳар бир интервьюда сиз бу иддаони рад этиб келасиз. Бироқ ҳеч қандай шубҳа йўқки, узоқ йиллардан буён Facebook'даги оммавий муҳокамаларга таъсир ўтказиш билан шуғулланувчи Internet Research Agency номли ташкилот Санкт-Петербургда фаолият юритиб келмоқда.

«Троллар фабрикаси» деб аташ мумкин бўлган ушбу агентлик сиз яхши танийдиган Евгений Пригожинга тегишли. Уни «Путиннинг ошпази» деб ҳам атайдилар. Сизнинг барча меҳмонларингизга у хизмат кўрсатади. Наҳотки, Россия ҳукумати билан шунчалик яқин алоқада бўлган шахс троллар фабрикасини бошқарса? Шу яхшими сизнингча?

Жавоб: Сиз «Россия» дедингиз, сўнг ҳакерлар ҳақида гапира бошладингиз, шундайми? Сиз «Россия» деганингизда Россия давлатини назарда тутдингизми ёки юридик шахс мақомидаги ҳакерлар ё Россиянинг маълум фуқаролариними?

Савол: Мен жаноб Пригожинни назарда тутдим.

Жавоб: Ҳозир сизга Пригожин ҳақида гапириб бераман.

Мен сиздан Россия Федерацияси ҳукумати, Россия давлати, Россия фуқаролари ёки қандайдир юридик шахсларни фарқлашингизни, бир-бирига аралаштириб юбормаслигингизни илтимос қиламан.

Сиз ҳозир жаноб Пригожинни Путиннинг ошпази, деб аташлари ҳақида гапириб ўтдингиз. У ҳақиқатан ҳам ресторан бизнеси билан шуғулланади, бу бизнес унинг иқтисодий базасидир. У Петербургда ресторатор.

Лекин сиздан бир нарса ҳақида сўрашни истайман: сиз ростдан ҳам ресторан бизнеси билан шуғулланувчи, ҳакерлик имкониятларига эга, бу соҳада қандайдир фирмаси - мен, ҳатто, бу фирма нима билан шуғулланишини ҳам билмайман - бор шахс АҚШ ёки бошқа бир Европа давлатидаги сайловларга таъсир ўтказа олади, деб ўйлайсизми? Россиялик оддийгина ресторатор бутун бошли Бирлашган Ғарб ёки АҚШда юз бераётган ахборот ва сиёсий воқеаларга таъсир ўтказа олса-я? Бу кулгилимасми?

Савол: Жаноб президент, эҳтимол бу яхши ёки ёмондир, лекин бу ҳақиқат. Жаноб Пригожин нафақат ресторанларни бошқаради, балки унинг ихтиёрида Мудофаа вазирилиги билан шартномалар тузган ва кўплаб давлат буюртмаларини олувчи фирмалар ҳам мавжуд. У троллар фабрикасига миллионлаб доллар пул сарфлайди. Оддий рестораторга буларнинг ҳаммаси нима учун керак?

Жавоб: Буни уни ўзидан сўранг. Россия ҳукуматининг буларга ҳеч қандай алоқаси йўқ… АҚШда жаноб Сорос аталмиш бир шахс бор. У дунёдаги ҳар бир ишга бурнини тиқади. Америкалик дўстларимиз эса менга шундай дейишади: «Давлат сифатида Американинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.» Мана ҳозир гаплар тарқалиб ётибди - эмишки, жаноб Сорос еврони тебратишни истамоқда. Мутахассислар буни аллақачон муҳокама қилиб ётибдилар. АҚШ Давлат Департаментидан сўраб кўринг: у нега бундай қилмоқчи? Давлат Департаменти сизга «Бу жаноб Сороснинг шахсий иши, бунга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ,» деб жавоб беради. Бизда эса бу жаноб Пригожиннинг шахсий иши. Мана, сизга менинг жавобим. Бу жавоб сизга маъқулми?

Навалний ҳақида

Савол: …Россиядаги энг машҳур мухолифат фаоли Алексей Навалний сайловда ўз номзодини қўя олмади. Сиз ҳалигача бирор марта унинг исмини тилга олмадингиз. Нега?

Жавоб: Худди АҚШдагидек бизда ҳам ўзича исён кўтармоқчи бўлганлар тўлиб ётибди. Ҳамкасбингиз билан бўлган суҳбатда бу ҳақида гапириб ўтган эдим: АҚШда Occupy Wall Street номли ҳаракат бўлар эди. Қани ҳозир у? У энди йўқ.

Сизларда - бутун Европа ва Австрияда - жамиятда юзага келган қийинчиликлар ва муаммолар, хусусан, коррупция масаласи орқали одамлар онгини манипуляция қилишга интиладиган одамлар камми?

Масалан, Украинада мухолифатнинг ҳокимиятга келиш арафасида байроқ қилиб олган шиорларидан бири - бу коррупция билан курашиш бўлган. У ерда ҳозир коррупция давом этмаяптими? Европада Украинадаги коррупция ҳақида нима дейишмоқда? Ҳамманинг Украина ҳукумати бу масала бўйича жуда кам ишга қўл ураётганидан жаҳли чиққан. Нега сиз ўйлайсизки, биз… Бир сония…

Савол: Нега сиз унинг исмини омма олдида тилга олмадингиз?

Жавоб: Гапимни охирига етказишга имкон бермаяпсиз, бесабрлик қиляпсиз. Биз яна битта, иккита, учта ёки бешта Саакашвилини бурнимиз тагига келтириб қўйишларини истамаймиз. Биз сиёсий майдонимизда иккинчи, учинчи, тўртинчи нусхадаги Саакашвили пайдо бўлишини хоҳламаймиз. Сизга гўёки ўзини сиёсатчи сифатида кўрсатадиган шунақа шахслар ёқадими?

Путин - подшо?

Савол: Сиз 18 йил давомида президент ёки бош вазир кўринишида мамлакатни бошқариб келмоқдасиз. Баъзилар сиз демократия йўлида бўлган мамлакатда авторитар тизим ўрнатиб, подшога айланиб олганингиз ҳақида гапирмоқда. Бу тўғрими?

Жавоб: Йўқ, нотўғри. Бу, албатта, ҳеч қандай ҳақиқатга мос келмайди. Сабаби бизнинг давлат демократик, биз ҳаммамиз конституцияда белгиланган тартиб-қоидалар доирасида яшаймиз. Бизнинг конституцияда кетма-кет икки муддатдан сўнг президент сайлана олмайди деб ёзилган (менимча, Австрия конституциясида ҳам бу банд бор).

Шу сабабли икки қонуний муддатдан сўнг мен бошқа лавозимга ўтдим, конституцияга ўзгартириш киритмадим. Шундан сўнг, 2012 йилда мен сайлов орқали қайтдим, сайловда ютиб чиқдим.

Ярим яланғоч Путин ҳақида

Савол: У ҳолда менда охирги савол қолди. Бироз ноодатий бўлиши мумкин. Сизнинг ярим яланғоч ҳолда тушган суратларингиз жуда кўп. Бу давлат раҳбари учун ғалати.

Бу суратларни папараццилар ёки сайёҳлар олмайдилар, балки айнан Кремл томонидан эълон қилинади. Буни қандай изоҳлайсиз?

Жавоб: Худога шукур, сиз «яланғоч» эмас, «ярим яланғоч» дедингиз. Дам олаётган пайтимда буталар орқасига беркиниб олишим шарт, деб ҳисобламайман ва бунда ҳеч қандай ёмон нарсани кўрмайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар