Ҳаётда қийналмаслик учун ёрдам берадиган саккиз Хитой мақоли

варрак

Хитойликлар ўз мақоллари билан машҳур. Yànyŭ - адабиётлардан олинган ҳикматли сўзлар ёки асрлар давомида файласуфлар томонидан айтилиб келинган гаплардир. Бундай мақолларнинг аксари қадимий бўлишига қарамай, улар ҳамон замонавий дунё учун ўз долзарблигини йўқотмаган.

1. Турли қулфлар турли калитлар билан очилиши керак

Ҳаётда биз юзлашадиган муаммоларнинг ҳар бири ўзига хос ёндашувни талаб қилади. Бизнес тили билан айтганда ёки муносабатларни йўлга қўйиш ҳақида гап кетганда «бир калит барча қулфга мос келади» ёндашуви иш бермаслигини тан олиш муҳим. Мослашувчан бўлинг ва ўзингиз юзлашган ҳар қандай тўсиқни турли йўллар орқали енгиб ўтишга интилинг.

2. Кўр от фақат ўзини қўрқитар

Гоҳида кўпчилигимиз турли мураккаб масалаларга дуч келганимизда ўзимизни-ўзимиз қўрқув ва хавотирга соламиз. Қийинчиликларга тайёр бўлмаганлар осонгина қўрқувга тушади. Бу мақол бизга масаланинг асосини ўрганиш ва ҳар қандай вазиятда қадам ташлашга тайёр туриш ортиқча хавотирга тушмаслигимизда ёрдам беришини эслатиб туради.

3. Йўлбарсчаларни тутиш учун йўлбарс инига кирмоқ керак

Буни «ишламаган тишламайди» мақолининг ҳайвонлар қаҳрамонлигидаги муқобил кўриниши сифатида эътироф этиш мумкин. Омад ҳар доим ҳам ҳамроҳингиз бўлмаслиги мумкин, шу сабабли муваффақиятга эришиш йўлида гоҳида турли қийинчиликларни енгиш ва қурбонликлар беришга тўғри келиб қолиши мумкин. Бу мақол мақсадимизга эришиш учун ўзимизни ўтга ҳам, чўғга ҳам уришга мажбур бўлиб қолишимиз эҳтимоли борлигини бизга эслатиб туради. Севги йўлида курашмоқ мазкур мақол учун яхши намуна бўла олади: кимнингдир қалбидан жой олиш ҳамиша ҳам осон кечмайди - бу йўлда кўнглингиз жароҳат олиши мумкин, лекин, алал-оқибат, сиз бир умрга татигулик муҳаббатга эришасиз…

4. Чанқаб қолишдан олдин қудуқ қазинг

Бу мақолда етказилмоқчи бўлинган маъно жуда оддий: ҳар бир нарсани олдиндан режалаштиринг. Ҳар қандай эҳтимолий ҳолатга олдиндан тайёрланиб боринг, шундагина ёқимсиз вазиятларга тушиб қолганда довдираб қолмайсиз.

5. Ип қанча узун бўлса, варрак шунча баландга учади

Мақсадларингиз узоқ вақтга мўлжалланган бўлсин. Узоқ муддатга тузилган режалар вақт ўтиши билан ўзининг кўп муддатга етгувчи ҳосилини бера бошлайди. Ҳозирги рақамли дунёда аксар одамлар ўз режалари қисқа вақт ичида лаззатли мева бера олади, деб ўйлайдилар - бироқ ёддан чиқарманг - яхши натижаларни сабрли ва узоқни кўзлай оладиган инсонлар қўлга киритиши мумкин, холос!

6. Донишманд билан қурилган биргина суҳбат бир ойлик мутолаадан афзалдир

Ҳаммамизнинг кўзимиз телефон ва компютер экранларидан бошқасини кўрмайдиган бир замонда оддийгина инсоний суҳбат қадрини ёдга олиш муҳимдир. Ўзингизга керакли маълумотни шундайгина интернетдан олиб қўйиш ўрнига шу масала юзасидан мутахассис билан суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўринг. Ёдда тутинг: йиллар давомида йиғилган билим ва тажриба ҳар нарсадан устун! Уларни диққат билан тинглаш эса унданда фойдали.

7. Аёллар осмоннинг ярмини тутиб турар

Аёллар тенглигини тараннум этувчи шу каби сўзларни Мао Сзедун ҳам тилга олган эди. Хитой коммунистлари раҳбари «Бугун аёллар ва эркаклар тенгдир,» дея эътироф этган эди бундан ярим аср олдин. Ҳозирга келиб, бу мақол янада баландроқ жарангламоқда, эркаклар ва аёллар ўртасидаги нотенгликлар шиддат билан қисқариб бормоқда.

8. Дарахт экиш учун энг яхши вақт 20 йил олдин келган эди. Иккинчи энг яхши вақт эса ҳозир

Бугунги ишни ҳеч қачон эртага қолдирманг. Агар келажакда омадга эришиб, муваффақиятли шахс бўлиб етишишни истасангиз, бу йўлда ҳаракат бошлаш учун энг яхши вақт - ҳозир. Бундан ташқари ушбу мақол том маънода ҳозирги дунёйимизга ҳам мос келади. Агар яшил сайёрамизни асраб қолишни хоҳласак, уни заҳарлашни тўхтатиб, шу бугуноқ дарахт экишни бошлашимиз зарур.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар