Ёш болаларнинг рўза тутиши зарарлими?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Болалар дини ҳақида айтиб бермоқда

Немис докторлари мусулмон ота-оналарни Рамазон ойида ёш фарзандларини рўза тутишга мажбурламасликка чақирмоқда. Британ олимлари эса ёш болаларнинг рўза тутиши зарарли эмаслигини айтмоқда.

Профессионал Педиатрлар Ассоциацияси ота-оналар ўз болаларига рўза тутиш улар учун қанчалик «зарарли» эканлигини тушунтириши энг мақбул йўл эканлигини айтмоқда.

Рамазон ойида давомида дунёдаги миллионлаб мўминлар 30 кун давомида саҳардан шомга қадар ўзларини овқат ва сувдан тиядилар.

Жорий йилда Рамазон ёз ойининг илк кунларига тўғри келмоқда. Шу сабабли Европадаги одамлар кунига 18 соат давомида рўза тутишга мажбурдирлар.

Рўза тутиш болаларга қандай таъсир ўтказади?

Мусулмон болалар жинсий етукликка эришгандан сўнг рўза тутиши кутилади. Одатда, болалар 14 ёшга қадар жинсий камолотга етиша бошлайди..

Ислом динида ёш болалар рўза тутиши шарт эмас, лекин немис педиатрларининг айтишича, аксарият ота-оналар ёш фарзандларини рўза тутишга ундайдилар.

Жорий йилда Рамазон ойи «ўқув йилининг энг муҳим ҳафталари»га тўғри келгани учун мутахассислар рўза тутиш ва, айниқса, сувдан тийилиш мактаб ёшидаги болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.

«Биз Рамазон ойида доим юзлари оқариб кетган ва фикрини жамлашда қийналаётган болаларни кўрамиз,» дейди шифокорлар ўз баёнотида. Шифокорларнинг сўзларига кўра, баъзи ўқувчилар мактабда "кучли бошоғриқ ёки қорин оғришидан" ҳолдан тойиб қолгандан сўнг уларнинг олдига ёрдам сўраб келади.

Ёш болаларнинг рўза тутишидан фақатгина шифокорлар ташвишга тушаётгани йўқ. Немис ўқитувчилари ассоциацияси ҳам Рамазон ойи давомида мусулмон болалар рўза тутиш оқибатида толиқиб қолаётгани юзасидан тинимсиз бонг уриб келади, деб ёзади маҳаллий матбуот.

Рўза тутиш ноқонуний ёки хавфлими?

Ҳозирда бирор қонун ёки тартиб орқали болалар ё ўсмирлар рўза тутиши чеклаб қўйилмаган.

«Ҳаттоки ёш мусулмон болалар ҳам бемалол рўза тутиши мумкин,» дейди Германия маданият, ёшлар ва спорт вазири Сузанна Айсенман маҳаллий матбуотга.

Бироқ вазир ота-оналар ўз фарзандлари, айниқса, бошланғич мактабда ўқийдиган болалари соғлиғига масъул эканлигини таъкидлаб ўтган.

«Ота-оналар болалари соғлом йўл орқали рўза тутишини назорат қилиб боришлари лозим,» дейди Айсенман хоним. «Шунда болалар мактабда чарчаб қолмайдилар ва диққати ҳам бир жойга жамланган бўлади.»

Ўтмишда алоҳида институтлар болаларнинг рўза тутишига чек қўйиш учун курашганлар. 2015 йилда Лондондаги бошланғич мактаблардан бири ўз ўқувчиларининг рўза тутишини тақиқлаб қўйган. Мусулмон диний етакчиларидан бири мактабнинг ушбу қадамини «аҳмоқона» деб атаган эди.

Британия Миллий Соғлиқни Сақлаш Хизмати Рамазон ойи учун ишлаб чиқилган маслаҳатлари доирасида рўза тутиш болалар учун зарарли эмас, дейди.

Бироқ хизмат етти ёки саккиз ёшли болаларнинг рўза тутишини маслаҳат бермайди. «Болаларга рўза тутиш тартиб-қоидаларини ўргатиш ва бир неча соат давомида рўза тутишига имкон яратиш яхши амалиёт,» қўшимча қилади хизмат ўз маслаҳатларида.

Барча мусулмонлар рўза тутиши шартми?

Рамазон фикрни жамлаш, руҳни тозалаш ва Аллоҳга бўлган фидойиликни ошириш ойи сифатида кўрилади.

Бу ойда рўза тутиш Исломнинг беш устунларидан бири саналади ва барча балоғатга етган мусулмонлар рўза тутишга рағбатлантирилади.

Исломда фақатгина ёш болалар рўза тутишдан озод қилинмаган. Саёҳатда бўлган, ёши ўтиб қолган, ҳомиладор, эмизикли фарзанди бор, касалманд ёки хайз кўраётган мусулмонларнинг ҳам рўза тутмаслиги узрлидир.

Балоғатга етган мўмин ва мўминалар Рамазон ойида тута олмаган рўзасини йилнинг исталган ойида амалга ошириши ёки тутилмаган рўза эвазига фидя тўлаши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳайит намозидан сўнг муслима қизлар қўлларига хина қўйишади

Болалигида рўза тутганлар бу ҳақида нима дейди?

Риёз Иззедин Шри Ланкада туғилиб ўсган ва ҳозирда Лондонда яшайди. У илк рўзасини етти ёшида тутган. Иззединнинг айтишича, унинг рўза тутишига сабаб Рамазон ойида исломий амалларни бажараётган оиласи ва дўстларидан ажралиб қолмаслик бўлган.

«Биз у пайтда бутун ой рўза тутмасдик - балки ҳафтада бир кун ёки дам олиш кунида тутардик. Мактабга борадиган кунларим ортиқ овқатсиз юра олмаслигимни айтсам, ота-онам рўзамни бузишимга ижозат берардилар,» дейди у.

«Биз Рамазон ойи кунларига одатий кунлардек муносабатда бўлардик. Фарқини сезмасдик. Кунни кўчада ўйнаб, югуриб ёки велосипед миниб ўтказардик. Шунчаки бола эдик.»

"Албатта, ўйиндан кейин қорнимиз очарди, чанқардик. Кейин ифторликкача ҳар дақиқани санаб ўтирардик. Бироқ рўза тутишнинг бирор салбий таъсирини сезмаганмиз."

Ҳозирда 40 ёшни қоралаган жаноб Иззедин етти яшар қизчаси рўза тутишни истаса, рухсат бериши, лекин тутишга мажбурламаслигини айтади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek