Ўрта ёшларда сусайган жисмоний ҳаракат - ўлимга етаклайди(ми)?

Ортиқча вазн ҳеч қачон яхшилик келтирмайди Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ортиқча вазн ҳеч қачон яхшилик келтирмайди

Сиз ўз соғлиги ҳақида қайғуришни ортга суриб юрган ўрта яшар инсонмисиз?

Ундай бўлса, сиз учун нохуш хабарларимиз бор: бир неча тадқиқотлардан тасдиқланишича, бундай ҳолатнинг оқибати вой бўлиши мумкин.

Яқинда ўтказилган икки тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, ўрта ёшларда қон босимининг юқорилаши деменция (катта ёшларда пайдо бўлувчи ақлий ноқислик)га чалиниш хавфини ҳам оширади. Ўз соғлигини яхшилаш ҳақида ўйламайдиган одамлар эса эрта ўлимга кўпроқ мойил бўлади.

Хўш, ўрта ёшларда жисмоний ҳаракатнинг сусайиши қанчалик хавфли ва бу ростдан ҳам соғлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарадими?

Деменция хавфи

European Heart Journal'да эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, систолик қон босими симоб устунида 130 мм бўлган 50 ёшлардаги одамларда ёши ўтган сайин деменция ривожланиши эҳтимоли қон босими нормал ҳолатдаги одамлардан кўра бир ярим баробарга кўпроқ бўлади.

Симоб устунида 140 мм бўлган қон босими эса Буюк Британияда юқори ҳисобланади.

Олимларнинг айтишича, бир неча юқори қон босими ўртасидаги алоқа инсон учун сезилмас даражада содир бўладиган микроинсултлар натижаси орқали изоҳланиши мумкин.

Қайд этиш лозимки, 8,639 нафар иштирокчи ўрганиб кўрилган мазкур тадқиқот давомида 50 ёшда мавжуд юқори қон босими ва деменция ривожланиши эҳтимоли ўртасидаги алоқа кўрсатиб берилган бўлсада, сабаб нима, оқибат нима, деган саволларга жавоб берилмаган.

Бундай алоқа 60 ёки 70 ёшлардаги одамларда аниқланмаган.

Бундан ташқари аҳолининг маълум қисмида шундоқ ҳам ёши ўтган сайин деменцияга чалиниш эҳтимоли мавжуд.

Ҳозирда 45 ёшдан ўтган ҳар ўнинчи эркак ва ҳар йигирманчи аёл деменциянинг энг кенг тарқалган кўриниши бўлмиш Альцгеймер хасталигининг ривожланиши хавфи билан яшайди.

Жисмоний заифлик

Катта ёшларга борганда кўпчиликда юзага келувчи жисмоний камҳаракатлиликнинг тиббий муаммоларга сабаб бўлиши эҳтимоли анчадан буён бизга маълум.

Бироқ Lancet Public Health журналида чоп этилган янги тадқиқот доирасида 493,737 нафар беморнинг касаллик тарихи ўрганиб чиқилиб, унинг натижалари кичик ёшларда давом этган кам жисмоний ҳаракат катта ёшларда пайдо бўлувчи соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг кўрсаткичи эканлигига ишора қилмоқда. Шунингдек, ёшлигида кам жисмоний ҳаракат қилган қилган инсонларда эрта ўлим хавфи юқори бўлиши мумкин.

Олимлар қуйидаги муаммолардан камида учтасини ўзида ҳи сқиладиган одамларни жисмонан ожиз, деб ҳисоблайди:

• Вазн камайиши

• Доимий чарчоқ

• Бармоқларни ёпишдаги мажолсизлик

• Суст жисмоний ҳаракат

• Жуда секин қадам ташлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Энг муҳими - имкони борича тезроқ соғлом турмуш тарзига ўтмоқ зарур

Кўплаб бошқа омиллар (масалан, ижтимоий-иқтисодий мавқе, танада узоқ давом этган бузилишлар миқдори, чекиш, алкогол истеъмоли ваҳкз.)ни ҳам ҳисобга олганда 37-45 ёш ўртасидаги жисмонан заиф эркакларда эрта ўлим хавфи яхши жисмоний ҳолатда бўлганлардан кўра икки ярим баробар юқори бўлади.

Худди шундай натижалар бошқа ёш гуруҳларида ҳам кузатилди (45-55, 55-65 ва 65-73).

Ўхшаш натижалар 45 ёшдан юқори аёллар ўртасида ҳам аниқланди.

Тадқиқот давомида жисмонан заиф одамларда склероз ва хроник чарчоқсиндроми каби хасталиклар кўпроқ ривожлангани қайд этилган.

Тадқиқот муаллифи, Глазго Университети профессори Френсис Мейрнинг фикрича, жисмоний тайёргарлик ва машқларни имкон қадар вақтлироқ - кичик ёшларда бошлаш зарур.

Нима қилмоқ керак?

Тадқиқот иштирокчиларидан бири доктор Питер Ҳенлон, айниқса, эрта ёшларда аниқланган жисмоний заифлик билан курашиш мумкин, дейди.

Жисмоний ҳолати яхши бўлмаган инсонлар имкон қадар соғлом турмуш тарзига ўтиши лозим, дейди Шеффилд Университетидан скелет-мушаклар масалалари бўйича профессор Илария Беллантуоно.

«Энг муҳими - соғлом парҳез ва жисмоний машқлардир. Бу ягона ижобий натижалар олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар,» дейди у.

Қон босимини тушириш учун ортиқча вазндан халос бўлиш, чекишни ташлаш ва алкогол ҳамда туз истеъмолини кескин камайтириш лозим.

Деменция ривожланиши хавфидан хавотирда бўлганлар учун Альцгеймер касаллигини ўрганиш билан шуғулланувчи Alzheimer Research UK хайрия-тадқиқот ташкилотидан Лора Фиппс ҳам айни маслаҳатларни беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Истеъмолда туз қанча кам бўлса, шунча яхши

Ўз ҳаёт тарзини ўзгартиришга одамларни қандай ундаш мумкин?

Профессор Беллантуононинг сўзларига кўра, соғлиқ билан боғлиқогоҳлантиришлар ҳаммага ҳам бирдек таъсир қилавермайди.

Бундай одамлар учун руҳлантиришнинг бошқа йўлини топиш зарур.

«Бу йўл жуда оддий бўлиши мумкин - масалан, набиралар билан учрашув ёки футбол кўргани стадионга тушиш,» дейди мутахассис.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ