‘Наша алкоголдан хавфсиз'ми?

Чекиш Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

«Мен учун тунда бир чимдим наша чекиб олиш жума кечасида бир қадаҳ вино ичиш билан тенг.»

«Менинг тенгдошларим нашани ичкилик ва сигарет чекишдан кўра хавфсизроқ ҳисоблайди,» дейди 22 яшар Фей.

«Узоқ вақт [чекиш ва ичишнинг] соғлиққа нисбатан хавфлари ҳақида қулоғимизга қуйиб келдилар.»

Фейнинг ушбу сўзлари Лорд Ҳейгнинг нашани легаллаштириш бўйича қонунчиликка «ҳал қилувчи ўзгартириш» киритилишини таклиф қилиши билан бир вақтда айтилди. Лорд Ҳейг ҳукуматнинг нашани шахсий дам олишда қўлланилувчи модда сифатида ҳисоблашини истаган эди. Бироқ ҳукумат ториларнинг собиқ етакчиси бўлмиш Уилям Ҳейгнинг бу таклифини рад этди.

Фей (исм ўзгартирилган)нинг сўзларига кўра, унинг мактабида фақат бир нарса таъкидланган: «Ҳар қандай ҳолатда ҳам гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслигингиз лозим.» Айни вақтда, ўқувчиларга ичкилик ва чекиш келтириб чиқарувчи хавфлар ҳақида батафсил маълумот ҳам берилган.

"Бизларни бундай зарарли одатларга 'Йўқ!' дейишга ўргатишган, лекин ёшлар ҳаётининг қайсидир қисмида барибир гиёҳванд моддалар билан тўқнаш келади," дейди Фей.

Унинг ишонишича, жорий таълим тизими гиёҳванд моддаларга нисбатан қарашларни ўзгартиришнинг уддасидан чиқа олмаяпти. «Шунчаки гиёҳвандликка йўқ, дейишни ўргатиш ёшларни ҳақиқий ҳаётга тайёрлай олмайди. Асл ҳаётда эса гиёҳванд моддаларни исталган бурчакдан топиш мумкин.»

"Бутун ҳаётингиз давомида сизга 'Гиёҳвандлик сени ўлдириши мумкин,' деб айтишади. Сиз эса нашани бир марта тортиб кўрганингиздан кейин у ҳеч қанақа хавф эмаслиги, қайтанга сизга қувонч бағишлашини билиб қоласиз. Шунда сиз бу борадаги барча гаплар хатомикан, деб ўйлай бошлайсиз," сўзлайди Фей.

Назарбоева: наша ўсимлиги саноатини ривожлантириш керак

Тожикистон: "Гиёҳванднинг ҳаёти - дўзах"

Россиянинг Калининград вилоятида носвой атрофида баҳсу мунозаралар

Ўзбекистонда янги йилдан ароқ нархи ошади

Нашанинг салбий таъсирлари

  • Наша истеъмоли оқибатида ўзингизни ҳолсиз ва касал ҳис қилишингиз мумкин;
  • Наша чекиш сизда уйқи ҳисси ва летаргияни келтириб чиқариши мумкин;
  • Наша хотирага таъсир қилиши мумкин;
  • Наша баъзи одамларда параноя, диққатни жамлай олмаслик ва хавотирга сабаб бўлади; яна баъзи одамларда турли оғриқлар ва галлюцинация пайдо бўлиши мумкин;
  • Наша кишининг ҳайдовчилик маҳоратига ҳам таъсир қилади.

Шунингдек, мунтазам наша истеъмол қилиш, айниқса, ўсмирларда шизофрения каби руҳий бузилишларни келтириб чиқариши мумкин, дейди Лондондаги King's College'дан доктор Марта Ди Форти.

Telegraph газетасида Лорд Ҳейгнинг ёзишича, нашага тақиқ қанчалик кучайтирилар экан, «унга нисбатан олиб бориладиган ҳар қандай уруш мағлубият билан тугайверади.»

«Гиёҳванд моддаларни кўчалардан ва одамлар ҳаётидан ўчириб ташлаш ҳақидаги гаплар ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас,» ёзади у.

"Ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномалардан маълум бўлишича, улар нашани деярли ҳар нарса, жумладан, фаст-фуд, сигарет ва алкоголдан кўра осонроқ сотиб ололадилар."

Яқинда NHS Digital тақдим этган статистик маълумотлар Англиядаги ўрта мактаб ўқувчилари сигаретдан кўра гиёҳванд моддаларни кўпроқ истеъмол қилаётганлигига ишора қилади.

2016 йил кузги чорак пайти ўтказилган тадқиқот давомида 177 мактабдан 12,051 нафар ўқувчи суҳбатдан ўтказилган.

Натижалар таҳлили суҳбатлашилган 11-15 ёшли ўқувчиларнинг 24 фоизи ҳеч бўлмаганда бир марта гиёҳванд модда истеъмол қилганини кўрсатган. 2014 йили ўтказилган сўнгги тадқиқотда ушбу рақам 15 фоизга тенг бўлган.

'Нашанинг кайфини севаман'

Ҳозирда 24 га қадам қўйган Даррен (исм ўзгартирилган) 13 ёшидан бери наша чекади.

«Ишдан уйга чарчаб келганингда уни ёқиб, тутатасан ва миянг, тананг дам олади. Бир неча дақиқа ичида ҳаммаси жойига тушади,» дейди у.

«Мен нашанинг кайф беришини севаман.»

Даррен ёшлар нашани спиртли ичимликлардан кўра хавфсиз, деб кўриши борасида Фей билан ҳамфикр.

«Алкогол ўлимга сабаб бўлиши, жигарни емириши, нутққа таъсир қилиши ҳақида гапиришади. Одамлар спиртли ичимликлар келтириб чиқарувчи ҳолатлар туфайли оёқ-қўллари, ҳаттоки, ҳаётларидан айриладилар,» дейди у.

"Бироқ наша ҳақида унчалик кўп салбий фикр эшитмайсиз. У юмшоқроқ танловга ўхшайди - бироз сархуш бўласиз, лекин ўлмайсиз."

Аммо Даррен наша чекиш унинг имтиҳон баҳолари ва ўзлаштириш даражасига салбий таъсир кўрсатганини ҳам тан олади.

"Аъло баҳоларга ўқиганман. Балки бундан ҳам яхшироқ натижаларга эришишим мумкинмиди? Ҳар куни наша чекиш туфайли миямда шундай ички низолар пайдо бўлиб қолади," тан олади у.

"Чеккан пайтингиз еттинчи осмонда учиб юрасиз, лекин бир соатдан кейин виждон азоби сизни қийнай бошлайди."

«Бундан ташқари у чўнтакка ҳам оғир юк. Баъзи пайтларда ўзимни ҳолсиз ҳис қиламан, бирор иш қилгим келмайди.»

'Ҳозир анча яхши бўлиб қолган'

Дарренга кўра, нашанинг салбий ва ижобий жиҳатлари қандай бўлмасин, у фақат яширин қовоқхона ва тунги клубларда чекилади, деган фикр ҳақиқатдан йироқ.

«Ишдан ё бирор савдо марказидан озгина узоқлашишингиз билан наша сотиб ўтирган одамларни кўрасиз. Улардан маҳсулот сотиб олиш бирор муаммосиз кечади.»

«Ҳозир анча яхши бўлиб қолган. Одамлар нашани тор кўча ва бурчакларда ўтирадиган ўсмирларгина чекади, деб ўйлайди. Бироқ, билишимча, ҳаммаси ҳозир оддий бўлиб қолган.»

"Оналар, бобо-бувилар, полициячилар ва ўқитувчилар ҳам ҳозир наша тутатяпти."

Бу гапларга Фей шундай қўшимча қилади: «Ҳозир фақат мактаб ўқувчилари наша чекмайди. Уни сиз тасаввурингизга сиғдира олмайдиган одамлар ҳам чекмоқда.»

Фей наша истеъмолига нисбатан пайдо бўлган табу шахсий кўнгилхушлик ҳуқуқи билан алмашиши зарурлигига ишонади.

"Олдинлари арзон бўлгани учун экстаз истеъмол қилганман. Ҳозир эса нашани маъқул кўраман," дейди у. «Бу шунчаки дам олиш. Уни ҳар куни ҳам қилмайман.»

«Умуман олганда, биз наша чеккани учун одамларни айблашни бас қилишимиз керак.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek