Дунёнинг ишлари: 'Агар семиз бўлсам, ҳеч ким асл қиёфамни кўролмайди, деб ўйлардим'

The profile of a woman next to a pile of plates Фото муаллифлик ҳуқуқи Charlotte Edey

Болалигидан босим остида ҳақорат эшитиб катта бўлган қизларнинг кейинги ҳаётида семизликка мойиллиги ортади. Болалиги айни муҳитда ўтган бошқа аёллар сингари Полин Шарп ҳам ичидагини яшириш учун ҳаддан ташқари овқатга муккасидан кетган. 154 килограмли вазнини «ташқи дунёдан асл қиёфамни яшириб турадиган ниқоб» деб ўйлаган. Қуйида унинг ҳикоясига қулоқ тутишингиз мумкин.

Болалигимда еган таомларимнинг таъмини эслолмайман. 17 ёшимга қадар ота-онам мени жисмонан ва руҳан таҳқирлаб келдилар. Ҳар қандай сезги қобилиятим ўлиб бўлган эди. Асосий мақсадим жон сақлаш бўлганидан бирор нимани ҳис қилмас эдим.

Оилам яшаган уй шаҳар атрофидаги кўриниши зерикарли бошқа уйлардан фарқ қилмас эди. Аммо уйнинг ичи нақ дўзахга ўхшарди. Мени, асосан, дадам ҳақоратлар, онам эса унинг измидан чиқмас эди. Эрталаб дадам ишга кетаётганида онам унинг портфельини қўлда тутиб, эшик остида кутиб турар, ишдан қайтишида кечки таом билан қарши оларди. Онам пиширган бирор таом менга ёқмаган.

Кечки овқат пайти дадам менга «ғирт заҳарлисан, сенга овқат бераётганимизнинг ўзига шукур қил,» деб айтиб ўтирарди. Мен бу сўзларни жим эшитиб, онам пиширган пирог ушоқларини дастурхонга тўкиб юбормасликка уринар эдим. Умуман олганда, бирор сўз айтиб, уларни қаҳрига учрашдан қўрқардим. Фақатгина ота-онам учун «яхши қиз» бўлиш, уларнинг меҳрини қозониш ҳақида ўйлардим, лекин бу ҳеч қачон содир бўлмади.

«Ўзимдан кетиб қолган» пайтларим овқатдан маҳрум қилинар эдим. Шу сабабли қўлимга тушган нарсани ўғирлаб, қора кунлар учун йиғиб қўядиган одат чиқаргандим. Эсимда, бир куни шунчалик қорним очганидан болалар майдончасида ётган сақични ердан кўчириб, оғзимга солгандим. Пишлоқ, нон бўлаклари ва помидорларни яшириб қўйиб, ҳеч кимга билдирмай хонамда ердим. Агар мени тутиб олишса, аёвсиз жазоланардим. Ота-онамга мени жазолаш учун ортиқча баҳона ҳам керакмасди. Агар ётоғимни тўғри йиғмаган бўлсам ёки мактабдан беш дақиқага кеч қолсам, ёғоч чўмич бошимга тушар, бирор жойим тилинар ёки куяр эди. Ҳаммаси дадамнинг кайфиятига боғлиқ эди.

Улар мени таҳқирлашда овқатдан фойдаланишарди. Бир куни тонгда менга бўтқа беришди. Уни ҳазм қилолмай, қайт қилиб юбордим. Ўшанда онам қусқимни ўзимга мажбурлаб ичирган эди. Ҳануз шундай даҳшатли хотиралар мени таъқиб қилади.

Ота-онам бировларнинг уйига боришимни қатъиян тақиқлаган эди. Аммо бир куни дўстимникига боришга рухсат олдим. У уйга кира солишингиз билан қаҳқаҳа овозини эшитардингиз, ичкаридан янги пишган кулчанинг ёқимли иси келарди. Ичкарига кирганимда ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим… бу уйда болалар музлатгични бесўроқ очгани учун жазоланмас экан!

Болани беш ёшгача ва ундан ҳам кўпроқ эмизса нима бўлади?

Замонавий ифторлик: Нон ейиш зарарми? Палов-чи? Хулоса сиздан...

A girl sits in bed surrounded by sweets Фото муаллифлик ҳуқуқи Charlotte Edey

22 ёшга қадам қўйганимгача отам ва бошқа эркакларнинг жинсий таҳқирига чидаб яшадим. Ниҳоят, ота уйимни ташлаб чиқишга қарор қилдим, уларнинг назоратидан чиқишни истадим. Канадага энага бўлиб ишлаш учун кўчиб кетдим. Аммо қанчалик узоқда бўлсамда, улардан буткул озод бўлолмадим.

Ота-онамсиз «яхши» ҳаёт бунёд қилишга уриндим. Ҳаммаси ўз назоратимга ўтди энди, деб ўйладим. Бироқ улар ҳамон менинг онгимда яшар эди. Шу туфайли зарарли одатлар орттира бошладим.

Саккиз ёшимдан танамни таҳқирлашни одат қилган эдим. Уйда доим менга тананг заҳарга тўла, деб уқтирар эдилар. Шу сабабли танамга имкон қадар кўпроқ зарар етказишни истардим. Ичкиликка берилиб қолдим, бўкиб овқат ейишдан ўзимни заррача тиймасдим.

Дадам доим сен чириб кетганингни ҳамма кўриб турибди, дерди. «Чирик» танамни яшириш учун семиз бўлишим керак, деб ўйлардим.

Кайфиятим тушиб кетган пайтларда аламимни овқатдан олар эдим. Оч бўлмасам ҳам шуни ейишим керак, деб ўзимни ишонтирар эдим. Бир неча соат ичида бўкиб овқат ейиш мен учун одатий ҳолга айланиб қолганди.

Ошиб бораётган вазнимни мени ташқи дунёдан беркитиб турадиган ниқоб, деб ҳисоблардим. Семиз тана болалигимдан қулоғимга қуйишган ёмон сифатларим, ичимдаги ёвуз махлуқни одамлар кўзидан пана қилишига ишонардим. Қанча семирган сарим шунча кўринмас одамга айланиб бораётгандек ҳис қилардим ўзимни.

Семиз одамлар овқатни севади, деган қараш кенг тарқалган. Биласизми, мен, ҳаттоки, еган овқатимни таъмини ҳам ҳис қилмаганман. Қисқача айтганда, овқатланиш менга ёқмасди. Овқат мен учун асл қиёфамни яширишга ёрдам берадиган восита эди, холос.

Ёшим ўтган сайин кўчадаги ўспиринлар менга қараб: «Фил аёл!» деб бақирадиган бўлди. Улар каттариб бораётган жуссамни масхара қилишаётганини яхши англардим. Бундай муомала лойиқ эдим.

Йиллар давомида болалигим хотираларини ҳаммадан яшириб, ўзимни хурсанд кўрсатишга уриниб яшадим. Ҳеч кимга бу хотираларни айтиб, дардлашмадим. Ва, ниҳоят, 1991 йили севимли турмуш ўртоғимни учратдим. Бизда ширингина ўғилча дунёга келди. Мен фарзандим учун бахтли хотиралар яратиш ҳақида ўйлардим.

40 ёшга борганимда эса ҳаммаси чаппасига кетди. Таътилда юрган пайтим кийиниш услуби таниш бўлган бир эркакни кўриб қолдим. Бу қиёфа эндигина тинчланган ички дунёйимни яна издан чиқариб юборди. Яна овқатга муккасидан кетиб, танамни жазолашни бошладим. Тунлари овқат буюртириб, ётоғимда бўккунимча ердим. Болалигимдаги одатим ҳам қайтиб келди: яна овқат ғамлашни бошладим.

Ниҳоят адоқсиз шифокор қабулларидан сўнг ўз ишини яхши билган бир терапист билан танишиб қолдим. У мени болалигим ҳақида очиқ сўзлашга кўндирди. Унга ҳаммасини айтиб берган сарим яна ўша даврга тушиб қолгандек баттар қийналардим. Даволаш курси давомида мени овқатдан узиб қўйишмади, балки бутун эътибор ҳаётимни сақлаб қолишга қаратилган эди.

Бу пайтга келиб аҳволим анча издан чиқиб бўлганди. 154 килограмм тош босар, семиришда эса давом этардим. Аммо ўзимни овқатдан тиёлмасдим. Семизлик туфайли оёқларимда чидаб бўлмас оғриқ пайдо бўлганди, тиззамда эса сув йиғилиб қолганди. Менга қон босимим меъёридан анча ошиб, танамда қандли диабет пайдо бўлиш арафасида турганини айтишди. Аммо овқат ҳисларимни назорат қилишда қўллашим мумкин бўлган ягона восита эди.

Танамдан қанчалик нафратланмай, ўлишни, оиламни ташлаб кетишни истамасдим. Семизликдан фориғ бўлишим учун жарроҳлик столига ётишим кераклиги, лекин бунга тайёр бўлишим учун умумий вазнимнинг 10 фоизини йўқотишим зарурлигини тушунтиришди.

Озиш гуруҳларига қатнай бошладим. Бироқ у ердаги одамларга ҳам болалик хотираларим ҳақида миқ этмадим. Нега семириб кетганим сабабини айтмадим. Бундай гуруҳларда одамлар бир-бири билан бемалол суҳбатлашар, ўз дардларини ўртоқлашар эди. Бу эса менга ёқмас, ўзимни хавфсиз ҳис қилмас эдим. Шундай бўлсада, 30 килограмча юк ташлашга муваффақ бўлдим. Бироқ озиш гуруҳлари мен учун шовқинли жой эди ва ўз қобиғимга қайтадан ўрала бошладим.

Жарроҳлик амалиётидан олдин мени руҳан бу жараёнга тайёрлай бошладилар. Амалиётдан сўнг танам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган эди. Бундан эса хурсанд эмасдим. Гўё одамлар менинг асл қиёфам, ичимда яшаётган ёвуз махлуқни кўриб қолаётгандек туйиларди. Шунча йил мени тинчлантириб келган ниқобимдан бир зумда айрилиб қолгандим. Сўнг бир руҳшунос аёл менинг устимда ишлай бошлади.

Бу вақт давомида бир неча марта касалхонага тушиб қолдим. Шундай кунлардан бирида шифокорлар менинг отам бир неча қават пастдаги хонада юрак хуружидан вафот этганини айтиб қолдилар.

Мени аравачага солиб, у ётган хонага олиб боришаётганда ичимдан ғалати ҳислар тинимсиз ўтарди. Мен дадамнинг ростдан ҳам жони узилганига ишонч ҳосил қилиш учун қўлини қимирлатиб кўрдим ва ўша хонада шу пайтгача мени азоблаб келган хотиралар бир зумда онгимдан учиб кетди. Отамнинг қилмишлари ўзи билан бирга боқий дунёга кетган эди. Мен ҳеч қачон на отам, на онам устидан полицияга шикоят қилмаганман. Улар менга берган азоблари учун ҳеч қачон жазога тортилмаган.

Жарроҳлик амалиётидан сўнг мана икки йил ўтибди. Бу вақт ичида танамга меҳр бериш, уни парваришлаш йўлларини ўргандим.

Бутун ҳаётим давомида одамлар ички дунёйимга тикилмоқчи, уни кўриб, мени таҳқирламоқчидек туйилиб келганди. Энди болалигим ҳақида одамлар билан бемалол гаплаша оламан, хотираларимни ҳикоя қилишдан чўчимайман. Мен ҳам севилишга арзишимни англаб ета бошладим.

Кўкрак саратонининг 12 аломати. Уларни биласизми?

"Мен ўлик туғилишим керак эди"

A woman holds a mask in the crowd Фото муаллифлик ҳуқуқи Charlotte Edey

Аммо ҳали ҳам салбий фикрлаш одатидан тўлиқ қутила олмаганман. Мени хурсанд қиладиган нарса шуки, овқат ва ичкиликка нисбатан муносабатим буткул ўзгарди. Энди уларга оддий одамлар қандай қараса, шундай боқаман.

Агар жарроҳлик амалиётини бошдан кечирмаганимда ҳозир икки қулоқ ер остида ётган бўлардим. Мен одамлар овқат ва ички дунё ўртасидаги алоқани янада яхшироқ англашларини истайман. Умид қиламанки, кун келиб, одамлар жуда семиз одамни кўрганда биринчи бўлиб вазни ва жуссаси эмас, балки унинг ички дунёсида бўлиши мумкин бўлган руҳий жароҳатлар ҳақида ўйлай бошлайдилар.

Жарроҳликдан сўнг танамда кўп чандиқ қолиб кетган, терим осилиб ётибди, лекин бу мени ташвишлантирмайди. Танам гўзал бўлмаслиги мумкин, аммо мен ортиқ ўлим ёқасида эмасман. Қандли диабет хавфи мени тарк этган. Энди бемалол самолётга ўтирганимда камаримни узайтириб беришларини сўрамайман, истироҳат боғидаги арғимчоқларда бемалол уча оламан, оёғим тирноқларини ҳам ўзим ололаман.

Энди овқатни танамни жазолаш учун емайман. Дам олиш кунлари оилам билан ширин таомлар пишириб, мазза қилиб тановул қила оламан.

Умидим шуки, бир кун келиб ҳар қандай ёрдамга муҳтож одам унга эриша олади, танасидан уялмай, яшашда давом этади. Мен таҳқирланишлардан омон қолган инсонман. Энди танам бошқаларникидан фарқ қилмайди, мен уни севиш ва ҳурмат қилишни ўргандим.

Ивонна Трейнор, Rape Crisis хайрия ташкилотининг ижрочи директори:

«Овқатланиш тартибининг бузилиши бизга мурожаат қиладиган жинсий зўравонлик, айниқса, болалигида жинсий таҳқирга учраган қиз-аёлларда кўп кузатилади. Улар овқатланиш тартибини онгли равишда бузиш орқали ўзлари дуч келган таҳқир ва қийноқлар асоратини яширишга уринадилар. Овқатланиш тартибининг бузилиши, шунингдек, танаси устидан бутун назоратни қўлга олишга уриниш йўли бўлиши ҳам мумкин. Улар шу йўл билан таҳқирга сабаб бўлаётган танасини жазолаш, одамлардан руҳий ҳолатини яширишни истайдилар. Биз мурожаат қилган шахслар муаммосининг остида ётган асосий сабабларни аниқлашга интиламиз. Умуман олганда, бундай ҳолатларда шахснинг ҳозирги аҳволи эмас, балки у билан ўтмишда содир бўлган ҳодисаларга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.»

Суратлар муаллифи - Charlotte Edey.