Аёлларнинг юбкаси остидан пойлашга мўлжалланган туфлидаги камера портлаб кетди

камера Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШнинг Висконсин штати яшовчи фуқаро ботинкасига ўрнатилган камера портлаб кетгач танасини куйдириб олди. У камера ёрдамида ёнидан ўтган аёлларнининг оёғи остидан пойлаб видео ва сурат олишни мўлжаллаганди.

Маҳаллий полициянинг айтишича, 32 ёшли эркакнинг ўзи ҳукуматга таслим бўлган.

Унга нисбатан ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган. Сабаби оёқ кийимига ўрнатилган видеокамера батарейкаси портлашидан олдин у бирор сурат ё тасвир олишга улгурмаган бўлган.

Бу ғайритабиий ҳодиса ҳақида Мадисон шаҳри полицияси бошлиғи Майк Ковал ўз блогида ёзиб қолдирди.

"Портлашдан сўнг танаси куйгани боис бу эркакка тиббий ёрдам кўрсатилди. Кейин у қаттиқ пушаймон бўлган ҳодиса ҳақида гапириб берди", деган Wisconsin State Journal газетасига полициячи Дэвид Дексхаймер.

Шундан сўнг эркак жинсий характердаги жиноят содир этганлигини маълум қилиб полицияга таслим бўлган.

Майк Ковал ўз блогида ёзишича, бу йигитга ўзини қандай тутиш кераклиги тўғрисида бир неча маслаҳат беришган ва кейин қўйиб юборишган.

Ҳодиса бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Висконсинда 2015 йили юбка остидан изнсиз суратга олишни оғир жиноятга тенглаштирувчи қонун қабул қилиганди.

Қонунни бузганлар 3,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва 10 минг доллар жарима тўлаши белгилаб қўйилган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek