Ўзбекистон ва дунёда ғайриоддий жазирама: Қуёш тиғи пўлатни ҳам чарчатмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Сўнгги бир неча кундан бери Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ҳарорат +55-60 даражага чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни тўлдирмоқда. Бундай ўзига хос жазирама эса нафақат Ўзбекистон, балки Канада, АҚШ, Яқин Шарқ, Буюк Британия ва қатор Европа давлатларини ҳам ўз ҳукми остига олган.

Қишлоқ хўжалиги экинлари қовжираб қолмоқда, ўт ўчирувчилар ва тез тиббий ёрдам ходимлари кетма-кет тушаётган чақирувлардан шошиб қолган.

Канаданинг Квебек провинциясида эса шифокорлар ғайриоддий жазирама ва юқори намлик туфайли 18 та ўлим ҳолати қайд этилди, дейди. Ҳалок бўлганлар, асосан, қариялар ва сурункали хасталиклардан азоб чеккан шахслар бўлган. Шифокорларга кўра, улар совитиш ускуналари билан жиҳозланмаган уйларда истиқомат қилган.

Жаҳондаги маҳаллий соғлиқни сақлаш хизматлари шундай тавсиялар бермоқда: доимо ичимлик суви бўлишини таъминланг, имкон қадар совитилган хоналарда бўлишга ҳаракат қилинг, қўшнилардан хабар олиб туринг ва ҳкз.

Тиббий муассасалар фавқулодда ҳолатда ишлашга мажбур бўлмоқда. Масалан, Канаданинг Монреал шаҳрида тез ёрдам сўраб қилинадиган қўнғироқларнинг кунлик сони 1200 тага етган. Бу одатдагидан уч баробарга кўпдир.

Ҳаттоки, Канада Бош вазири Жастин Трюдо жазирамадан ўзлари ва яқинларини ҳимоя қилишларини сўраб, фуқароларга мурожаат қилган.

Буюк Британия ҳам бошқалардан ортда қолмаётир. Мамлакатнинг бир неча шаҳарларида жазирама бўйича маҳаллий рекордлар янгиланган (масалан, Глазгода +31,9 ва Белфастда +28,5). Баъзи ҳудудларда эса қаттиқ жазирамадан темир йўл рельслари қийшайиб, томлар эриб кетган.

«Қуёшнинг тўғридан-тўғри тиғи остида пўлатдан тайёрланган темир йўл рельсларидаги ҳарорат атрофдагидан Цельсий шкаласи бўйича 20 даражага ошиб кетиши мумкин. Натижада пўлат кенгайиб, қийшайиб кетади,» изоҳлайди Шотландия темир йўллар бошқармаси.

Саратондан одамлар ва бинолардан ташқари табиат ҳам қийналмоқда. Буюк Британияда кенглиги бўйича 16-ўринда турувчи Тим дарёси саёзлашганидан унинг баъзи қисмида юзлаб лосось ва форел балиқлари ташқарига чиқиб қолган. Табиатни асраш ташкилотлари ва кўнгиллилар шарофати билан 500 та балиқ қутқариб қолинган.

Image caption Глазгода эриётган бино

Иссиқ ҳаво осмонда оловли камалак пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шотландияда кун ботишдаги шафақ оловли камалак тусига киргани тасвирланган суратлар тарқалмоқда.

Британиянинг Нюкаслида бир эркак жазирамада юмшаб қолган асфальтга оёғи билан ботиб қолган.

“Ўзбекистонда 60 даража иссиқ бўлса ҳам ишланади...”

Трамп нега АҚШни Париж иқлим келишувидан олиб чиқди?

Дунёда мисли кўрилмаган тажриба: Ўзбекистон Орол денгизи тубини ўрмонга айлантирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Oliver Jones
Image caption Шотландияда олов камалак

Австралияда ҳам йўлнинг қоплама қисми эриб, машиналар ярим суюқ битумга том маънода ботиб қолаётгани хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tyne and Wear Fire and Rescue Service
Image caption Англиядаги манзара

Ғайриоддий жазирама Озарбайжон, Грузия, Арманистон ва Россиянинг жанубий шаҳарларида ҳам рекорд даражадаги иссиқликни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон дохил Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам жазирама, ижтимоий тармоқларда айримлар қуёш тиғида тухум пишаётгани акс этган расмларни тарқатишган.

Кучли жазирама даври ёки иссиқ тўлқинлар ноёб ҳодиса эмас. Синоптиклар уларни доимий қайд этиб боради. Бироқ сўнгги вақтларда уларнинг даврийлиги ва давомийлиги эса бир маромда ўсиб бораётгани айтилади.

Сиз бу жазирамада қандай жон сақламоқдасиз? Бизга сурат ва видеоларни йўлланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek