Дунёйимизни ўзга сайёраликлар бошқаришига ишонасизми?

  • Мелисса Хогенбум
  • BBC Future
Миром правят инопланетяне?

Сурат манбаси, iStock

Пол Маккартни оламдан ўтганига анча бўлган, ҳозир саҳнага унинг қиёфадоши чиқади. Элвис Пресли аслида тирик. Америкалик астронавтлар ҳеч қачон Ойда бўлмаган, ҳаммаси НАСАнинг уйдирмаси. Холокост ҳам бўлмаган, уни яҳудийлар тўқиб чиқарган. Бизнинг дунё эса ўзга сайёралик судралиб юрувчилар назорати остида…

Инсониятнинг катта қисми фитна назарияларини севади ва ҳар қандай аҳмоқона фикрга ҳам ишонишга тайёр. Нега?

Фитна назарияларининг аксарияти ёш болаларга хос ва деярли зарар келтирмайди. Аммо шундай назариялар борки, улар домино таъсири остида турли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда олимлар одамлар нега аслида ҳақиқатга тўғри келмайдиган нарсаларга ишониши сабабларини англай бошладилар.

Ушбу мақолада олимларнинг фитна назариялари келтирадиган эҳтимолий зарарлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва инсонларнинг нега бундай қарашларга ишониши борасида чиқарган хулосалари билан танишишингиз мумкин.

АҚШ аҳолисининг деярли ярми ҳеч бўлмаганда битта фитна назариясига ишонишини ҳисобга олганда ҳам, бундай илмий тадқиқотлар долзарб эмас, деган фикрлар янглиш эканлигини англаш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда одамни ҳам кулдирадиган, ҳам йиғлатадиган қанча фитна назарияларига дуч келганингизни бир эслаб кўринг-а. Умид қиламиз, сиз ҳам дунёйимизни ўзга сайёралик калтакесаклар бошқаришига ишонадиганларнинг бири эмассиз.

Антиваксерлар

Яқинда бўлиб ўтган ҳолатдан бошласак. Ўтган йили АҚШнинг бир қанча ҳудудларида катта суръат билан қизамиқ касаллиги тарқала бошлади. 2017 йили Миннесота штатида ушбу касалликка чалинган 58 шахс қайд этилди - бу штатдаги сўнгги 30 йилда юзага келган илк жиддий эпидемия бўлди.

Ўн йил олдин эса АҚШда қизамиқ устидан ғалаба қозонилгани норасман эълон қилинган эди. Хўш, гап нимада бўлиши мумкин?

Мутахассислар қизамиқнинг босқичма-босқич тарқалиб боришини бир вақтлар эмланишдан бош тортган одамлар билан бевосита боғлайдилар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Антиваксерлар, эмлаш инсон саломатлиги учун зарарли, деб ишонадилар

1963 йилда қизамиққа қарши эмлаш жорий қилингунга қадар касалликнинг оқибати тез-тез ўлим билан якунланар эди. 1960 йилларда миллионлаб одам қизамиққа чалингани қайд этилган, минглаб шахс касалхонага ётқизилган ва ҳар йили 500 нафар инсон ушбу хасталикдан вафот этарди. Эмлаш орқали бу инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.

Ҳозирда эмланишдан бош тортадиганларнинг аксарияти ушбу қарорни онгли равишда қабул қилади. Уларни антиваксерлар (anti-vaxxers - эмлашга қаршилар), деб атайдилар. Антиваксерлар ҳар қандай турдаги эмлашнинг ҳаёт учун зарарлигига ишонадилар, фармасевтик компаниялар (шу билан бирга бошқа манфаатдор шахслар ва ташкилотлар ҳам) унинг оғир оқибатларини яширишга уринади, деб ўйлайдилар.

Бу дунёда тарқалган кўплаб фитна назарияларининг атиги биттасидир. Мантиқан, илмий текширувларга дош беролмаганидан бундай назариялар пайдо бўлмаслиги ҳам керак эди, лекин интернетда минглаб «далиллар»га дуч келасиз.

Фитна назариётчиларининг таъкидлашича, олимлар инсониятни атайин чалғитиш учун тадқиқотларнинг асл натижаларини сир тутадилар. Қизиқ томони жўнроқ шундай назарияларидан бирига ишонган одамда бошқа «далиллар»ни ҳақиқат, деб қабул қилишга мойиллик юқори бўлади.

Зарарсиз, нисбатан зарарли ва зарарли

Фитна назарияларининг баъзилари, масалан Пол Маккартнининг қиёфадоши борлиги ҳақидагиси каби, зарарсиз. Бироқ бошқаларига ортиқча ишониш ёқимсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Бирор фитна назариясидан келадиган зарар кўламини бирданига аниқлаб бўлмайди. Мисол учун, 2010 йилнинг бошларида бир вақтлар таниқли бўлган Би-би-сининг спорт шарҳловчиси Девид Айк бирданига Ерни калтакесаксимон ўзга сайёраликлар бошқаради, дея бошлаган эди.

Бундай уйдирманинг зарари йўқми? Инсоният келажаги бошқа тамаддун вакиллари қўлида эканлиги тўғрисидаги қараш сизга қандай таъсир қилади?

Олимлар ҳақиқат бўлмаган нарсаларга ишонишга нисбатан мойилликни келтириб чиқарувчи қатор омилларни аниқлашга муваффақ бўлдилар. Олимларнинг умид қилишича, бундай билимлар вақти-соати келиб жамиятларнинг барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган фитна назарияларидан келувчи хавфларни сезиларли камайтира олади.

Фитна назариялари бугуннинг меваси эмас. 3 асрга оид Филипнинг Инжилида иддао қилинишича, Исо Масиҳ ва Мария Магдалена бирга турмуш қурганлар. Бундай афсоналар, замонамизга келиб, "Да Винчи коди" каби асарларда давом эттирилган.

Ёки Иллуминатилар масаласини олайлик. Назарияга кўра, ушбу махфий жамият асрлардан бери инсоният тақдирини ҳал қилиб келади. Айрим даврларда Иллуминатилар жамияти ростдан ҳам мавжуд бўлган, лекин улар фаолиятининг юқоридаги даъволарга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Яна бир қизиқарли фитна назарияси: Холокост аслида содир бўлмаган. Қанчалик далиллар кўп бўлишига қарамай, ушбу назария тарафдорлари фашистлар Иккинчи Жаҳон Уруши даврида олти миллион яҳудийни қириб ташлаганига ишонмайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

"Да Винчи коди"да Мария Магдалена Иисуснинг рафиқаси деган ғоя илгари сурилади

Нега одамлар фитна назарияларига осонгина ишониб кетаверади? Кент Университети профессори Карен Даглас ҳам шундай савол доимо ўзига берадиган психологлардан бири.

Мазкур саволга шунчаки жавоб беришнинг имкони йўқ. Фитна назариясига ишонувчилар шу даражада кўплигидан унга нисбатан инсоний мойилликни изоҳлаб бериш анчайин мушкул.

«Ҳаммамиз қайсидир вақтда расмийлар ва ҳукумат вакиллари тилга олаётган бирор ҳолат ёки рақамга нисбатан ишончсизликни ҳис қиламиз,» дейди Даглас хоним.

«Эволюция нуқтаи-назаридан олиб қарасак, ўзимиз яхши тушунмайдиган шахслар ва гуруҳларга нисбатан шубҳа билан қарашимиз табиий ҳол. Баъзи вақтда бошқа гуруҳларга нисбатан эҳтиёткор муносабатда бўлиш хавфсизлигимиз фойдасига хизмат қилиши мумкин. Бу бизнинг қонимизда бор.»

Бироқ Даглас хоним ушбу мавзуни қанчалик чуқур ўрганган сайин фитна назарияларига мойилликнинг ақл бовар қилмас сабаблари ҳам мавжудлигини англаб етди.

Бундай назариялар кимга керак ўзи?

Бир тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, фитна назарияларига ишониш баъзи бир одамлар учун бошқалардан ажралиб туриш йўлларидан биридир.

Бундай шахслар ўзини оддий авомдан беркитиладиган сирлардан воқифман, деб ўйлайди. Содир бўлган оламшумул воқеаларнинг «қора» томонларидан ундан бошқа ҳеч ким хабардор эмасдек, гўё.

Британиялик социал психолог Майкл Биллиг 1984 йилда шундай ёзган эди: «Фитна назариялари шахсга ҳеч ким билмайдиган муҳим сирлардан хабардор бўлиш, уларни ўрганиш имкониятини бераётгандек туйилади. Натижада шахснинг ўзига бўлган ишончи ортиб, билим борасида ўзини бошқалардан юқори қўя бошлайди.»

Карен Даглас олиб борган тадқиқотлар натижаси ҳам Биллигнинг фиркларини тасдиқлайди.

Бошқа тадқиқотда қайд этилишича, одамлар содир бўлаётган ҳодисаларни бошқаришга қодир бўлмаганда, ўзини ҳимоясиз ва ожиз ҳис қилганда фитна назарияларидан таскин ола бошлайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Айримларнинг ишонишича, Элвис Пресли ўзининг ўлимини "саҳналаштирган" ва у бугун ҳам тирик

Оиладаги ҳолат ҳам шахсга таъсир қилиши мумкин. Масалан, отаси ёки онаси билан муносабати ёмон бўлган болаларда кейинчалик фитна назарияларига мойиллик кучли бўлади.

Бундай одамлар хавфнинг кўламини ошириб кўрсатишга интиладилар, изоҳлайди Карен Даглас. Шу йўл билан ўзлари учун ҳимоя механизми яратишга уринадилар.

«Жаҳонда юз берадиган фожиаларни кўпиртириб кўрсатиш орқали бу одамлар ўзидаги руҳий жароҳат ва хавфсирашни бостиришга ҳаракат қилади.»

Фитна назарияларига ишониш ва бунга бошқаларни ҳам бунга ишонтиришга уриниш кишининг бузилган руҳиятини тинчлантириши эса бошқа масала. Сўнгги тадқиқотлар кўрсатишича эса, фитна назариялари руҳиятида муаммоси бор шахсларга таскин бериш ўрнига ожизлик, хавотир каби ҳисларни янада кучайтирар экан.

Аслида фитна назариялари шахсни ўзининг нақадар ожиз эканлигига кўпроқ ишонтира бошлайди. У ўзини янада ҳимоясиз ҳис қилади, атрофдагилардан кўнгли қолади. Оқибатда эса шахс нажотни фитна назарияларидан излашда давом этади. Шу тариқа ушбу узилмас ҳалқа айланиб бораверади.

Нега фитна назариялари хавфли?

Аҳмоқона, баъзида кулгили бўлишига қарамай, фитна назарияларига ишониш кишининг ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин.

Ушбу оқим издошлари ўзларини жамиятдан ажралиб қолган, сиёсий жиҳатдан маргиналлашган ҳис қиладир. Натижада улар жамият ҳаётида имкон қадар камроқ иштирок этишга интиладилар.

Иқлим ўзгаришини уйдирма, деб биладиганлар атмосферага чиқинди газлар чиқарилишини хавфсиз ҳисоблайдилар.

Эмлашга қаршилар турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлиб, умумий соғлом муҳитга путур етказишлари мумкин.

Сурат манбаси, iStock

Сурат тагсўзи,

Ҳар бир нарсада фитна назариясини кўрмоқчи бўлганлар учун доллардаги белгилар иллюминатларнинг дунёга таъсирининг исботидир

Ёмон томони шундаки, олимлар фитна назарияларини инкор қиладиган қанча далиллар келтирган сари унинг тарафдорларидаги уйдирмаларга бўлган ишонч шунчалик ошиб бораверади.

Профессор Левандовски фитналарга ишончи юқори бўлган шахснинг илмий далилларни қабул қилиши ўта қийин бўлишини аниқлади. Шахс унинг қарашлари хатолигини исботламоқчи бўлган ҳар қандай одамни йўлдан оздирувчи сифатида қабул қила бошлайди.

"Бу фитна назариясини инкор қилишга қаратилган ҳар қандай далил унинг тарафдорлари томонидан ўз қараши ҳақлигининг исботи сифатида қабул қилинишини англатади. Илм-фанга бўлган ишончсизликни ҳам айнан фитна назариячилари тарғиб қиладилар."

Сурат манбаси, iStock

Сурат тагсўзи,

Сизнинг эхо-камерангизда нимага ишонишади?

Бундай қарама-қарши фикрлар дунёйимиз қанчалик қутблашиб кетганлигини кўрсатади. Бир тадқиқот давомида фитна назариялари интернет орқали қандай тарқатилиши ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, оддий илмий янгиликлар ва фейк далиллар тарқатувчилар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ экан.

«Ҳаммамиз бир осмон остида ҳаёт кечирамиз ва биз қабул қиладиган ҳар қандай қарор бутун инсоният келажагига таъсир қилади. Агар биз аслида ҳеч қандай зиддият туғдириши лозим бўлмаган оддий илмий далиллар юзасидан ҳам якдил бўла олмаётган эканмиз, келажакда бунданда жиддийроқ ихтилофларга юзланишимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади,» дейди Белфастдаги Қиролича Университетидан Девид Граймс.

Инсониятни зиддиятли қарашлардан халос этадиган ягона чорани топиш эса мушкул. Фитна назариялари авж олишига туртки берган замонавий технологиялар ўз навбатида уларга қарши курашишда бизга қўл келиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Иқлим ўзгариши инсоният фаолиятининг оқибати экани кўпчиликка аён, бироқ ҳаммага ҳам эмас

Изоҳ қолдиришдан олдин яхшилаб ўйланг

Норвегияда ажойиб бир тажриба ўтказилди - интернетда бирор мақола остида изоҳ қолдиришдан олдин кишининг ҳозиргина ўқиган нарсасини қанчалик тушунганини аниқлашга ёрдам берувчи кичик сўровномадан ўтиши мажбурий қилиб қўйилди.

Бундай нарсалар одамлар бирор нарса ҳақида яхши маълумотга эга бўлмасдан олдин шовқин-сурон кўтаришига қарши кураш йўлида яхши самара беради, дейди профессор Левандовски.

Яна бир самарали усул - одамларни фейк маълумотларни ажратиб олишга ўргатишдир. Шунингдек, ёлғон хабарлар тарқатувчиларни зудлик билан жавобгарликка тортиш ҳам фитна назариялари камайишига сезиларли таъсир ўтказади.

Бир қатор таниқли журналистлар ва сайтлар фейк маълумотларга қарши кураш эълон қилган. Аммо ишончи қотиб кетган одамларни ўз фикридан қайтариш қийин масала, дейди жаноб Граймс.

Аммо фитна назарияларига эндигина қизиқа бошлаганларни ишонарли илмий далиллар билан бу йўлдан қайтарса бўлади.

Ва энг муҳими ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган хабар-янгиликларга нисбатан диққатли бўлиш лозим. Баъзи одамлар сарлавҳани ўзидан хулоса чиқариб юборади, мақолани ўқиб ҳам кўрмайди. Бизнинг замонда эса сарлавҳалар одамларни жалб қилиш учун атайин тузоқ шаклида танланади.

Бундан ташқари эшитган ёки ўқиган ҳар қандай маълумотга ишониб кетавермаслик керак. Ҳар бир маълумотни текшириб кўриш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Агар сиз интернетда ва одамлар миясида қанчалар кўп фитна назариялари ўрмалаб юрганини ҳис қилсангиз, демак бундай оқим қурбонларидан бири эмассиз ва унга қарши курашга яроқлисиз.

Мақоланинг инглиз тилидаги аслини BBC Future сайтида ўқинг