14 ёшида зўрланиб, икки йил адолат кутган ҳинд қизи

У 16 ёшида зўрлангандан сўнг ҳомиладор бўлиб қолган
Image caption У 14 ёшида зўрлангандан сўнг ҳомиладор бўлиб қолган

Ҳиндистондаги жиноятчилик бўйича ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда ҳар 13 дақиқада бир аёл зўрлаб кетилади. Бироқ жазога тортилаётган зўравонлар сони жуда оз. Би-би-си Ҳинд Хизмати ходимаси Сарваприва Сангван томонидан олиб борилган текширувлар натижасида икки йил муқаддам содир этилган зўравонликнинг айбдори ҳибсга олинди.

Лалита (исм ўзгартирилган) 16 ёшда, аммо унинг ҳаёти тенгдошлариникига заррача ўхшамайди. Унинг бир ярим ёшлик ўғли бор. Лалитанинг айтишича, у 2016-йили оиласига яқин инсон томонидан зўрлангандан сўнг ҳомиладор бўлиб қолган.

Қиз Уттар Прадеш штатининг шимолидаги қишлоқлардан бирида, қашшоқ оилада дунёга келган. У икки қизнинг кенжасидир. Мардикорлик билан кун кечирувчи отаси бир неча йил олдин аёлидан айрилган.

Зўравонликда айбланаётган 55 ёшли шахс Лалитанинг отасининг дўсти. Қизнинг кўрсатмасига кўра, эркак уни 2016 йил бошларида гўёки фуқаролар турмуш қуриши учун ажратиладиган ҳукумат ёрдамига ёздириб қўйиш мақсадида штат маркази Лакнов шаҳрига олиб боришни таклиф қилади. Йўлда эса пичоқ билан қўрқитиб, қизни зўрлайди.

Лалита уйга қайтгандан сўнг бўлган воқеа ҳақида отасига оғиз очмайди. Орадан ойлар ўтиб, ҳомиладорлиги кўрина бошлагандан сўнг қишлоқ аёллари уни сўроққа тутадилар. Шундагина Лалита уларга бор ҳақиқатни айтиб беради.

«Ягона истагим - уни панжара ортида кўриш,» дейди Лалита.

Ота қизи зўрланган кундан тахминан олти ойдан сўнг, яъни 2016 йил 24 июнь куни полицияга ариза беради. Бироқ гумондор фақатгина орадан икки йил ўтиб, мазкур иш бўйича Би-би-си Ҳинд Хизмати текшируви чоп этилганнинг эртаси куни - 2018 йил 20 июнида ҳибсга олинади.

Ҳибсга қадар Би-би-си Ҳинд Хизмати гумондорга нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаганини аниқлаган эди. Полиция бу ҳолатни ДНК тести натижаларини кутиш билан изоҳлади. Полиция зобитларидан бири Би-би-сига ДНК тести натижалари кечикиши туфайли биргина Лакнов шаҳрининг ўзида 5,500 иш очилмай ётганини маълум қилди.

Ҳиндистонда аксарият аёллар ҳанузга қадар зўравонликка учраганликларини сир сақлашни маъқул кўрадилар. Зўрланган аёлларга нисбатан жамият ҳали ҳам номуссизга қарагандек муносабатда бўлади. Бошқа аёллар эса адолатни қарор топтириш учун йиллар давомида кураш олиб борадилар. Улар полиция ва судлов каби масъул тизимлар жуда секин ишлаши ва умуман бепарво эканлигидан ёзғирадилар.

Таҳлилчилар фикрича, бундай ҳолатга полиция гарданига ҳаддан ошиқ юк ортилгани ва ходимлар маоши пастлиги асосий сабаб.

Лалита каби қашшоқ ва саводсиз қурбонлар ҳоли эса янада вой. Лалита мансуб далитлар ёки ҳазар қилинганлар қатлами Ҳиндистонда асрлардан буён мавжуд тўртта каста иерархиясининг бирортасига киритилмаган. Улар бошқа касталар томонидан том маънода жамиятдан ажратиб қўйилган.

Яқинда қабул қилинган Ҳиндистон Олий Суди қарори асосида далитларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун аҳамияти пасайтирилди. Олий Суд бундай қарор қабул қилинишига сабаб сифатида мазкур қонуннинг узоқ йиллар давомида "суистеъмол" қилиб келинганлигини кўрсатди. Кузатувчилар камситиш ва табақалар ҳуқуқини чеклаш тизимнинг қон-қонига сингиб кетганини айтади.

Қонунчиликка кўра, зўрлаш қурбонига айланган далит аёли 500 минг рупий ($7,340) миқдорида товон пули олиш ҳуқуқига эга. Оммавий зўравонлик қурбонига эса 800 минг рупий тўланади.

Қурбонлар товон пулини полиция зўрлаш ҳолатини рўйхатга олгандан сўнг давлатдан қабул қилиб оладилар. Товон пули гумондор устидан ҳукм ўқилмасидан олдин тўланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Лалита ва унинг отаси ҳеч қандай товон пули олмаганликлари, бундай қонун борлигини ҳам энди билганликларини айтадилар.

Бундан ташқари Олий Суд полицияга арз қилинганидан сўнг 24 соат ичида қурбоннинг кўрсатмаси тегишли суд маҳкамасида рўйхатдан ўтказилиши лозимлигини таъкидлайди. Лалитанинг кўрсатмаси эса полицияга арз қилингандан деярли 25 кун ўтибгина ваколатли суд маҳкамасига топширилган.

'Пулнинг кучи'

Би-би-си Ҳинд Хизмати журналисти Сангван хоним Лалита иши бўйича текширув олиб бориш давомида маҳаллий полициядан тортиб ҳудудий судьяга қадар бўлган ҳукумат расмийлари билан суҳбатлашиб чиқди. Ушбу суҳбатлар давомида у расмийлардан нега Лалитанинг арзи бўйича шу вақтга қадар иш очилмагани, нега унинг кўрсатмаси ўз вақтида судга топширилмагани ва у нега товон пули олмаганини суриштириб кўрди.

Барча расмийлар муаммолар мавжудлигини қай даражададир тан олсаларда, Сангван хонимга ҳеч ким саволлари юзасидан аниқ жавоб бера олмади.

Бир полиция зобити шундай деди: «Товон пулини икки йил олдин беришимиз керак эди, лекин ташвишланарли ери йўқ, пулни эртагаёқ бериб юборамиз.»

Агар Лалита пулни вақтида олганида фарзандини дунёга келтириш, уни боқиш ва суд харажатларидан шунчалик қийналмаган бўлар эди.

Текширув давомида полиция унинг ёшини ҳужжатларда нотўғри кўрсатгани ҳам маълум бўлди. Отасига кўра, Лалита зўрланган пайти 14 ёшда бўлган. Судга топширилган кўрсатмада ҳам унинг ёши 14 да эканлиги айтилган. Бироқ полицияга берилган аризада эса бирданига унинг ёши 20 га айланиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳиндистонда ҳар 13 минутда бир аёл зўрланади

Полицияга кўра, ўша пайтдаги тиббий текширув қизнинг ёши 20 да эканлигини аниқлаган. Аммо отаси уни 14 ёш эди, дейдику? «Тиббий кўрик натижаси ҳеч қачон алдамайди,» таъкидлайди бир полициячи.

Би-би-си Ҳинд Хизмати ўтказган текширув натижаси эса кимдир полиция ҳужжатларининг ўзгартирилишига таъсир ўтказганига ишора қилади.

Агар қурбон 18 ёшдан кичик бўлса, айбланувчи қўшимча қонунлар остида жазога тортилади.

Лалитанинг отаси полицияга ишонмаслигини айтади. Унинг фикрича, айбланувчи «пулнинг кучи билан» полицияга таъсир ўтказган.

Ота қишлоқ оқсоқоли ёрдамида бир қанча ҳукумат ташкилотларидан ёрдам сўраган. Бироқ икки йил ичида ҳеч кимдан садо чиқмаган.

Лалита бу йиллар ичида туғруқ ва бошқа тиббий харажатларни тўлаб берган қариндошига турмушга чиқиб кетган. Гўдак ҳозирда бобосининг қўлида тарбияланмоқда.

Би-би-си Ҳинд Хизмати томонидан текширув натижалари эълон қилинган атиги бир кун ўтиб гумондор қўлга олинди ва унга нисбатан иш очилди.

Қишлоқ оқсоқоли ҳудудий судья Лалитадан янги кўрсатма олгани ва унга товон пули тайинлаганини айтади.

Эндиликда суднинг айбдор устидан ҳукм ўқиши кутилмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар