Тайланддаги ғордан қутқарилган болалар сони 8 нафарга етди

Амалиётда иштирок этмаётганларни ғорга кириш жойидан узоқлашиши сўралган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Амалиётда иштирок этмаётганларни ғорга кириш жойидан узоқлашиши сўралган

Тайландда сув босган ғорда қамалиб қолган болаларни қутқариш амалиёти давом этмоқда. Вазиятни воқеа жойидан кузатаётган оммовий ахборот воситалари шу вақтгача 8 боланинг ғордан чиқарилгани айтмоқда. Болалар 23 июндан бери сув босган ғорда қамалиб қолмоқда.

Аввалроқ қутқарилган болалар тез тиббий ёрдам машинаси билан шифохона олиб кетилган.

Воқеа жойидан кузатаётган журналистларнинг маълум қилишича, у ерга яна 2 та тез тиббий ёрдам машинаси етиб келган.

Қутқариш ишларида танаффус эълон қилинган эди. Танаффус йўллардаги қутқарув жиҳозларидаги ҳаво заҳираларини қайтадан тўлдириш ва алмаштириш билан изоҳланган.

Маҳаллий ҳукумат ҳаво заҳиралари қайта тўлдирилиши билан қутқарув ишлари давом эттирилишини билдирган.

Болалар жон сақлаётган жойга қуруқликда юриб ва сув остида сузиб бориб келиш ўртача 11 соат вақтни олади.

Бироқ айни дамда ғорда сувнинг тортилиши ушбу вақтни қисқартирган ва қутқариш учун мос шароит юзага келган.

Ғорнинг сувга тўлган айрим қисмлари ўта тор ва у ердан фақат бир киши сузиб ўта олиши мумкин. Бу қутқарув ишларини янада қийинлаштиради.

Ғордаги болаларга керакли жиҳозларни етказиб бериб қайтаётган ғаввослардан бири ғорнинг тор қисмидан ўтиш чоғида ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FFS
Image caption Болалар қамалиб турган жойга бориб келиш 11 соатни ташкил қилади

12 бола ва уларнинг мураббийи 23 июн куни саёҳатга кетиб Тхам Луанг ғорлар мажмуасида йўқолиб қолганди.

Қутқарувчилар уларни орадан 9 тун ўтиб 2 июл куни сув билан тўлган ғорнинг кичик қоясида жон сақлаётган ҳолатда топишган.

Ғор йўллари муссон ёмғирлари натижасида сув ва бошқа жисмлар билан тўлиб қолгани натижасида болаларни ундан олиб чиқиш осон бўлмаслиги айтилган.

Ҳукумат ғордан кечаю кундуз тинмасдан сувларни насослар ёрдамида тортиб олмоқда. Бу қутқарув ишларига қулай шароитнинг яратилишига олиб келган бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thai navy seals
Image caption 12 бола ва мураббий 9 тун зимистон ғорда оч-наҳор жон сақлаган

Ҳукумат қутқариш ишларининг бир неча вариантларини кўриб чиққан.

Уларнинг орасида муссон ёмғирлари тингунча бир неча ой кутиш чораси ҳам бор эди.

Болалар сузишни ва сув остига шўнғишни билмагани учун ҳам уларга сузишни ўргатиш ва ундан сўнг қутқариш ишларини бошлаш мумкинлиги ҳам айтилган.

Бироқ ҳукумат болаларни тезроқ чиқариб олиш учун, уларни икки ғаввос ёрдамида, махсус арқонга боғлаган ҳолатда чиқариб олиш йўлини танлаган.

Бунга болалар сақланиб турган ғорда ҳаво сифатининг бузилиши ва бир неча ой давом этадиган муссон ёмғирларининг кутилмаган оқибатлар олиб келиши мумкинлигини инобатга олинган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар