Қамоққа тушишни истайсизми? Instagram да рақс тушинг!

Maedeh Hozhabri Фото муаллифлик ҳуқуқи Maedeh Hozhabri/Instagram

Бир неча кун олдин Ғарб ва эронча куйлар остида ўз ётоқхонасида ижро этган рақсларини Instagram тармоғидаги 600 мингдан зиёд мухлисига тақдим этиб келаётган эронлик Моида Ҳожабри ҳибсга олинган эди.

Моиданинг 19 ёшда эканлиги айтилади.

Ўтган ҳафта сўнгида Эрон миллий телевидениеси Моиданинг ўз «гуноҳи»дан тавба қилаётганини намойиш қилди.

Шундан сўнг кўплаб эронлик аёллар Моидани қўллаб-қувватлашларини намойиш қилиш мақсадида унинг услубида тушган рақсларини интернетга юклай бошладилар.

Ёш раққосани қўллаб-қувватловчи видеолар ва хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали #dancing_isn't_a_crime (#рақс_жиноят_эмас) ҳештаги остида тарқала бошлади.

Эрон ҳукумати нозик жинс вакилларининг кийиниш услубини қаттиқ назорат қилади ва уларнинг эркаклар бор бўлган жамоат жойларида рақсга тушишини қатъиян тақиқлайди. Аёллар фақат оила аъзолари даврасида рақсга тушишлари мумкин.

Моида ўз рақсларини ётоқхонасидаги камера қаршисида, эронлик аёллар учун мажбурий ҳисобланмиш ҳижоб ёки рўмолсиз ижро этиб келган.

Эронда ўтган кунлар ичида ижтимоий тармоқлар юлдузига айланиб улгурган бошқа бир неча раққослар ҳам ҳибсга олинган.

Блогер Ҳусайн Ронаҳи шундай ёзади: «Сиз дунёнинг исталган бурчидаги одамларга зўравонлар ва шилқимлар эркинликда юрган бир вақтда 17-18 яшар эронлик қизлар ўз рақси, қувончи ва гўзаллиги орқали ахлоқсизликни тарғиб қилишда айбланмоқда, десангиз, улар ичаги узилиб қолгунча кулади. Чунки бундай айбловлар Эрондан бошқа жойда мантиқсиз эшитилади.»

Яна бир Twitter фойдаланувчиси дейди: "Мен улар [ҳукумат расмийлари] Моида каби қизларни ҳибсга олиш билан бизнинг бахтимиз ва умидимизни тортиб олиб қўёлмасликларини кўриб, билиб қўйишлари учун рақсга тушаман."

Эронда раққослар ва рақс шайдолари илк бор ҳибсга олинаётгани йўқ.

Жорий йилнинг бошида Машҳад шаҳридаги савдо марказларининг бирида аёллар ва эркаклар рақсга тушаётгани тасвирланган видео тарқаб кетгандан сўнг шаҳар расмийларидан бири ҳибсга олинган эди. Ўтган йилнинг август ойида эса, асосан, вазн ташлаш учун мўлжалланган фитнес дастурлари таркибига киритиладиган Зумба рақсини ижро этган олти нафар шахс қўлга олинган.

2014 йилда америкалик қўшиқчи Фарел Уилямснинг "Happy" қўшиғи куйлари остида Теҳрон кўчалари ва уйлар томларида рақсга тушган олти нафар эронлик ўсмир бир йилгача қамоқ ва 91 дарра жазосига маҳкум этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ