Ўзбекистонда ҳам "ўлим дарси" мактаб ўқув дастурига киритилиши керакми?

Day of the Dead Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Австралиядаги докторлар ўлим ҳақидаги табуга чек қўйилишини истайдилар

Математика, тарих, физика ва... ўлим?

Агар Австралия Тиббиёт Уюшмасининг Квинсленд бўлими томонидан илгари сурилган таклиф қабул қилинса, мазкур штатдаги мактабларнинг ўқув дастурига ўлим ҳақида тиббий, ахлоқий ва ҳуқуқий билимлар берувчи фан киритилиши мумкин.

Штат шифокорлари болалар ўлим ҳақида имкон қадар эртароқ билимга эга бўлишини истамоқда.

Шифокорларга кўра, тиббиётнинг ривожланиши, умр давомийлигининг узайиши ва аҳолининг қариб бориши туфайли кўп сонли оилалар ўзларининг ёши улуғ аъзолари ҳаёти қандай тугаши, уларнинг ўлим олди истакларини ўйлаб, бошлари қотган.

Ғарбда аксарият болалар ўлим ҳақидаги суҳбатлардан узоқлаштириладилар. Кўплаб оила аъзолари болалар кўзидан панада - шифохоналарда боқий дунёга риҳлат қилади.

Сўнгги кунлар

Австралиялик шифокорлар агар ўлим ва эвтаназия борасида билимлар мактаб давридан ўргатиб борилса, кейинги авлод ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ва қарорлар қабул қилишда камроқ иккиланишга дуч келади, деган фикр билдирмоқда.

Image caption Доктор Ричард Кидд сўзларига кўра, ёшлар умр якунидаги мушкул қарорлар ҳақида яхшироқ маълумотга эга бўлганлари дуруст

Квинсленд бош шифокори Ричард Кидднинг айтишича, болалигида етарлича билим олганлар яқинлари ўлим тўшагида ётган пайти бирор қарор қабул қилишда камроқ қийинчиликка учрайди.

Жаноб Киддга кўра, оилаларда жуда кеч бўлмагунча ўлим ҳақида суҳбатлар қурилмайди. Шу туфайли аксар одамлар ўлим тўшагида ётиб қолган яқинларнинг истагини била олмай қийналади.

«Шу учун ҳам биз болаларни яқинлари билан сўнгги кунлар ҳақида очиқ мулоқот олиб боришига эришишимиз зарур,» дейди у.

«Ўлим дарслари» давомида руҳий ва жисмоний имкониятлар, ўлим олдидан билдириладиган истаклар, ўлим тўшагида ётганларни парваришлаш ва биологик ўлим жараёни борасида атрофлича билим берилиши режалаштирилмоқда.

Маданиятнинг бир қисми

Бундай мавзуларни биология, тиббиёт, этика ва ҳуқуқшунослик фанларида ҳам учратиш мумкин.

Жаноб Кидд ўлим борасидаги фан Австралия, АҚШ ва Британия каби мамлакатларнинг Мексикада шаклланган одатларни ўзлаштиришида катта ёрдам бериши мумкин, деган фикрни илгари суради.

Қачон ва қандай ўлим топишимизни билсак, нима бўлади?

Сиз неча йил умр кўришингиз мумкин? Билишни хоҳлайсизми?

"Ўлим қиёфаси" ўзгармоқда

Олимлар "ўлим юз берган вақт"ни аниқлашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўлим мавзусини омма маданиятининг таркибий бир қисмига айлантириш чақириқлари янграмоқда

Ўлим Мексика маданиятининг бир қисми ҳисобланиб, бу ерда Марҳумлар Куни алоҳида нишонланади.

Ўлим масаласи очиқ муҳокама қилинадиган маданиятнинг шаклланиши умримиз қаерда поёнига етишини ҳам ўзгартириши мумкин, дейди жаноб Кидд.

Кўплаб австрияликлар касалхоналарда жон беради. Бироқ аксарият одамлар ўз уйида - оила даврасида дунёдан кўз юмишни исташини айтади.

«Аҳолининг атиги 15 фоизи ўз уйида жон таслим қилади. Бироқ кўпчилик оила аъзоларим тайёр бўлса, уйда абадий уйқуга кетишни хоҳлардим, дейди» тушунтиради жаноб Кидд.

Ҳаёт-мамот масаласи

Юз йиллар олдин одамлар ўз уйида ҳаётдан кўз юмган ва бу ҳамма учун одатий ҳол бўлган.

Бироқ замонавий тиббиёт умр давомийлигини ошириб юборди ва соғлиғи кескин ёмонлашганларнинг умрини касалхоналарда маълум вақт узайтириб туриш имкониятлари пайдо бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Докторлар айтишича, оилалар инсонлар умрларининг охирги кунларини қандай ўтказишни хоҳлашлари ҳақида гаплашиб олишлари зарур

Мактаб дастурига ўлим дарсларини киритиш таклифи Квинсленд маориф раҳбариятига тақдим этилган ва жаноб Кидд дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай таклифлар илгари сурила бошланишидан умидвор.

«Бизнинг асосий мақсадимиз - болалар ота-онаси, бобо-бувиси билан ўлим ҳақида, уларнинг сўнгги истаклари тўғрисида очиқ мулоқот олиб боришни ўргансин. Токи, келажакда яқинлари тўсатдан вафот этганда ёки ўлим тўшагига михланиб қолганда довдираб қолмасин,» дейди у.

«Балки бундай мулоқот ўрнатиш осонлик билан кечмас, лекин бу ҳаёт-мамот масаласидир.»


Бу мавзуда батафсилроқ