Дунё: НАТОнинг Америкадан тили қисиқми?

US solder in Baltops exercise in Lithuania Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ ҳарбийлари НАТО ўқув машқларида мунтазам қатнашади

Президент Трамп НАТОга аъзо давлатлар АҚШдан «фойдаланмоқда,» деб баёнот берди. Иттифоқ 1949 йилда Совет Иттифоқига қарши туриш учун ташкил қилинган.

11 июль куни бўлиб ўтаётган НАТО саммитига келишдан бироз олдин у иттифоқнинг бошқа аъзолари ҳам молиявий ҳиссани оширишлари лозимлигини айтган эди.

Трамп: НАТО давлатлари КЎПРОҚ, АҚШ КАМРОҚ тўлаши керак. Бу турган-битган адолатсизлик!

Бироқ Европа Кенгаши президенти Доналд Таск АҚШнинг Европадан яхшироқ иттифоқчиси йўқлигини эслатиб ўтди.

Таск: Ҳурматли @realDonaldTrump, АҚШнинг Европа Иттифоқидан яхшироқ иттифоқчиси йўқ ва бўлмайди ҳам. Биз мудофаага Россиядан кўра кўпроқ, Хитой билан деярли бир хил миқдорда маблағ сарфлаймиз. Россия-Хитой харажатлари ҳақида бир нима деёлмайману, лекин сизда бу хавфсизлигимизга тикилаётган сармоя эканлигига умуман шубҳа йўқлигидан умид қиламан :-)

2014 йилда НАТОга аъзо давлатларнинг барчаси 2024 йилга қадар ўз мудофаа тизимларига ажратиладиган маблағни ЯИМнинг 2 фоизигача оширишга келишиб олган эдилар.

АҚШ ҳозирда ЯИМининг 3,5 фоиздан кўпроғини мудофаа харажатларига ажратмоқда. Европада эса фақат Юнонистон, Буюк Британия ва Эстония ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоиздан зиёдини мудофаа ишларига сарфлайди.

НАТОга кўра, мудофаа учун ЯИМининг ҳеч бўлмаганда 2 фоизини сарфлаётган аъзолари сони жорий йилда саккизтага етади.

Европада қанча АҚШ қуролли кучлари бор ва ҳарбий базалари қаерда жойлашган?

Совуқ Уруш авжига чиққан вақтда АҚШнинг Европадаги аскарлари сони 400 мингдан зиёдроқ эди, Бугунги кунда, Туркияни ҳам қўшганда, Европада 60 мингдан кўпроқ АҚШ ҳарбийлари бор.

Энг кўп АҚШ ҳарбийлари Германияга жойлаштирилган. Кейинги ўринларда Италия, Буюк Британия ва Испания келади.

Мазкур ҳарбийлар НАТО таркибида бўлмаган АҚШ қуролли кучларига қарашли бўлимларни ҳам назорат этиб боради. Улар ичида қароргоҳи Германиянинг Штутгарт шаҳрида жойлашган АҚШ Африка Ҳарбий Бошқармаси, шунингдек, дунё бўйлаб Амэрика ҳарбийлари ва уларнинг таъминоти ҳаракатланишини ташкиллайдиган АҚШ Ҳарбий Транспорт Бошқармасини санаб ўтиш мумкин.

Бироқ Европадаги АҚШ ҳарбийлари сони ротациялар ҳисобига исталган вақтда ўзгариб туриши мумкин.

Ҳар йили Европага катта миқдордаги АҚШ ҳарбийлари келади - уларнинг бир қисми минтақадаги ҳарбий базаларда қолади, қолгани НАТО билан биргаликда ташкил қилинган ўқув машқларидаги иштирокдан сўнг ортга қайтади.

Жорий йилдаги энг йирик ўқув машғулоти октябр ойида Норвегия ва Атлантика океанида ўтказилиши режалаштирилган. Унда АҚШ муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.

АҚШнинг Европа мудофаасига қўшаётган муҳим ҳиссаларидан бири 2014 йил Қрим аннекциясидан кейин жорий этилган Европа Ишонч Ташаббусидир.

Трампнинг сўзларига қарамай, АҚШ НАТОга қўшаётган молиявий ҳиссасини 2018 йилда 40 фоизга ошириб, $4,7 миллиардга етказмоқчи. Бу 2016 йилдаги миқдордан $789 миллионга кўпроқдир.

Шунингдек, АҚШ нафақат Европа, балки Япония каби дунёнинг бошқа ҳудудлари мудофаасини таъминлашни ҳам ўз зиммасига олган. АҚШнинг энг йирик ҳарбий контингенти ҳам Европада эмас, айнан Япониядадир.

Жанубий Кореяда ҳам АҚШ қуролли кучлари сони салмоқли. Бундан ташқари расмий Вашингтон Афғонистондаги НАТО етакчилигида олиб бориладиган миссияга ҳам катта ҳисса қўшиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ