Ўзбекистон ва дунё: Қайси давлат ёшларининг бойиш имконияти ҳамманикидан юқори?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Maddy Savage
Image caption «Пулни қандай сарфлаётганим ҳақида умуман ўйланмайман,» дейди 25 яшар Александр Арнес

Дунёда, айниқса, ривожланган Ғарб давлатларида ота-онасидан кўра қашшоқроқ умр кечиришга маҳкум авлод ўсиб келмоқда.

Ўқиш учун олинган кредитлар, нархи осмонга сакраётган уй-жой нархлари 1980 ва 2000 йиллар бошларида дунёга келган шахсларнинг молиявий аҳволини оғирлаштириб юборгани янгилик эмас. АҚШ, Британия ва бошқа аксар ривожланган мамлакатларда ёш авлод билан боғлиқ айни ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин. Кўплаб тадқиқотлар натижасидан қайд этилишича, инсоният тарихида илк бор ўзидан олдинги авлоддан кўра қашшоқроқ яшашга мажбур бўлган авлод ўсиб келаётган бўлиши мумкин.

Бироқ Европанинг баъзи шимолий мамлакатларида умуман бошқача манзара кўзга ташланади.

Сўнгги вақтда Норвегия ёшларининг даромади 13 фоизга ўсгани кузатилган.

Энди ўттизга кирган норвег ёшларининг йиллик ўртача даромади $56,200 га етган.

Норвегия ёшларнинг пул топиш имконияти юқорилиги билан ривожланган мамлакатлар ичида олдинги ўринларга чиқиб олди.

Ёш норвегларнинг йиллик даромади 1966-1980 йилларда дунёга келган авлоднинг ўттиз ёшлардаги топиш-тутишига нисбатан 13 фоизга ўсган.

Бу рақам дунёдаги даромад билан боғлиқ вазиятни ўрганиб борувчи Luxembourg Income Database маркази томонидан эълон қилинди. Маълумотлар Британияда жойлашган The Resolution Foundation таҳлилий маркази томонидан ўрганиб чиқилган.

Қиёслаш учун: ақшлик ёшларнинг йиллик ўртача даромади 5 фоизга камайган бўлса, ёш немислар олдингидан 9 фоизга кам пул топа бошлаган. 2008 йилда бошланган иқтисодий инқироздан қаттиқ зарар кўрган Жанубий Европа давлатларидаги ёшлар даромади эса оз эмас, кўп эмас, нақ 30 фоизга пасайиб кетган.

Норвегиядаги 15-29 ёшли қатлам орасидаги ишсизлик даражаси ҳам бошқа давлатларга нисбатан сезиларли даражада паст: 9,4 фоиз. Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо давлатларида ушбу рақам ўртача 13,9 фоизга тенг.

Норвегия пойтахти Ослода мамлакатнинг фаровон ҳаётини акслантира олувчи ёшларни топиш қийин эмас.

«Пулни қандай сарфлаётганим ҳақида умуман ўйланмайман,» дейди 25 яшар Александр Арнес.

«Ойда бир марта театрга, кинога бораман. Дўстлар билан ўтирамиз, ичамиз… Дам олишга бораман.»

Александр мусиқали театр учун асарлар ёзишни ўрганиш ҳаракатида. Бироқ ҳозирча бўлажак касбидан етарлича пул топа олмайди. Шу сабабли ҳафтада бир ёки икки смена пойтахтдаги супермаркетларидан бирида ишлайди. У дўсти билан марказдан автобусда 20 дақиқа узоқликда бўлган ҳудудда уй ижарага олган.

«Бу давлатда туғилиб, омадим келганини яхши англайман. Орзумдаги ҳаётга эришиш учун кўп тер тўкишим шарт эмас,» дейди у.

Александр соатига $20 атрофида ишлаб топади. Дам олиш кунлари ва тунги сменаларда бу рақам яна кўтарилади. Солиқлардан сўнг (Норвегияда солиқлар миқдори юқори) унинг ойлик соф даромади $1,700 га тенг бўлади. Бу пулнинг ярми ижара, йўлкира ва коммунал тўловларга кетади. Қолган ярмини эса Александр «ўзи истаганча» сарфлаши мумкин.

Александр ишлайдиган супермаркетдан бироз тепада 31 ёшли Ойстен BMW машинасига кабоб пишириш анжомларини жойлаштирмоқда. У «Норвегия бой бўлишига қарамай, одамлар ўз бойлиги ҳақида кўп гапиришни истамаслиги» сабабли тўлиқ исмини ошкор қилмасликни маъқул кўради. Ойстен 27 ёшида ўз кучи билан соҳил бўйидаги ҳудудда икки ётоқхонали уй сотиб олган. У мунтазам АҚШ ва Осиёга саёҳатга бориб туради.

Норвегиянинг муваффақият сири нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Maddy Savage

Аксар ёш норвегларнинг тўкин ҳаёт кечириши мамлакат иқтисодиётининг жадал суръатда ўсиб бораётгани шарофати биландир. 1980-2013 йиллар давомида бошқа ривожланган давлатлардаги гуллаб-яшнаш даврига гувоҳ бўлган Норвегия бугунги кунда аҳолининг даромади бўйича жаҳон рейтингларида етакчи ўринларни эгалламоқда. Мамлакат халқаро инқирозга бардош беришнинг уддасидан чиққан.

Норвегиянинг улкан нефть ва газ сектори ўтган ўттиз йил давомида ўсиб келаётган иқтисодиётнинг асосини ташкил қилади. Бундан ташқари яқинда Шимолий Денгизда топилган янги захиралар ҳам фаровон келажакдан дарак бераётир.

Бироқ Ослода жойлашган BI Бизнес мактабида иқтисодиёт фанлари профессори бўлган Ҳилде Бёрландга кўра, гап Норвегия топаётган пул миқдорида эмас, балки унинг қандай сарфланаётганидадир.

«Мамлакат пулни ақл билан ишлатишнинг уддасидан чиқа олган. Пулнинг бир қисми сақлаб қўйилади, қолгани эса жамиятга йўналтирилади. Натижада бир ҳовуч шахслар бойиши ўрнига, кўплаб одамлар фаровон ҳаёт кечириш имконига эга бўладилар,» тушунтиради у.

Норвегия дунёдаги энг йирик фаровонлик жамғармасини ташкил қилган. Содда тушунтирганда бу улкан мустақил жамғарма ўз пулларини 9000 дан зиёд компанияга сармоя сифатида киритади ва янада бойиб бораверади. Унинг жорий қиймати $1 триллион атрофида.

Миллий фаровонликни таъминлашга қаратилган бундай йирик жамғарма бўлишига қарамай, мамлакатда солиқлар юқори даражада ушлаб турилади ва сиқилган ойлик маош тизими яратилган. Энг паст ойлик миқдори касаба уюшмалари билан маслаҳатлашган ҳолда ўрнатилади.

«Ёшлар ва даромади паст одамлар маоши ҳар йили ошиб боради. Кўп ва кам даромадли одамларнинг маоши ўртасида эса бошқа давлатлардагидек катта фарқ йўқ,» дейди Бёрланд хоним.

Тенгсизликнинг кескин ўсиб бориши АҚШ, Буюк Британия ва Германия каби кучли иқтисодиётга эга мамлакатлар ёшларининг даромади тушиб боришида асосий омил сифатида роль ўйнамоқда. Бундай мамлакатларда ёшлар ойлик маошнинг ўсмаслигидан қийналади.

Бёрланд хонимнинг айтишича, Норвегия амал қилиб келаётган жамиятнинг барча аъзоси тенг ҳуқуқли ёндашуви - бойликни авлодлар ўртасида тақсимлаш - мамлакатдаги юқори фаровон ҳаётнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган.

Юқори даражали давлат ёрдами ва соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш учун ажратилган субсидиялар норвег ёшларининг бошқа Европа давлатларидаги тенгдошларидан кўра яхшироқ ҳаёт кечиришини таъминламоқда. Ишсизлар учун ҳам катта имкониятлар яратилган: фуқаро янги иш топгунга қадар давлатдан олдинги маошининг 60 фоизини талаб қилишга ҳаққи бор. Бола тарбиялаш харажатларининг камлиги ва бола тарбияси учун бериладиган умумий таътил шарофати билан аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки юқоридир.

Кўплаб мактаблар ва давлат университетларида таълимнинг бепуллиги, талаба кредитларини олишнинг осонлиги (талаба ўқиш даврида кредит фоизини тўламайди), юқори даражада иш билан таъминланганлик норвегча фаровонлик калитларидан биридир.

«Ўқиш давомида ёшларнинг ишлаш имкониятига эга эканлиги эътибор қаратиш лозим бўлган омиллардан биридир,» дейди Бёрланд хоним.

Унинг сўзларини талабаларнинг ўзи ҳам тасдиқлайди.

‘Наша алкоголдан хавфсиз'ми?

Ўзбекистон: Бир ҳўкиз пулига контрактни тўлай оласизми?

'Ёшлар, жонингизга қасд қилманг!'

Инглизча «дунёнинг севимли тили» бўлиб қола оладими?

Диний қўмита: "Болалар масжидга боргани учун Нобел ололмаяпмиз"

«Яхши ҳақ тўланадиган иш топиш умуман қийин эмас. Сиз оддий иш билан ўз эҳтиёжларингиз ва ўқиш харажатларингизни қоплашингиз мумкин,» дейди Чилидан келиб, инсон ҳуқуқлари бўйича магистрлик даражасини олиш учун ҳаракат қилаётган 27 яшар Габриелла Санзана. У бўш вақтларида ресторанда ишлайди.

«Мен жуда кўп солиқ тўлашга мажбурман, лекин бу мени чўчитмайди. Мен давлат шу билан бирга бизга кўплаб имкониятлар беришини ҳам биламан.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Maddy Savage
Image caption Осло, талабалар

Келажак қандай бўлади?

Гуллаб-яшнашга қарамай, бундай муваффақият давомийлигини таъминлаш савол остида қолмоқда.

Ёшларнинг иш билан юқори бандлиги даражаси аста-секин тушиб бормоқда.Бунинг асосий сабабларидан бири бошқа давлатлардан Норвегияга иш излаб келаётган ёшлардир. Норвегиянинг хорижда туғилган аҳолиси ўртасида ишсизлик даражаси 10 фоизга тенг.

Осло Метрополитан Университети тадқиқотчиси Кристиан Ҳеггебо халқаро талабалар ва малакали меҳнат муҳожирлари меҳнат бозорини тўлдириш имконига эга бўлсада, иш берувчилар ўртасида этник озчиликларни камситиш кайфияти юқори, дейди.

Жаноб Ҳеггебо сўнгги йигирма йил ичида иммиграция оқими кўпайган бўлса ҳам, ҳануз иш берувчилар норвегиялик бўлмаган шахсни ёллашда иккиланишини айтади.

«Ҳаттоки, Норвегияда туғилиб, ўсган муҳожирларнинг иккинчи авлоди ҳам иш топишда кўп қийинчиликка учрайди,» дейди у.

Парчаланган жамият

Асли нигериялик бўлган Ове Жорж ҳозирда ишсиз. У норвегиялик танишларингиз бўлмаса, иш топишда қийинчиликка учрайсиз, дейди.

"Охирги ишимни бир норвег дўстим орқали топган эдим. Шундан кейин бирорта яхши иш тополмадим," дейди у.

19 яшар жибутилик Каяд Муҳаммад медиа компаниялардан бирида ишлайди. У шахсан ўзи яхши иш топишда қийинчиликка дуч келмаганини айтади. Бироқ у муҳожирлар маҳаллий халқдан фарқли ўлароқ «бойишда қийналиши»ни ҳам қўшимча қилади.

Норвегия барча жамият аъзолари тенг ҳуқуқлидир деган тамойилга риоя қилиши билан ғурурлансада, аҳоли ўртасида тенгсизлик аломатлари тобора кўзга ташланиб бормоқда.

Ишсиз, таълим олиш ва малака ошириш имконияти кам ёшларнинг аҳволи мураккаб, дейди "Investing in Youth: Norway report" ҳисоботи муаллифларидан бири Себастиан Конигс.

«Молиявий ва бошқа томондан имконияти чекланган ёшлар учун жамиятда жой топиш анча қийин кечиши мумкин. Шу сабабдан Норвегияда ёшларнинг ҳеч қандай муаммоси йўқ, дейиш нотўғридир,» сўзлайди у.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти келтирган рақамлардан англанилишича, ёшларнинг ижтимоий муаммоларга юзлашган қисми бошқаларга қараганда олти баробар кўпроқ тушкунликка тушади, узоқ муддатли иш топиш ва сифатли соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишда тўққиз баробар кўпроқ қийинчиликка учрайди.

Фаровонликнинг баҳоси

Бёрланд хонимга кўра, бой норвеглар ҳозирги тўкин-сочин ҳаёти кун келиб йўққа чиқиши мумкинлигини зинҳор ёддан чиқармаслиги лозимлигини таъкидлайди.

«Сиз бугун тўкин ҳаёт кечирасиз, мириқиб дам оласиз, лекин вақт ўтиши билан бундай ҳаёт тугаши, фаровонликнинг пойдевори нураб қолиши мумкин,» огоҳлантиради у.

Унинг фикрича, Норвегия келажакда ҳам тўкинликни таъминлаб туриш учун ҳозирдан ўз иқтисодиётини диверсификация қилишга қаттиқ тер тўкишни бошлаши лозим. Норвегия технология, хомашёни қайта ишлаш ва қайта тикланувчи энергия каби замонавий секторлар ривожланишида қўшни давлатлардан ортда қолмоқда.

Иш берувчилар ҳам газ ва нефть саноатидан бошқа секторларга малакали халқаро ишчиларни жалб қилишда иккиланмаслиги зарур, давом этади у.

Норвегия кўплаб муаммоларни ҳал қилиши лозим бўлсада, у бошқа давлатлар қунт билан ўрганиши мумкин бўлган катта тажрибага эга, дейди мутахассислар.

Норвегияда таълим, иш билан бандлик ва ижтимоий хизматлар орасидаги алоқа шунчалик муштаракки, ёш авлод бошқа мамлакатлардагидек меҳнат фаолиятининг илк босқичидан деярли муаммога учрамайди.

Масалан, агар ишга жойлашмаса ёки таҳсилни давом эттирмаса, ҳар бир мактаб битирувчисига келгуси танловларни муҳокама қилиш учун махсус ижтимоий хизматлар томонидан қўнғироқ қилинади.

Норвегия аҳолиси атиги 5,1 миллион бўлса ҳам, бошқа каттароқ давлатлар унинг тажрибасини ўзида қўллаб кўрса бўлади, дейди жаноб Конигс.

«Гап мамлакатнинг ер майдони ёки аҳолиси сонида эмас. Гап фаровон ҳаётни яратиш учун сизда иштиёқ қанчалик катталигида.»

Кристиан Ҳеггебо эса мободо нефть-газ саноати эртага таназзулга юз тутиб, Норвегия ўз иқтисодиётини бошқатдан шакллантиришга мажбур бўлган тақдирда ҳам жамиятнинг барча аъзоси тенг ҳуқуқли тамойили амалда қолаверишига ишончи комиллигини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek