Машҳур Ислом воизи ва секс секта раҳбари Ҳорун Яҳё нега ҳибсга олинди?

Аднан Ўктар Фото муаллифлик ҳуқуқи A9 TV
Image caption Аднан Ўктар Ислом тўғрисидаги кўрсатув бошловчиси сифатида машҳур. У ёзувчи ва аёлларни сексга мажбурлаган секта раҳбаридир.

Тикучардаги таъқибдан сўнг турк полицияси 11 июль куни машҳур Ислом воизи, президент Эрдўғон тарафдори, ўзбек муштарийлари орасида Ҳорун Яҳё тахаллуси остида битилган «Аллоҳнинг Қуръондаги мўъжизалари» китоби билан таниқли Аднан Ўктар қўлга олинди.

Аднан Ўктар (тахаллуси Ҳорун Яҳё) 2000 йиллар бошида ҳам ҳибсга олинган, лекин суд унинг фаолиятида жиноят аломатларини топмаган эди. Бу сафар Ислом оламида донғи кетган воизга жиддий айбловлар қўйилмоқда. Жумладан: вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилиш, одам ўғирлаш ва мажбуран тутиб туриш, жиноий тўда ташкил қилиш, солиқ ва террорчиликка қарши қонунни қўпол равишда бузиш ва бошқалар.

Декольте ва сохта Ислом

Би-би-си Турк Хизмати мухбири Ирем Кокернинг айтишича, Ўктар ўз сектасига 1990 йиллардаёқ асос солган. Мазкур секта аъзоларининг сўзларига кўра, унинг йиғинлари тез-тез оргия (оммавий айш-ишрат)га айланиб кетади, ёш қиз-аёллар жинсий алоқага мажбурланади ва буларнинг бари видеокамерага ёзиб олиниб, тасвирлар, кейинчалик, шантаж ва товламачилик йўлида ишлатилади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Британиялик модель Клои Эйлинг фотосессия учун Миланга учиб борганди.

Ўктар Ислом борасида китоблар ёзиб, ўзининг телеканалида диний саволлар бўйича шоу олиб борсада (руҳонийлар унинг қарашларини «сохта Ислом» дейди), жамоатчилик уни кўпроқ бир тўда декольте (кўкрак қисми чуқур ўйилган либос) кийган ва ҳаддан зиёд бўяниб олган қизлар даврасида кўришга ўрганиб қолган. Ўктарнинг ўзи бу қизларни "мушукчаларим" деб атайди.

Ўктарнинг ўзи данғиллама виллада истиқомат қилади. Асосан бой оилалардан чиққан ёш қиз-жувонлардан иборат сектаси аъзолари эса 3-4 кишидан бўлиб, қиммат квартираларда яшайди. Уларнинг аксарияти ишламайди, балки асосий вақтини Ўктарнинг китобларини ўрганишга (китоблар моҳияти, асосан, Дарвиннинг эволюция назариясини инкор қилишга қаратилган) ва янада кўпроқ қизларни жалб қилишга мўлжалланган видеороликларда суратга тушишга сарфлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи A9 TV/Facebook

Оммавий ҳибслар

Оммавий ҳибслар ва судлар бугунги Туркия учун одат тусига кириб қолган. 2016 йил июлида муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтаришидан сўнг 35 минг шахс ҳибсга олиниб, 100 минг атрофидаги ҳарбийлар, профессорлар, олимлар ва, ҳатто, спортчилар мухолифатни қайсидир даражада қўллаб-қувватлаш айби билан ишдан бўшатилган.

Бироқ Аднан Ўктарнинг ҳибсга олиниши ортида сиёсий сабаблар турганга ўхшамайди: у сўнгги ўн йилдан бери Эрдўғонни фаол қўллаб-қувватлаб келади. Аммо Би-би-си Турк Хизмати шарҳловчиси Энис Сенердемнинг айтишича, «воиз»нинг хурмача қилиқлари ва қуюшқондан чиққан фаолияти анъанадор кайфиятдаги фуқароларнинг сабр косасини тўлдирган. Ўктар ўйлаб топган Ислом шакли кўпчиликнинг ғазабини қўзғатиб келган.

Шу сабабдан ҳам ҳукумат бу сафар Ўктарга жиддий чора кўриши мумкин.

Воиз қочишга уринган, лекин полиция таъқибидан сўнг қўлга тушган. Ўктар билан бирга унинг сектасига аъзо бўлган яна 79 нафар шахс ҳам ҳибсга олинган. Умумий ҳисобда, ҳибс учун 235 ордер чиқарилган. Айни вақтда полиция Ўктар иши юзасидан Анқара, Истамбул, Анталия ва Муғлада рейдлар ўтказмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek