Нега Британия қироли холаваччаси Николай II оиласини қутқариб қолмаган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hulton archive
Image caption Холаваччалар бир-бирига жуда ўхшаш эди. Чапда - Николай, ўнгда - Георг

Россиядаги Февраль Инқилоби ва подшонинг тахтдан туширилиши ортидан ўша вақтдаги Британия ҳукумати Николай II оиласига сиёсий бошпана беришга тайёр эди, аммо кейин бундай қарордан воз кечилди. Мазкур ҳолатда Николайнинг холаваччаси, британ қироли Георг Vнинг роли қандай бўлган? Унинг ўз қариндошининг ўлим ёқасига бориб қолишини кузатиб ўтиришдан бошқа чораси бўлмаганми?

Парламент билан бўлган зиддият ортидан бошидан жудо этилган қирол Карл Iдан бошқа деярли барча Британия монархлари вазиятга мослашиб кетавериш қобилияти билан ажралиб туради.

Ҳар сафар инглиз халқи ўз қирол ва қироличаларига қарши бош кўтарганда британ монархлари уларнинг талабига кўнавергани тарихдан маълум. Қиролларнинг ягона мақсади жон сақлаб қолиш эди.

Қирол Георг V эса ўзининг энг яқин қариндоши ва дўсти бўлмиш Николай II оиласини ўлимдан сақлаб қолишга ҳаракат ҳам қилмаган.

Қариндошлар танланмайди

Қиролича Виктория серфарзанд ва оилапарвар аёл эди. Биринчи Жаҳон Уруши бошланишига қадар Европанинг деярли барча қироллик хонадонлари Британия монархи оиласи билан қариндошлик ришталарини ўрнатган эди. Бироқ бу ҳолат қариндошлар бир-бири билан аҳил-иноқ яшаганлигини англатмас эди.

Масалан, Германия монархи Кайзер Вилгелм ўз амакиси қирол Эдуард VIIни ёқтирмас эди. Бунинг сабаби британ қиролининг Европадаги обрўси уникидан катта бўлганида эди.

Бироқ холаваччалар Георг V ва Николай II орасидан қил ҳам ўтмайдиган яқин дўст бўлганлар.

Ҳатто рус империясини британ тахтига таҳдид сифатида кўрган буви қиролича Викториянинг норозиликлари ҳам икки кичик шаҳзоданинг дўстлигига рахна сола олмайди.

Уларнинг оналари Дания қироли қизлари бўлган. Опа-сингиллардан бири бўлажак қирол Эдуард VII га, бошқаси рус подшоси Александр III га турмушга чиқадилар.

Опа-сингиллар сиёсий босимларга ҳам қарамай, илиқ муносабатларни бузмасликка интиладилар. Кичкинтой шаҳзодалар ёзги таътил пайти бобоси саройи - Данияда тез-тез учрашиб турадилар. Дўстликнинг илк ришталари шу даврдан улана бошлайди.

Худди эгизаклардек

Холаваччалар бир-бирига бир томчи сувдек ўхшаши билан бирга (атрофдагилар уларни баъзида ажратолмай ҳам қолишарди) деярли бир-хил феъл-атворга ҳам эга эдилар. Иккиси ҳам уятчан, ёлғизликни севадиган, табиат қўйнида бўлишни хуш кўрувчи шахслар бўлиб, иккаласи ҳам онасининг ҳукмига бўйсунар эди.

«Сени энг қадрли ва вафодор дўстим, деб биламан,» ёзган эди Георг 1894 йили Николайга йўллаган хатида.

Дўстликнинг икки асосий сабаби бор эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Wikimedia commons
Image caption Дания Қироли Кристиан IX оиласи билан. Унинг бир қизи Рус пошшосига, иккинчиси Британия валиаҳдига турмушга чиққан.

Биринчиси: онаси Николайни болалигидан Британия қироллик оиласи аъзолари - Жоржи (бўлажак қирол Георг V), Берти амаки (бўлажак қирол Эдуард VII) ва бувижон (қиролича Виктория)ни британ ҳукуматидан фарқлашни ўргатиб келади.

Иккинчиси: Георг ва Николай иккисини ҳам сиёсатдан кўра маркалар коллекцияси ва тустовуқлар ови қизиқтирар эди.

Алал-оқибат, қиролича Виктория руслар билан дўстлашиш мумкин, деган қарорга келади. Бундан ташқари Николай унинг севимли набираси Алиса Гессен-Дармштадскойга уйланган эди.

Виктория аввалига Николай тахтга ўтиргандан сўнг Британия манфаатларига хизмат қилиши мумкин, деб ўйлайди. Бироқ унинг қўл остидаги сиёсатчилар Россияга эҳтиёткор муносабатда бўлишни афзал кўрар эдилар.

Николайнинг ўзи сиёсий жиҳатдан Британия манфаатларига зид иш тутар эди. Бурлар билан уруш давомида Николай вазиятдан фойдаланиб, Британиянинг Осиёдаги бир қисм ҳудудини босиб олишни режалаштиргани ҳақида гап-сўзлар юради.

Шундай қилиб, Биринчи Жаҳон Уруши арафасида Европада гўё бир оила ичидаги зиддиятлар каби душманона кайфият юзага келади. Германия ҳукмдори Вилгелм барча қариндошларини ўзини етарли ҳурмат қилмасликда айблар, Георг ва Николай эса ўзининг шахсий ороми бузилишидан чўчиб, бор кучи билан уруш бошланишидан узоқроқ туришга интиларди.

Бироқ уларнинг дўстлиги қонли фожиа оқибатида ўз ниҳоясига етади. Георг ўз сулоласи келажагини ўйлаб, холаваччаси бошига кулфат ёғилганда ўзини четга олади.

Бош вазирми ёки қирол?

Николай тахтдан ағдарилгандан сўнг, аввалига, инглизлар унинг оиласига ёрдам қўлини чўзишга қарор қиладилар, сўнг бу фикрдан қайтилади.

Большевиклар подшо оиласини йўқ қилиш бошида турган бўлсада, Британиянинг Николайга кўмак беришдан бош тортиши ҳам бутун бошли сулола умри ниҳоясига етишида катта роль ўйнайди.

Урушдан бир неча йил аввал Георг қариндошига мактуб йўллайди: «Ёдингда тут, сен доим менга суянишинг мумкин.»

Аммо рус подшоси чиндан ҳам ёрдамга муҳтож бўлганда Георг ўз сўзларини эсдан чиқаради.

Тарихчилар Георгнинг ўзини четга тортишида ўша пайтдаги Бош вазир Ллойд-Жоржнинг таъсири катта бўлган, деб ҳисоблайдилар. Бундан ташқари ёрдам беришдан бош тортиш фикри шахсан Георгнинг ўзидан чиққан, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Георг ўз холаваччасининг бошига тушган мусибат тўғрисида нималарни хаёлдан кечиргани, вазиятга қандай муносабат билдиргани ҳақида ҳеч ким билмайди. Ягона маълум бўлган нарса - бу котибларнинг расмий хатлари, яқин дўстларнинг кундаликлари ва дипломатик ёзишмалардаги ёзувлардир.

Мазкур ёзувлардан қуйидаги нарсалар ойдинлашади: Георг гўё Британия рус подшоси ва унинг оиласини қутқариб қолишга фаол аралашишини истайди. Сўнг эса уларнинг Британия тупроғига қадам босишига қатъиян қаршилик билдира бошлайди.

Мазкур икки қарама-қарши фикр юзага келиши орасида ўтган вақт давомида қирол ёки британ ҳукумати бир томондан немис императори Вилгелм, иккинчи томондан Февраль Инқилобидан сўнг Россияни бошқара бошлаган Муваққат Ҳукумат раҳбари княз Лвов билан келишган ҳолда Николай II оиласи учун Франция ё Испаниядан бошпана олиб беришга уринганлиги тўғрисида ҳам тахминлар юради.

Буларнинг бари, албатта, Октябр Инқилоби ва ҳокимият большевиклар қўлига ўтгунга қадар бўлган гап-сўзлар эди.

Романовларни нима қилиш зарур?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Wikimedia commons
Image caption Рус императори оиласи энди ҳеч кимга керак эмас эди.

Вазиятга нисбатан қиролда қатъий фикр йўқлиги британ сиёсатчиларини истаганча ҳаракат қилишига имкон яратади.

Турли сиёсий кучлар рус монархи билан юзага келган ҳолатга қарама-қарши фикрлар билдира бошлайди, фурсатдан фойдаланиб қолишга интилади.

Бир гуруҳ сиёсатчилар фаол ишчилар ҳаракатларини тинчлантириш учун подшони қутқармаслик лозим, деган фикрни ўртага ташлайди.

Бошқаси подшо оиласининг Британияга келиши Европадаги инқилобий кайфиятни кучайтириб юборишидан хавотир билдиради.

Учинчи гуруҳ эса шундай йўл тутиш керакки, Германия олдингидек икки фронтда жанг қилишга мажбур бўлсин ва Россия урушдан чиқмасин, деган таклиф беради.

Шунингдек, подшони сақлаб қолиш монархияларга бўлган ҳурматни қайтадан тиклайди, деб ўйлаганлар ҳам бўлган.

Қисқача айтганда, Британиянинг ўзида Николай II ва унинг оиласига тақдирига нисбатан бир-бирини инкор этувчи қарашлар юзага чиқа бошлайди ҳамда бундай ноаниқлик бир неча ойга қадар давом этади.

Хавф остида қолган монархиялар

Икки буюк адиб Томас Манн ва Герберт Уэллс деярли бир хил фикр билдирган эди: подшонинг тахтдан ағдарилиши домино таъсирини юзага келтириб, Европадаги монархия бирин-кетин қулай бошлаши мумкин. Манн мазкур тахмин ҳақиқатга айланишини жуда истар, Уэллс эса бундан ташвишга тушар эди.

Тарихий ҳужжатлар Георг V ҳам шундай бир-бирига зид қарашлар қуршовига тушиб қолганидан гувоҳлик беради.

1917 йил кузига келиб, вазият жиддийлашгандан сўнг ўхшаш тақдир бошига тушишидан қўрққан Европа монархлари Романовларни қутқариб қолиш керак, дея бошлайди.

Бироқ энди кеч бўлган эди. Ҳокимиятни большевиклар эгаллаган, Ллойд-Жорж ҳукумати эса Россиядаги бу ўзгаришдан қандай манфаат олиш ҳақида бош қотирарди.

Георг V сиёсий босимлар, қўрқоқлик ёки ўз тинчини ўйлаш туфайли энг яқин қариндошидан шунчаки воз кечиб қўйган, дейиш қанчалик тўғри бўлади?

Бир томондан унинг аниқ қарорга келишга интилмагани ҳақиқат. Бошқа томондан эса рус подшоси ҳам инглиз элитаси, ҳам Британия аҳли орасида деярли машҳур эмас эди.

Обрўси йўқ монархга бошпана бериш Георг учун турли кўнгилсизликлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Николай II га бошпана берилмаслигида қиролнинг шахсий котиби лорд Стемфордем катта роль ўйнайди. У қиролнинг бу масала борасида аниқ қарорга келолмаётганлигига алоҳида урғу бериб, бир неча марта ҳукуматга хат ёзади.

1918 йил апрел ойида лорд Стемфордем қирол жамиятнинг жамики табақаларидан Романовларга сиёсий бошпана бериш юзасидан кўплаб хатлар ола бошлаганини ўз кундалигида қайд этиб ўтади. Унинг ёзишича, ишчилар клубларидан тортиб парламентга қадар ағдарилган рус подшосининг Британияга келишига, асосан, салбий фикр билдирган.

Ҳеч кимга кераги йўқ оила

Кўплаб британ сиёсатчилар Николай II нинг тахтдан ағдарилишини унинг ўз айби ва хатоларига йўядилар ҳамда Европа тақдирини ҳал қилаётган урушда нўноқлик қилди, деган важ билан подшони қутқариб қолишга унчалик рўйхушлик билдирмайдилар.

Французлар ҳам Николай IIни тақдирнинг қўлига ташлаб қўйган маъқул, деган фикр билдирадилар.

Шу тариқ Николай II ва унинг оиласи Европа учун кераксизга айланади ва сиёсий ноқулайликларга сабаб бўлади.

Россиядаги Муваққат Ҳукумат ҳам ишчилар синфининг қаҳрига учрашдан чўчиб, подшо оиласини сургун қилишга шошилмайди.

Ҳокимиятни эгаллаган большевиклар ҳам бироз муддат подшони халқ кўзи олдида суд қилиш ҳақида ўйлаб кўрадилар, аммо, кейинроқ, бутун Европа учун кераксизга айланган оиладан қутилиб қўя қоладилар.

Подшо оиласи қатлиомидан сўнг ҳамма бу «даҳшатли» фожиа ҳақида гапира бошлайди ва большевиклар ваҳшийликда айбланади. Бироқ энди кеч бўлган эди.

Россия империясининг истилоси: “Қонга беланган тарих...”

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар