"Менинг исмим Жиҳод"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тасаввур қилинг, Европа ёки АҚШнинг одам гавжум аэропортларидан биридасиз. Аёлингиз (келинг, унинг исми Лайло бўла қолсин) сизни кутиб олгани чиқмоқчи. У кеч қолмоқда. Сиз эса уни ўриндиқда уни кутиб турибсиз. Ниҳоят у келди ва оломон орасидан сиз томон қўл силкий бошлади. Сизнинг эса хаёлингиз паришон, у томон қарамаяпсиз. У эътиборингизни тортиш учун нима қилиши мумкин? Албатта баланд овозда исмингизни айтиб чақириш иш беради, аммо у шундай қилса, одамлар қўрқувга тушиб, тумтарақай қочиб кетади. Аёлингиз ва сизни эса хавфсизлик хизмати ўраб олади. Қонунларни ҳурмат қилувчи рафиқангиз соатлаб тергов қилинади.

Муаммо нимада дейсизми?

Аёлингиз Ислом динига эътиқод қилади ва сизнинг исмингиз эса… Жиҳод!

Агар ота-онангиз сизга Ғарбнинг аксарият давлатида одамларни даҳшатга соладиган ва калакага сабаб бўладиган исм берганида ҳаётингиз қандай кечган бўлар эди?

Би-би-си Жиҳод исмли уч эркак билан суҳбатлашиб кўрди. Уларнинг бири чикаголик шифокор, иккинчиси суриялик машҳур актер ва учинчиси Лондонда истиқомат қилаётган фаластинлик ёш муҳандис.

Араб дунёсида фарзандини Жиҳод деб номлаш одатий ҳол. АҚШдаги 11 сентябр воқеаси ва терроризмга қарши халқаро кураш бошланишидан бироз олдин бу исм ҳам қолганлари каби оддий жаранглар эди.

Суриялик машҳур актер Жиҳод Абду президент Ассадни қўллаб, интервью беришдан бош тортгани учун юртида босимга учраган. Сўнг у мамлакатдан қочиб кетиб, АҚШдан қўним топади.

Янги ўлкага келиши биланоқ у ўз исмининг қанчалик ўзгачалигини илк бор ҳис қилади.

«2011 йил октябр ойида Америкага келдим. Одамларга ўзимни таништираётганимда уларнинг аҳволини кўрсангиз эди…»

«Айниқса, Американинг марказий штатларида исмим Жиҳод эканлигини эшитган одамлар менга Афғонистон ёки Ироқдан келиб қолган террорчига тикилгандек қарар эдилар,» дейди у.

Бир вақтлар ватанида миллионлаб мухлиси бўлган жаноб Абду Лос-Анжелесда 100 одам назарига ҳам туша олмади ва питса ташиш билан кун кечира бошлади.

У актерлик фаолиятини давом эттириш учун исмидан воз кечишига тўғри келишини англаб етган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Жиҳод "Жей"(марказда) актриса Николь Кидман билан бирга 2015 йили Ҳолливуднинг "Саҳро қироличаси" бадиий фильмини тасвирга олиш пайти

«Исмимни яхши кўраман, лекин очдан ўлиш ниятида ҳам эмасман. Ўзимни очиқ фикрли одам ҳисоблайман. Аёлим ҳам менга ўхшайди. Биз исмларга умуман эътибор бермаймиз. Бу дунёда биз учун муҳим бўлган нарса - бу ҳаётдаги мақсадларимиз, ютуқларимиздир,» сўзлайди жаноб Абду.

У узоқ ўйлаб, оддий, америкача Жей исмини танлашга қарор қилди.

Унинг ҳаёти бир кечада ўзгариб кетди. Ишлари юриша бошлади. Яна кино оламига қайтди.

"Оилам учун янги исмим кулгили эшитилади, аммо улар бу қароримни яхши тушунадилар. Бир неча йиллар аввал Усома исми билан ўхшаш вазият бўлган эди. Сталин ўлгандан кейин Россияда Коба исми даҳшатли жаранглай бошлаган. Германияда эса Адольф исми," давом этади суриялик актер.

«Дунёқарашим ва қалбим умуман ўзгача бўлган бир вақтда исмим туфайли муаммоларга дуч келишни истамайман.»

Ҳозирда 55 ёшда бўлган жаноб Абду Сурия ва Яқин Шарқ давлатларида ҳануз асл исмини ишлатади. Баъзи ақшлик дўстлари ҳам уни Жиҳод деб чақиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жей ва рафиқаси Фадия Афаше айтишларича, Жиҳод номини қурбон қилиш арзигулик иш бўлган

'Агар саккиз ёшли болалар бу исмни айта олса…'

49 ёшли Жиҳод Шошара умр бўйи Чикагода яшаган. У болалар шифокори бўлиб ишлайди.

Онаси мексика-америкалик, отаси дамашқлик бўлган жаноб Шошарани болалигида «ғалати» исми учун роса калака қилишган.

«Сурия ва Ливанда, у қадар кўп қулоққа чалинмасада, Жиҳод ноодатий исм эмас,» изоҳлайди у. «Бу исмни болаларга ҳам, қизларга ҳам қўяверадилар. Жиҳод исмли аёлни учратганман. Кейин бу исм фақат исломий ҳам эмас. Жиҳод исмли христианларни ҳам учратишингиз мумкин.»

Жаноб Шошара ҳам 12 ёки 13 ёшида актер адаши танлаган йўлдан юрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jihad Shoshara
Image caption Жиҳод Иорданияга сафар пайти болакайни тиббий кўрикдан ўтказмоқда

"Мактабда ҳам, коллежда ҳам ўзимни Жей деб таништирар эдим. Бироқ асл исмимни яширмасдим ҳам. Шунчаки америкача исм билан камроқ муаммога дуч келар эдим."

У қачон ва қандай сабаб билан яна ўзининг асл исмига қайтганини ҳамон яхши эслайди.

«Эндигина университетни тамомлаган эдим. Ёзни болалар оромгоҳида тарбиячи бўлиб ўтказишим керак эди. Шундай қилиб, Висконсиндаги оромгоҳга бордим ва болалар ҳамда тарбиячиларга ўзимни таништира бошладим…»

"Салом. Исмим Жиҳод, лекин мени Жей деб чақиришинглар мумкин, дейишим билан болалар 'О, Жиҳод, зўр исм экан,' дейишди. Шунда 'Агар саккиз ёшли болалар бу исмни бемалол айта олса, нега мен ундан уялишим керак,' деб ўйланиб қолдим," ҳикоя қилади қаҳрамонимиз.

У исмим бегоналар билан суҳбат бошлашда зўр ёрдам беради, деб кулади.

Актер Жиҳод ҳам, шифокор Жиҳод ҳам фарзандларини зинҳор бу исм билан атамасликларини таъкидлайдилар.

Жиҳод Абду ўзини диндор ҳисобламайди, Жиҳод Шошара эса Исломга кучли эътиқод қилишга интилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jihad Shoshara
Image caption Болалар шифокори Жиҳод Шошара айтишича, ўзининг номи танишув суҳбатини бошлашнинг жуда зўр йўли

'Бу мусулмонча соқол эмас!'

Би-би-си билан суҳбатлашганларнинг энг ёши, 32 яшар Жиҳод Фадда исми туфайли ўз эътиқодидан совий бошлаган.

«Унчалик диндор одам эмасман. Диннинг ҳаётимда ўрни борлигини яхши ҳис қиламан, лекин унинг ўрни қай даражада бўлиши лозимлигини билолмай бошим гаранг.»

"Одамларга ўзимнинг шахсий танловларим ҳақида изоҳ беришни хушламайман. Кимдир: 'Мусулмон бўлганингиз учун ичмайсиз шекилли,' дейиши мумкин. Тўғри, ичмайман, аммо ичмаслик учун мусулмон бўлишим шарт эмас - балки бошқа сабабларим бордир."

Аслида Ғарбий Қирғоқнинг Наблус деган еридан бўлган Жиҳод Британияга етти йил олдин ўқиш учун келган. У ўзига бобосининг исмини қўйишганидан фахрланади. Исмингизни ўзгартирмайсизми, деган саволга «Йўқ,» деб жавоб беради.

Лондонда ҳозир 30 ёшлилар орасида тарқалган урф каби Жиҳод ҳам қалин соқол қўйган.

«Агар бирор мусулмон соқолимга қараса, бу исломий соқол эмаслигини биттада англайди. Мусулмонча соқолда мўйлов қўйилмайди,» дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jehad Fadda
Image caption Жиҳод Фадда "мени бобомнинг номи билан аташган", дейди. Шунинг учун ҳам исмининг қадрини баланд кўради

Баъзида мусулмонлар аэропортларда муаммога дуч келиши мумкин. Бироқ Жиҳод бундай қийинчиликка ҳали дуч келмаганман, дейди.

У аэропортларда арабча гапирмасликка интилади. Аёлининг ўранмаганлиги ҳам муаммолардан узоқроқ туришга ёрдам беради, деб ўйлайди.

Лекин у исмидан ташвишланмайдими?

«Агар аэропорт ёки жамоат жойларида йўқолиб қолсам, рафиқам ҳеч қачон исмимни айтиб чақирмайди,» кулади у.

У ҳолда Федда хоним турмуш ўртоғини қандай қилиб топиб олади?

«У исмим ўрнига лақаб ишлатади!»

Лақаб эса…

"Жу-Жу!" бақириб кулади жаноб Фадда. "Бўйим 1,82 метр, соқолим қалин. Хотиним эса ҳаммани олдида мени Жу-Жу, деб чақиради!"

Алоқадор мавзулар