Эрон Ислом республикасида рақс тушиш хатарлими?

Feranak Amidi at a party in Iran Фото муаллифлик ҳуқуқи Feranak Amidi
Image caption Ислом республикасида Феранак дўстлари билан рақс тушмоқда

Эронда Instagram юлдузининг беҳаёликни тарғиб қилиш айби билан ҳибсга олиниши Исломий республиканинг ахлоқий нормалари қанчалик қаттиққўл эканлигини яна бир кўрсатди. Би-би-си Жаҳон Хизматининг аёллар масалалари бўйича мухбири Феранак Амиди Эронда рақс тушганда қандай воқеа юз бергани ҳақида сўзлаб берди.

Мен 1980 йилларда Эронда вояга етганман. Бу давр 1979 йилдаги Исломий Инқилобдан сўнг кўпчилик эронликлар учун бошланган оғир ўзгаришлар даври эди.

Ахлоқ полицияси эндигина жорий қилинган, мусиқа, лаб ва тирноқ бўяш, ҳаттоки, ёрқин рангли кийимлар ҳам тақиқланган бир давр эди.

1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши даври, овқат чекланган, электр таъминотидаги узилишлар одатий ҳолга айланган бир вақт эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Feranak Amidi
Image caption DJ йигит қизлар базмида

Бироқ ўша рутубатли даврда ҳам кўчадаги ноқонуний «чайқовчилар»дан аудиокассета сотиб олиб, дўстлар билан рақсга тушганимизни яхши эслайман.

Чайқовчилар бизни ташқи дунё билан боғлаб турадиган ягона восита эди. Улар инқилобдан сўнг Эронни тарк этган поп-юлдузлар қўшиқларини бизга етказиб турар эдилар.

Айнан шу чайқовчилар шарофати билан илк бор Майкл Жексонни таниганмиз, брейк-денс каби янги йўналишлардан ўз вақтида бохабар бўлганмиз.

Мактабда имкон бўлиши билан рақсга тушардик. Оммавий жойларда рақсга тушиш тақиқланганига қарамай, ўқитувчи жойида йўқми - биз синфхонада қўшиқ куйлаб, ўйнай бошлардик.

Рақсга тушиш Эрон кодексларида жиноят сифатида таснифланмаган, аммо қонунлар қанчалик мужмаллигини ўзингиз яхши тушунасиз.

Эрон конституциясига кўра, жамоат жойида «беҳаё иш»га қўл уриш жиноят ҳисобланади. Шу сабабли жамоат жойида ижро этилган рақс уятсиз ҳаракат сифатида қайд этилиб, ижрочи(лар) жазога тортилиши мумкин.

Эрон саҳналарида фақат эркакларгагина рақс тушишга рухсат берилган.

Ижтимоий тармоқлар орқали "ахлоқсизликни тарқатиш ва тарғиб қилиш" ҳам жиноят сифатида кўрилади.

Тунги клублар ва барлар деярли йўқ бўлган Эронда дўстлар билан йиғилишлар, зиёфатлар рақс тушиш мумкин бўлган ягона жойга айланиб қолган, аммо бундай ўтиришларнинг ўзи ҳам техник жиҳатдан қонунга зиддир.

Инқилобдан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай «яширин» зиёфатлар урфга кира бошлади, аммо уларга барҳам бериш ҳалигача ҳеч кимнинг қўлидан келмаган.

Уларнинг аксарияти аслида оилавий зиёфатлар ёки тўйлар бўлади. Бироқ бундай йиғинлар, одатда, ёшларнинг бироз ичиб, мусиқа тинглайдиган ва рақсга тушадиган базмига айланиб кетади. Бундай одат мамлакат бўйлаб тез суръатда тарқалиб бормоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Feranak Amidi
Image caption Феранак

'Одамлар бақираётган эди'

Мен мактабни тамомлаган 1990 йиллар сўнггида Теҳронда яширин зиёфатлар ташкил қилиш авж ола бошлаган эди. Биз хориждаги таътилдан мусиқий техника ва CD дискларни яширинча олиб келар эдик.

Дам олиш кунларида эса кимнингдир ертўласи ёки дала ҳовлисида базм уюштирардик.

Бироқ бундай зиёфатларнинг кўпида полиция «кутилмаган» меҳмонга айланарди. Аксар дўстларим, жумладан, мен ҳам яширин зиёфатда иштирок этганимиз учун камида бир марта жазога тортилганмиз.

Агарда бу каби бирор зиёфат полиция рейди орқали бостирилиб, унда спиртли ичимликлар ҳам топилса, «жиноятчилар» тан жазосига тортилиши мумкин.

Мен шунчаки ҳордиқ чиқаргани учун 100 дарра саваланган кўплаб одамларни танийман.

Бир марта Теҳрондан бир соатча йўл наридаги Шемшакка бордим. У ерда зиёфат ташкилланаётган эди. Биз дам олиш ҳудуди бўлган Шемшакни зиёфатлари билан дунёга донғи кетган Ибиза курортига тақлидан "Шибиза" деб атардик.

Хона қоронғи, дискотекалардагидек шифтга ўрнатилган ўйноқи чироқ нурлари остидагина рақсга тушаётган одамларнинг шодон юзлари элас-элас кўзга ташланар эди.

Чироқ нури рақс майдонида турган соқолсиз нотаниш башарани бир зум ёритиб ўтди. Сўнг яна бир хўмрайган одам кўзимга ташланди.

Тўсатдан кимдир хона чироқларини ёқди. Одамлар бақирганча дуч келган томон қоча бошлади. Зиёфатни Басиж - кўнгилли хавфсизлик бўлинмаси жангарилари босган эди.

Уларнинг қўлларида тўқмоқлар ва қамчилар бор эди. Мен дўстларим билан ваннахонага қамалиб олдим. Ичкаридан аёлларнинг фарёди, эркакларнинг шафқат сўраб ялинишини эшитиб ўтирар эдик.

Тўс-тўполон бир соатча давом этди. Сўнг хонага сукунат чўкди.

Биз эшикни очиб, мўралаб кўрдик. Дўстларимиз хонанинг ҳар бурчида ерга тикилганча ўйга чўмган, кўзларидан ёш думалар эди.

Жангарилар уй эгасини ташқарида сўроқ қилаётгани қулоққа чалинар эди. Ярим соатлар ўтгандан сўнг у хонага кирди ва хурсанд ҳолда эълон қилди:

«Омадимиз келди! Уларнинг истаги фақат пул экан!»

Яна мусиқа жаранглай бошлади ва биз тонгга қадар рақсга тушдик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Feranak Amidi
Image caption Рақс

Янада айёрроқ

Рейдлар ва ҳибслар бизни ҳеч қачон базмларга боришдан тўхтата олмаган. Биз ҳукумат кўзини шамғалат қилиш учун янада айёрроқ усулларни ўйлаб топардик.

Полицияга пора берардик, машиналарни кўздан пана жойга яшириб қўярдик, базмга фақат дўстларимизни чақирар эдик. Эҳтиёткорлик йўлида қилинган бундай амалларнинг эса адоғи йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Feranak Amidi
Image caption "Бизни ҳеч нарса қўрқитмас эди..." - Feranak

Эрон аёллари ҳижобини ташлади – кейин нима бўлди?

Қамоққа тушишни истайсизми? Instagram да рақс тушинг!

Эрон янги мессенжер иловаси орқали «Америкага ўлим» демоқда

Ташқарига мусиқа овози чиқмаслиги учун деразаларни матрас билан ёпиб қўярдик.

Биз қилаётган ишимиз нотўғри эканлигига ишонмаганимиз ҳам учун базм уюштиришдан тўхтамаганмиз.

Бугун Эрон ёшлари жамият тартибларига қарши бош кўтармоқда, табуларни турли йўллар билан синдирмоқда. Ҳибсга олинган Instagram раққосаси Моида Ҳўжабрини қўллаб-қувватлаш ҳаракати ҳам ёшларнинг жорий кайфиятидан дарак беради.

Ҳукумат қанчалик бу кайфиятни бостиришга ҳаракат қилмасин, янада жасурроқ ёшлар жамиятдан ажралиб чиқаверади. Бир вақтлар яширинча рақс тушган бизнинг авлод каби уларни ҳам ҳеч нарса тўхтата олмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek