Россия-Америка: Путин билан учрашган Трамп Америкага "хиёнат"қилдими?

"Футболчилар" Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

16 июль куни Финландия пойтахти Ҳелсинки шаҳрида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг узоқ кутилган учрашуви бўлиб ўтди.

Икки президентнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтган икки соатлик суҳбатидан сўнг Доналд Трампнинг Россиянинг АҚШ президентлик сайловига аралашишига бирор асосли сабаб бўлмаган, деб таъкидлагани жаҳон матбуоти ва сиёсий доираларида шов-шувларга сабаб бўлди. Эслатиб ўтамиз, Россиянинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловида Доналд Трампнинг ютиб чиқиши учун турли йўллар билан таъсир ўтказганлиги тўғрисида биринчилардан бўлиб Америка хавфсизлик ва истихборот агентликлари иддао қилган эди.

Ҳозирда ушбу масала бўйича махсус комиссия текширув олиб бормоқда.

Жаноб Путин ҳам Россиянинг АҚШ ички ишларига аралашгани борасидаги даъволарни қатъиян рад этади.

Ҳелсинкида бўлиб ўтган саммитдан сўнг жаноб Трампдан сайловга аралашиш борасидаги иддаолар ҳақида гап кетганда ўз истихборот агентликларингизга ишонасизми ёки Россия президенти сўзларигами, деган савол сўралган.

«Президент Путин бу ишга Россиянинг алоқаси йўқ, демоқда. Мен ҳам бу ишда унинг қўли бўлиши мумкинлигига бирор сабаб кўрмаяпман,» деб жавоб берган президент Трамп.

АҚШ махфий хизматлари, хусусан, Федерал Қидирув Бюроси 2016 йилги сайловда Россия ҳукумати ижозати билан Ҳиллари Клинтон номзодига қарши кибер ҳужумлар кампаниясини ишга туширилган ва ижтимоий тармоқлар бўйлаб сохта хабарларни тарқатиб чиқилган, деган тугал хулосага келган.

АҚШ расмийлари қандай муносабат билдирмоқда?

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Пол Раян «жаноб Трамп Россия бизнинг иттифоқчимиз эмаслигини англаши шарт,» деб баёнот берган ва 2016 йилги сайловга Россиянинг таъсир ўтказганига «бирор шубҳа йўқ»лигини таъкидлаган.

«АҚШ ва бизнинг асосий қадриятларимиз, олий мақсадларимизга душманлик билан қарашда давом этаётган Россия ўртасида бирор ахлоқий тенглик йўқ,» дейилади жаноб Раяннинг баёнотида.

Республикачи сенатор Жон Маккейн душанба кунги ҳолатни АҚШ президенти томонидан «беҳаёларча амалга оширилган томоша» деб атаган.

«Шу вақтга қадар ўтган президентларнинг ҳеч бири бир золимнинг олдида бунчалик пасткашларча ялтоқланмаган эди,» дейди сенатор Маккейн ўз баёнотида.

Яна бир республикачи сенатор Линдсей Греҳем «Россияни 2016 йилги сайловга аралашгани учун жавобгар қилиш имконияти йўққа чиқди,» деб ёзади ўзининг Twitter саҳифасида.

НАТОнинг Америкадан тили қисиқми?

Клинтон ва Трамп: Россия ва Путин ҳақида

Трампломатия: Трамп дунёни хатарлироқ қилдими?

Трамп: "Саммитда Путин ва мен яхши гаплашдик"

АҚШ Миллий истихборот директори Ден Коатс ҳам президент Трампнинг Ҳелсинкидаги сўзларига нисбатан алоҳида баёнот бериб, мамлакат махфий хизматлари ҳамжамияти Россиянинг Америка демократиясини пароканда қилиш йўлида «ҳануз давом этаётган ва кенг томир отиб бораётган уринишлари»дан яхши бохабар эканлигини маълум қилган.

Президент Трамп бундай сўзларга Twitter орқали қуйидагича жавоб қайтарган: "Истихборот йўлида хизмат қилаётганларга бўлган ишончим юксак. Шунингдек, мен ёрқин келажакни бунёд этиш йўлида фақатгина ўтмишни ковлаб ўтириш мумкин эмаслигини ҳам яхши англайман - дунёнинг икки йирик ядро қудратига эга давлати сифатида биз бирга қадам ташлашимиз зарур."

Вице-президент Майк Пенс эса саммитни ҳимоя қилиб чиқиб, президент Трамп ҳаракатларини олқишлаган.

'Ҳаммамиз бирдек айбдормиз'

Президент Путин билан юзма-юз суҳбатдан бир неча соат аввал Доналд Трамп Twitter саҳифасида икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик совуқ муносабатларнинг юзага келишига АҚШнинг "аҳмоқгарчилиги"ни сабаб қилиб кўрсатган эди.

Саммитдан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида эса ушбу твити борасида изоҳ бериши сўралган Трамп алоқалар ёмонлашишида икки томон ҳам айбдор эканлигини таъкидлаб ўтган.

Президент Трамп ва унинг тарафдорлари саммитни йирик ядро қудратига эга икки давлат ўртасидаги муносабатларни қайта тиклаш йўлида юзага келган имконият сифатида кўрадилар.

«Республикамизнинг илк кунларидан бошлаб Америка етакчилари дипломатия зиддият ва душманликдан устун эканлигини англаб етишган,» дейди жаноб Трамп.

Президент Путин ҳам Доналд Трамп сўзларини қўллаб-қувватлаб, саммитни алоқаларни илиқлаштириш йўлида қўйилган «илк муҳим қадам» деб баҳолаган.

Саммит бирор сезиларли натижасиз якунланган бўлсада, икки раҳбар ҳали яна кўплаб бундай дўстона учрашувлар бўлишини таъкидлаганлар.

Бироқ Америкада акс-садо бераётган кескин муносабатлар ҳисобга олинса, президент Трамп учун Россия билан бўлажак алоқалар ўзанини йўлга қўйиш осон кечадиган кўринмайди. Саммитдан сўнг Америкада президентга қарши ички сиёсий норозилик кучайиб кетиши мумкин, демоқда таҳлилчилар.

Ҳолбуки, президент Трампнинг миллий махфий хизматлар билан алоқаси аллақачон совуқлашиб бўлди.

Бундан ташқари Европадаги иттифоқчилар ҳам Трамп-Путин саммитидан норози. Шундай экан, ҳозирча АҚШ-Россия алоқаларининг қай йўсинда ривожланишини олдиндан башорат қилиш мушкул.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek