Америка бир томон, Россия бир томон: Cуриянинг туганмас уруши қачон тугайди?

Дамашқ эски шаҳар қисмидаги дўкон Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоаларнинг байроқларини сотмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Дамашқ эски шаҳар қисмидаги дўкон Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоаларнинг байроқларини сотмоқда

Дамашқ Суриянинг бошқа шаҳарларига ўхшамайди. Шаҳар марказига сўнгги етти йиллик уруш давомида вайронага айланган пойтахт теграсидаги ҳудудлардан фарқли ўлароқ деярли шикаст етмаган.

Бироқ Дамашқда турган одам атрофда уруш давом этаётганини яхши ҳис қилади: чет ҳудудларга кундалик ёғиладиган бомбалар овозини бемалол эшитиш мумкин.

Бироқ исёнчиларнинг Дамашқ четидаги энг йирик қароргоҳи - Шарқий Ғутанинг қулашидан сўнг кўп нарса ўзгарган.

Одамларнинг фикру ҳаёли ҳамон урушда. Ҳозирда урушнинг асосий ўчоғи жанубга - Иордания чегараси ва 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Гўлан Тепалиги томон сурилган.

Эски шаҳарнинг христианлар яшайдиган мавзеси жин кўчаларга тўла. Дўконлар ва ресторанлар мижозлар билан гавжум. Шаҳарликлар барларга ўрнатилган каттакон экранларда Жаҳон Чемпионати ўйинларини қолдирмай томоша қилдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Дамашқдаги кафелар Жаҳон чемпионати ўйинларини кўрсатмоқда

Бироз вақт олдин исёнчилар назорати остида бўлган Шарқий Ғута Сурия армияси ва унинг иттифоқчилари ҳамда Россия томонидан кучли ўққа тутилган эди.

Ҳозирда расмий рухсатнома ва ҳарбийлар ҳамроҳлигида Шарқий Ғута харобаларини бориб кўриш мумкин. Ҳаммаёқ вайрон бўлган.

Жангларнинг асосий қисми бўлиб ўтган ҳудудлар ҳоли янада абгор. Бетондан кўтарилган 5-6 қаватли уйлар устига миномёт ўқлари ёғганидан деворлар ва томлар илма-тешик бўлган.

Шарқий Ғутадаги асосий қуролли гуруҳ бўлмиш Жаиш ал-Ислом тоннеллардан иборат бир қанча ерости қароргоҳларни яратган. Тоннелларнинг аксарияти уйларнинг ертўласига олиб чиқади. Гуруҳ қурувчиларининг маҳоратига қойил қолмай илож йўқ. 2011 йилдан бери ўққа тутиладиган ушбу шаҳарда фақатгина шу ерости йўлларига зарар етмаган.

Баъзи тоннеллар шунчалик каттаки, улар ичидан ўртача катталикдаги юк машинасини ҳайдаб ўтиш мумкин. Жанг авжига чиққан вақтларда ярадорлар олиб келинган ерости касалхонаси ҳамоқ очиқ. Бироқ эндиликда унда Сурия ва Россия байроқлари ҳилпираб турибди. Бугунги кунда касалхонада миналаштирилган ҳудудларга кириб қолган болалар даволанмоқда.

Image caption Шарқий Ғутада қурилган тоннеллардан бири

Жаиш ал-Исломнинг Сурия ва Россия қуролли кучлари қаҳрига кучи етмади. Сўнгги бир неча йилда Суриядаги қуролли тузилмаларнинг аксарияти ташқаридан келадиган дастакдан маҳрум бўлди.

Урушнинг илк йилларида АҚШ, Британия, шунингдек, Туркия, Саудия Арабистони ва Қатар Ассад режимини ағдаришга ҳаракат қилаётган исёнчиларни, турли даражада, дастакладилар. 2015 йилда Россия ўйинга қўшилгандан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетди.

Шарқий Ғута остидаги тоннелларни ковлаган жангчилар ғалабадан умид қилган эди. Бироқ улар бунинг уддасидан чиқа олмади. Шарқий Ғута ва Дамашқ атрофидаги бошқа исёнчи ҳудудларнинг қулашидан сўнг Ассад режими енгилмас махлуққа айланди.

Етти йиллик уруш давомида дунёдан деярли узиб қўйилган президент Ассад ва унинг генералларининг қўли баланд кела бошлади.

Ҳукумат ҳозирда эътиборини мамлакат жанубида фаол бўлган исёнчиларга қаратган. Айнан жанубий шаҳар Дарада 2011 йили намойишларнинг илк тўлқини бошланган эди. Шамол ҳалигача ўша кунларда одамлар қўлда кўтариб юрган варақаларни шаҳар кўчалари бўйлаб учириб юради.

БМТ келтирган рақамларга кўра, камида 270,000 одам жанглар туфайли ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Улар на Иорданияга, на Ғолан Тепалиги ҳудудига кира олади. БМТ ва Қизил Хоч Халқаро Қўмитаси бу одамларнинг ҳаёти хавф остида қолаётганидан бонг урмоқда.

Бугунги кунда Сурия армияси исёнчиларни кучли босим остида сулҳ тузишга мажбурлаш тактикасини қўлламоқда.

Йиллар давомида ҳукуматга қарши курашиб келган баъзи гуруҳлар таслим бўлишдан бошқа чора тополмаган. Бошқалари жангни давом эттириш ниятида. Бироқ улар руслар томонидан дастакланаётган Сурия қўшинининг босимига яна қанча дош бериши номаълум.

Президент Ассад душманларидан деярли қутилиб бўлганига ишонади. Бироқ у Суриянинг маълум қисмларида турган Туркия, АҚШ ва унинг иттифоқчилари қуролли кучларига қарши чиқишга ботина олмайди.

2011 йил март ойида Дара кўчаларига чиққан намойишчилардан иборат эканлигини иддао қиладиган қуролли гуруҳлар сўнгги жангларни бошдан кечирмоқда.

Қон тўкишлар, уруш, вайрона шаҳарлар сурияликлар ҳаётини барбод қилишда давом этаверади. Ассад режимининг яшаб қолиш учун кураши эса деярли ниҳоясига етди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek